УСТОЗГА ЭҲТИРОМ — УЛУҒ ҚАДРИЯТ
Muallif: . .
Sana: 30.09.2026
52

Ҳар йили юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни илм-маърифат, таълим-тарбия ва устозлик касбига бўлган юксак эҳтиром ифодаси сифатида кенг нишонланади. Зеро, инсон камолотида устознинг ўрни беқиёс. Устоз нафақат билим беради, балки шогирдининг қалбига эзгулик, одоб, масъулият, меҳнатсеварлик ва Ватанга муҳаббат каби юксак фазилатларни сингдиради. Халқимиз азалдан устозларни эъзозлаб, уларнинг меҳнатларини қадрлаб келган. “Устоз — отангдек улуғ” деган ҳикматда ҳам ана шу юксак эҳтиром мужассам. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлида унга билим берган, тўғри йўл кўрсатган ва ўз тажрибаси билан ибрат бўлган устозининг муносиб ўрни бор.

Таълим-тарбия жараёнида ҳар бир устоз ва мураббийнинг ўзига хос ўрни бор. Хусусан, диний таълим йўналишида фаолият юритаётган ўқитувчи ва мураббийлар ёшларга чуқур билим бериш билан бир қаторда, уларнинг маънавий дунёқараши, одоб-ахлоқи ва эзгу фазилатларини шакллантиришда муҳим ўрин тутадилар. Улар илм олишга интилиш, устозга ҳурмат, каттага эҳтиром, кичикка иззат, ҳалоллик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришга муносиб ҳисса қўшадилар. Зеро, таълим инсонга билим берса, тарбия ана шу билимни эзгу мақсадлар йўлида қўллашга ўргатади. Бу икки муҳим жараённи уйғун ҳолда олиб боришда устоз ва мураббийларнинг меҳнати беқиёсдир. Айниқса, ёш авлодни маънавий етук, билимли, одобли ва жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар этиб тарбиялашда устозларнинг ҳар бир сабоғи, насиҳати ва шахсий намунаси муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, Мир Араб олий мадрасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги хизматлари алоҳида эътирофга муносиб. Қадимий илм-маърифат анъаналарини давом эттириб, ёшларга билим бериш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва илмга бўлган қизиқишини янада оширишда устозларнинг ҳиссаси катта.

Мир Араб олий мадрасаси устозлари ўзларининг бой билим ва тажрибалари билан шогирдларга сабоқ бериб, уларни мунтазам изланишга, илм ўрганишга ва ўз устида ишлашга ундайдилар. Дарс жараёнида берилган билимлар билан бир қаторда, ҳаётий тажриба, одоб-ахлоқ ва инсоний фазилатларга оид насиҳатлар ҳам шогирдлар камолида муҳим ўрин тутади.

Устоз меҳнати самараси бир кунда ёки бир йилда намоён бўлмайди. Унинг берган билими, кўрсатган йўл-йўриғи ва билдирган самимий насиҳати шогирд қалбида узоқ йиллар давомида яшайди. Бугун устоздан таълим олаётган ёшлар эртага ўз билим ва салоҳияти билан жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллайдилар. Шу боис ҳар бир устознинг меҳнати келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор, десак муболаға бўлмайди.

Устозга ҳурмат — илмга ҳурмат, илмга ҳурмат эса маърифат ва тараққиётга ҳурматдир. Шунинг учун ҳам устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларга муносиб эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг эзгу бурчимиздир.

Шу муносабат билан Мир Араб олий мадрасасининг барча устоз ва мураббийларини, шунингдек, юртимизда фаолият юритаётган барча фидойи устоз ва мураббийларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этамиз!

Сизларга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оилавий хотиржамлик, қалб хотиржамлиги ва шарафли меҳнатингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз. Илм йўлидаги фидокорона хизматларингиз, шогирдларга бераётган билим ва тарбиянгиз доимо юксак қадр топсин.

Азиз устоз ва мураббийлар!

Сизларнинг меҳрингиз, сабр-тоқатингиз, билим ва тажрибангиз шогирдлар учун доимо ибрат мактаби бўлиб қолаверади. Сизларнинг энг катта ютуғингиз — илмли, одобли, маънавий етук ва эзгу мақсадлар сари интиладиган шогирдларингиздир.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устоз ва мураббийлар! Илмингиз зиёли, қалбингиз хотиржам, меҳнатингиз баракали, шогирдларингиз камоли ва ютуқлари эса сиз учун энг улуғ мукофот бўлсин!

Азамат Хакимжонов
Мир Араб олий мадрасаси Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлими ходими

. .