Масжидлардаги ваъз-насиҳатларда, илмий давралардаги суҳбатларда мусулмонларнинг бир-бирига хайрихоҳ бўлиши, Аллоҳ ва Расулига муҳаббат қўйиши, ғазабни ичига ютиши, кечиримли ва бағрикенг бўлиши ҳақида кўп гапирилади. Аммо кўпинча инсонлар масжиддан ёки илм мажлисидан чиқиши билан фикрлари яна тарқоқлашиб, қалбларига бўлиниш кириб, нафс ва турли иғволар сабаб кўнгилларида яна ғубор пайдо бўла бошлайди. Чунки гўзал ахлоқ ва юксак фазилатлар шунчаки гап билан барпо бўлмайди. Улар қалбда шаклланиши, инсоннинг дунёқарашига айланиши ва кундалик ҳаётида намоён бўлиши керак.
Исломдан аввал Мадинада яшаган Авс ва Хазраж қабилалари узоқ йиллар давомида ўзаро адоватда яшаб, бир-бирига қарши қонли жанглар олиб боришган эди. Уларни бирлаштирган нарса шунчаки насиҳат эмас, балки Ислом эди. Улар иймоннинг масъулиятини англаб, Қуръон руҳиятини қалбларида қарор топтириб, Аллоҳга чин дилдан итоат этганларидан кейингина бир-бирларига хайрихоҳ, меҳрибон ва биродар бўла олдилар. Улардаги улфатнинг ана шу яширин сирини Қуръони карим шундай баён қилади: “У Уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги барча нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди”. Демак, қалбларни ҳақиқий маънода бирлаштирадиган Зот – Аллоҳ таолодир. Аммо бу улфатнинг сабаблари йўқ, дегани эмас. Инсон ўз қалбини ислоҳ қилиб, Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси эканини ҳис қилиши, зиммасидаги масъулиятни англаб етиши ва ўз биродарига ҳам Аллоҳнинг бандаси сифатида қараши лозим.
Қачонки жамият аъзоларининг ҳар бири ўзини Аллоҳнинг бандаси деб ҳис қилиб, зиммасидаги масъулиятни чин дилдан адо этишга интилса, Аллоҳ уларнинг қалбларига улфат, меҳр-оқибат ва ўзаро ишончни солади. Шунда тарқоқ қалблар бирлашади, бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган ва ҳимоя қиладиган мустаҳкам жамоага айланади. Ўзаро адоват ўрнини муҳаббат, гумон ўрнини ишонч, ёлғизлик ўрнини биродарлик эгаллайди. Шунинг учун бизга фақат кўп насиҳат эшитишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ҳар бир эшитган насиҳатимиз қалбимизда бир ўзгаришга сабаб бўлиши керак. Қуръон фақат тилимизда тиловат қилинадиган Китоб эмас, балки қалбимизни тарбиялайдиган дастурга айланиши лозим.
Агар ҳар биримиз ўз қалбимизда Қуръоний руҳиятни барпо этмасак, ташқи кўринишдаги бирлик узоққа бормайди. Зеро, қалблар ислоҳ қилинмас экан, жамиятнинг ислоҳ бўлиши ҳам қийин. Азизлигимизни сақлаб қолиш ҳам, тарқоқлик ва хорликдан омон қолиш ҳам аввало қалбларимизни ислоҳ қилишимизга, унда Қуръоний руҳиятни шакллантиришимизга боғлиқ.
Муҳаммад Мустафо Рўзметов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
