ЁМОН ЁРДАН ИЛОНДАН ҚОЧГАНДЕК ҚОЧ
Muallif: . .
Sana: 07.11.2026
50

Инсон ким билан ўтирса, ўшанинг ранги унга юқади. Дўст танлаш шунчаки дид масаласи эмас, балки дин ва охират масаласидир. Мавлоно Жалолиддин Румийга нисбат бериладиган қуйидаги тўрт мисра шу ҳақиқатни ажиб бир ташбеҳ билан баён қилади:

То тавонӣ бигрез аз ёри бад,
Ёри бад баъдтар бувад аз мори бад.
Мори бад танҳо туро барҷон занад,
Ёри бад бар ҷону бар имон занад.

“То тавонӣ бигрез аз ёри бад”, яъни “Қўлингдан келганча ёмон ёрдан қоч”. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ، فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ

“Киши дўстининг динида бўлади. Бас, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин” (Абу Довуд, Термизий ривояти). Дўст инсоннинг эътиқоди ва йўлини белгилар экан, ёмондан узоқлашиш ихтиёрий эмас, балки зарурат бўлади.

“Ёри бад баъдтар бувад аз мори бад”, яъни “Ёмон ёр ёмон илондан ҳам баттардир”. Илоннинг зарари кўриниб туради, ундан ҳамма қочади. Ёмон ҳамроҳнинг зарари эса табассум ва ҳамдардлик ортида яширинган бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни шундай тасвирлаганлар: “Солиҳ ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк кўтарувчи ва темирчи босқонини пуфловчига ўхшайди. Мушк кўтарувчи ё сенга ундан ҳадя қилади, ё сен ундан сотиб оласан, ёки ундан хушбўй ҳид топасан. Босқон пуфловчи эса ё кийимингни куйдиради, ёки ундан бадбўй ҳид топасан” (Бухорий, Муслим ривояти). Демак, ёмон ҳамроҳ ёнида ҳеч бўлмаганда кийимни куйдирадиган учқун ва бадбўй ҳиддан қутулиб бўлмайди.

“Мори бад танҳо туро барҷон занад”, яъни “Ёмон илон фақат жонингга зарба беради”. Илон чақса, бу дунёдаги ҳаётга хатар солади. Аммо бу ҳаёт эртами-кечми барибир тугайдиган омонатдир. Аллоҳ таоло айтади:

كُلُّ نَفۡسٖ ذَآئِقَةُ ٱلۡمَوۡتِۗ وَإِنَّمَا تُوَفَّوۡنَ أُجُورَكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۖ فَمَن زُحۡزِحَ عَنِ ٱلنَّارِ وَأُدۡخِلَ ٱلۡجَنَّةَ فَقَدۡ فَازَۗ وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَآ إِلَّا مَتَٰعُ ٱلۡغُرُورِ

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас”. (Оли Имрон, 185). Ҳақиқий ютуқ ва ҳақиқий йўқотиш охиратдадир.

“Ёри бад бар ҷону бар имон занад”, яъни “Ёмон ёр эса ҳам жонга, ҳам иймонга зарба беради”. Бунинг энг аччиқ мисоли Абу Толибнинг ўлим тўшагидаги ҳолидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ёнига келиб: “Эй амаки, “Ла илаҳа иллаллоҳ” денг, шу калима билан Аллоҳнинг ҳузурида сиз учун гувоҳлик бераман”, дедилар. Ёнида ўтирган Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя эса: “Абдулмутталибнинг динидан юз ўгирасанми?” деб уни қўймадилар. Охири Абу Толибнинг сўнгги сўзи “Абдулмутталибнинг динидаман” бўлди (Бухорий, Муслим ривояти). Ёмон ҳамроҳлар энг ҳал қилувчи лаҳзада ҳам инсонни иймон калимасидан тўсиб қолди.

Хулоса шуки, илондан қутулиш осон, чунки унинг хатари кўриниб туради. Ёмон дўстдан эса огоҳлик ва ирода билангина қутулиш мумкин. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Дўстлар у кунда бир-бирларига душмандирлар, фақат тақводорлар бундан мустаснодир” (Зухруф, 67-оят). Аллоҳ барчамизга солиҳ ҳамроҳлар насиб этсин.

Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби, “Болои Ҳовуз” масжиди имом-хатиби
БухДУ исломшунослик йўналиши магистранти

. .