Юртимиз азалдан илм-маърифат, маънавият ва маърифий тафаккур ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар ватани сифатида дунёга танилган. Айниқса, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан муҳаддислар, фақиҳлар ва муфассирлар қолдирган бой илмий мерос нафақат халқимизнинг, балки бутун ислом олами ва жаҳон цивилизациясининг маънавий бойлиги ҳисобланади. Ушбу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш ва улар қалбида аждодларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Айниқса, қадимий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳри асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бири сифатида жаҳонга машҳур бўлиб келган. Бу муқаддас заминда шаклланган илмий ва маънавий муҳит кўплаб буюк алломаларнинг камол топишига замин яратган. Бугунги кунда ҳам Бухоро ўзининг бой тарихий мероси, илмий анъаналари ва маърифий салоҳияти билан Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини намоён этиб келмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида Мир Араб олий мадрасасида буюк муҳаддис, ҳадис илмининг султони Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳаёти, илмий фаолияти ва бой маънавий меросига бағишланган махсус Имом Бухорий хонаси ташкил этилди.
Мазкур маърифий масканнинг ташкил этилиши Олий мадрасада таҳсил олаётган талабаларнинг буюк аждодларимиз илмий меросини янада чуқурроқ ўрганишлари, ҳадис илмига бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ушбу ташаббус Бухоронинг кўп асрлик илм-маърифат анъаналарини давом эттириш ва уларни келажак авлодга етказиш йўлидаги амалий қадамлардан биридир.
Имом Бухорий ҳазратлари бутун ислом оламида юксак эътироф этилган буюк аллома бўлиб, у зотнинг ҳаёти ва илмий фаолияти илм йўлидаги фидойилик, сабр-тоқат, мустаҳкам хотира ва юксак масъулиятнинг ёрқин намунасидир. Алломанинг энг машҳур асари бўлган «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асари асрлар давомида мусулмон уммати учун энг муҳим ҳадис манбаларидан бири сифатида қадрланиб келмоқда.
Бугунги кунда Имом Бухорийнинг бой илмий мероси нафақат мусулмон мамлакатларида, балки халқаро илмий ва маърифий доираларда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан алломанинг ислом илмлари, жумладан, ҳадис илми тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилади. У зотнинг асарлари турли тилларга таржима қилиниб, дунёнинг кўплаб илмий ва таълим муассасаларида ўрганилиши Имом Бухорий меросининг умуминсоний аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Бу эса Ўзбекистоннинг буюк алломалари орқали жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини янада кенг намоён этади.
Ташкил этилган хонада Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёт йўли, илм талабида қилган сафарлари, устозлари, шогирдлари, ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси ва асарлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган. Бу эса талабаларга алломанинг илмий фаолиятини фақат назарий жиҳатдан эмас, балки тарихий ва маънавий нуқтаи назардан ҳам англашга ёрдам беради.
Айниқса, Олий мадраса талабалари учун бундай маърифий масканнинг аҳамияти беқиёсдир. Чунки бугунги кунда диний таълим олаётган ёшлар нафақат замонавий билимларни эгаллаши, балки ислом илмлари тарихини, буюк муҳаддис ва уламоларнинг илмий меросини ҳам пухта ўзлаштириши лозим. Имом Бухорий хонаси талабалар учун мустақил мутолаа қилиш, қўшимча маълумотлар олиш, илмий изланишлар олиб бориш ва ўз билимларини бойитишга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур хонада талабалар иштирокида маърифий суҳбатлар, давра суҳбатлари, илмий-маърифий учрашувлар ва Имом Бухорий меросига бағишланган турли тадбирларни ташкил этиш учун ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Бундай тадбирлар орқали талабалар буюк алломанинг илмга бўлган садоқати, ҳадисларни ўрганиш ва ривоят қилишдаги юксак масъулияти, ҳақиқат ва ишончлиликка интилиш каби фазилатларидан ибрат оладилар. Зеро, Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳар бир илм толиби учун катта ибрат мактабидир. У зотнинг бутун умрларини илм ўрганиш, ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ишончлилигини аниқлашга бағишлаганлари бугунги ёш авлодни ҳам илм йўлида ғайратли, сабрли ва масъулиятли бўлишга ундайди.
Олий мадраса талабалари учун яратилган бундай имкониятлар уларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, келгусида етук мутахассис ва малакали илм аҳли бўлиб камол топишларига замин яратади. Айни пайтда, Бухорода бундай маърифий ташаббусларнинг амалга оширилиши шаҳарнинг тарихий илм-фан маркази сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга, Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Мир Араб олий мадрасасида Имом Бухорий илмий меросига бағишланган махсус хонанинг ташкил этилиши — буюк аждодларимиз хотирасига юксак эҳтиром, илм-маърифатга бўлган эътибор ва келажак авлод маънавиятини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бундай эзгу ташаббуслар орқали Бухоро шаҳрининг асрий маърифий анъаналари давом эттирилиб, Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси янада кенг намоён бўлади. Зеро, Имом Бухорий каби буюк алломалар мероси фақат бир халқ ёки миллатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий бойлигидир. Ушбу меросни асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш эса барчамизнинг муҳим маърифий вазифамиздир.
Азамат Хакимжонов
Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими
