ҚАЛБ ПОКЛИГИ ВА ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК ХАВФИ
Muallif: . .
Sana: 19.06.2026
17

Инсон ҳаётида ташқи кўриниш, мол-мулк ва мавқе муҳим ҳисобланиши мумкин. Бироқ Ислом таълимотида инсоннинг ҳақиқий қадри унинг қалби, нияти ва ахлоқи билан белгиланади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда мўмин кишининг нафақат ташқи қиёфаси, балки ички дунёси ҳам пок бўлиши лозимлиги қайта-қайта таъкидланган.

Бугунги кунда жамиятимизда ташқи маданиятга катта эътибор берилаётган бир пайтда қалб тарбияси, самимият, ихлос ва яхши хулқ масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки инсоннинг ҳақиқий гўзаллиги унинг ташқи кўринишида эмас, балки қалби ва ахлоқида намоён бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига ва Расулига нозил қилинган китобга иймон келтиринглар»[1], деб марҳамат қилади.

Уламолар ушбу оятни шарҳлар эканлар, бу ерда тил билан иймон келтирган кишиларга қалб ва амал билан ҳам иймонни мустаҳкамлаш амри борлигини таъкидлайдилар. Демак, ҳақиқий иймон инсоннинг бутун ҳаётига таъсир қилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга ва молларингизга қарамайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга қарайди».

Ушбу ҳадис мусулмоннинг ҳаётидаги энг муҳим мезонни белгилаб бермоқда. Инсон ташқи жиҳатдан чиройли, бой ёки обрўли бўлиши мумкин. Аммо қалбида кибр, ҳасад, адоват ва мунофиқлик бўлса, бу фазилатлар уни Аллоҳ наздида юксалтирмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

— Одамларнинг энг афзали ким? — деб сўралганда:

«Қалби пок ва тили ростгўй бўлган киши», деб жавоб берганлар.

Саҳобалар қалби пок инсон қандай бўлишини сўраганларида у зот:

«У тақводор ва тоза қалбли бўлиб, унда гуноҳ, зулм, ҳасад ва адоват бўл майди», деганлар.

Бу ҳадисдан маълум бўладики, мусулмоннинг асосий вазифаларидан бири қалбини доимий равишда поклаб боришдир. Чунки тилдаги ёмонликларнинг аксарияти қалбдаги иллатларнинг натижасидир.

Ислом ахлоқида қаттиқ қораланган хислатлардан бири иккиюзламачиликдир. Қуръони каримда баъзи инсонлар ҳақида:

«Унинг дунё ҳаёти ҳақидаги гаплари сени ҳайратга солади. Қалбидагисига Аллоҳни гувоҳ қилади. Ҳолбуки, у энг қаттиқ душмандир»[2], деб таъриф берилган.

Бундай инсон ташқи томондан яхши кўринади, ширинсухан бўлади, ўзини тақводор қилиб кўрсатади. Аммо унинг қалбида адоват, манфаатпарастлик ва риё яширинган бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг энг ёмони иккиюзламачидир. Буларнинг олдига бир юз билан, бошқаларнинг олдига бошқа юз билан келади»,деб марҳамат қилганлар.

Иккиюзламачилик жамиятда ишончни йўқотади, фитна ва низоларга сабаб бўлади. Шунинг учун уламолар мусулмон кишини ташқи ва ички ҳолати бир хил бўлишга чақирганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ наздида энг ёмон инсон — ўта ашаддий хусуматчи кимсадир», деб марҳамат қилганлар.

Баъзи инсонлар кичик келишмовчиликни катта адоватга айлантириб юборадилар. Улар кечиримли бўлиш ўрнига доимо тортишув ва жанжал излайдилар. Бу эса оила, маҳалла ва жамиятда тинчликнинг бузилишига олиб келади.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг ҳузурига биродари узр сўраб келса, ҳақ бўлсин ёки ноҳақ бўлсин, унинг узрини қабул қилсин», деб таълим берганлар.

Бу кўрсатма мусулмон жамиятида меҳр-оқибат ва бирдамликни сақлаш учун жуда муҳимдир. Чунки кечиримлилик қалбни поклайди, адоват эса қалбни қорайтиради.

Шаъбон ойининг ярми ҳақидаги машҳур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло барча махлуқотларига назар қилади ва ҳаммаларини мағфират қилади, фақат мушрик ва мушоҳин (адоват сақловчи) бундан мустаснодир», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадис қалбда сақланган нафрат ва гина-кудуратнинг нақадар хавфли эканини кўрсатади. Ширк Аллоҳнинг ҳаққига тажовуз бўлса, адоват бандаларнинг ҳаққига тажовуздир.

Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ: «Қалбини нафрат ва адоватдан покламаган инсоннинг амаллари Аллоҳга кўтарилмайди», деб таъкидлаган.

Шунинг учун мусулмон киши қалбини ҳасад, нафрат ва кек сақлашдан муҳофаза қилиши керак.

Ислом инсондан ташқи кўринишни ҳам, ички дунёни ҳам ислоҳ қилишни талаб қилади. Кийимнинг поклиги қанчалик муҳим бўлса, қалбнинг поклиги ундан ҳам муҳимдир. Иккиюзламачилик, жанжалкашлик, адоват ва фаҳш сўзлаш каби иллатлар инсонни Аллоҳнинг муҳаббатидан узоқлаштиради.

Мўмин киши доимо ўз қалбини тафтиш қилиб туриши, биродарларига нисбатан кек сақламаслиги, узрни қабул қилишга одатланиши ва одамларга яхшилик қилишга интилиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

«Аллоҳ бир бандасига яхшиликни ирода қилса, ўлимидан олдин уни солиҳ амалга муваффақ қилади».

Аллоҳ таоло қалбларимизни ҳасад, адоват ва иккиюзламачиликдан поклаб, бизларни солиҳ амаллар билан ҳаётимизни якунлайдиган бандаларидан қилсин. Омин.

Жамол Мавлонов
“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассаса мударриси



[1] Нисо, 136

[2] Бақара, 204

. .