XIX–XX асрларда Ҳиндистон ва Ҳижоз ўртасидаги илмий алоқалар ривожланди. Бу даврда Ҳиндистондан кўплаб уламолар Макка ва Мадинага кўчиб бориб, у ерда таълим ва иршод ишларини олиб борганлар. Ана шундай уламолардан бири Шайх Муҳаммад Абдулҳақ Илоҳободий (1836–1914) бўлиб, у Ҳижозда ярим асрдан ортиқ вақт давомида фаолият юритган машҳур ҳанафий-мотуридий олимлардан саналади. Унинг илмий мероси, айниқса “Мадорик ат-Танзил” тафсири (Тафсири Насафий)га ёзган “Ал-Иклил” номли ҳошияси исломий илмлар тарихида муҳим аҳамият касб этади.
Шайх Муҳаммад Абдулҳақ Ҳиндистоннинг Илоҳобод шаҳри атрофида жойлашган Ниван қишлоғида туғилган. У ёшлик давридан илм талаб қилишга киришиб, даврининг машҳур уламоларидан таълим олган. Унинг дастлабки устозларидан бири Мавлоно Туроб Али Лакнавий бўлиб, у ҳинд ҳанафий уламолари орасида катта нуфузга эга эди. Шу устоз ҳузурида шайх Муҳаммад Абдулҳақ ҳанафий фиқҳи, араб тили ва анъанавий мадраса дастури ҳисобланган “Дарси Низомий” илмларини мукаммал ўрганди. Кейинчалик у тасаввуф йўлига кириб, Мавлоно Абдуллоҳ Куркҳабурийга байъат берди ва руҳий тарбия олди.
Илмий сафарлар доирасида у Деҳли шаҳрига бориб, у ерда Мавлоно Қутбиддин ад-Деҳлавий ва бошқа уламолардан ҳадис, тафсир ва бошқа нақлий илмларни ўрганди. Шу тариқа у анъанавий исломий таълимнинг юқори босқичларини тугатиб, ҳадис ва бошқа илмлар бўйича ижозатлар олди. Кейинчалик илм талабидаги сафарини давом эттириб, тахминан 1866 йилларда Маккага борди. Маккада у машҳур олим Шайх Абдулғаний ибн Аби Саид ал-Умарийдан таълим олди ва ундан ҳадис бўйича ижозат олди. Кўп ўтмай ўзи ҳам дарс бериш ва талабаларни тарбиялаш ишларига киришди. У тахминан эллик йил давомида Маккада яшаб, талабаларга таълим бериш, ижозатлар бериш ва руҳий тарбия билан машғул бўлди. Шу давр мобайнида у Ҳиндистондан келган ҳожилар ва талабалар орасида жуда машҳур бўлиб кетди. Айниқса у “Далоил ал-хайрот” китоби бўйича ижозат бериш билан танилгани сабабли “Шайх ад-Далоил” номи билан машҳур бўлган.
Шайх Абдулҳақ Илоҳободий илмий жиҳатдан ҳанафий-мотуридий мактабига мансуб бўлиб, бу мактаб XIX асрда Ҳиндистон мусулмонлари орасида кенг тарқалган эди. У фиқҳда Имом Абу Ҳанифа мазҳабига, ақидада эса Имом Абу Мансур Мотуридий таълимотига амал қилган. Шунингдек, у сунний тасаввуф анъанасига мансуб бўлиб, илм ва руҳий тарбияни бир-биридан ажралмас деб билган уламолардан эди.
Унинг илмий фаолияти натижасида кўплаб талабалар ундан таълим ва ижозатлар олган. Улар орасида Мавлоно Муҳаммад ибн Исмоил ас-Синдий, Мавлоно Абдулаввал ал-Жаунпурий, Мавлоно Абдуссаттор ад-Деҳлавий ва Шайх Ҳидоятуллоҳ ас-Синдий каби уламолар бор. Бу талабалар кейинчалик Ҳиндистон ва Синд минтақаларида диний таълимни давом эттириб, устозларининг илмий меросини тарқатганлар.
Шайх Абдулҳақ фақат дарс бериш билан чекланиб қолмай, бир қатор илмий асарлар ҳам таълиф қилган. Унинг асарлари асосан фиқҳ, тафсир ва диний масалаларга бағишланган. Масалан, “Ниҳоят ал-амал фи масоил ал-ҳаж ал-бадал” асари ҳажжи бадал масалаларини баён қилади. “Таълиқот ала ад-Дурр ал-Мухтор” эса ҳанафий фиқҳининг машҳур манбаларидан бири бўлган “Ад-Дурр ал-Мухтор” китобига ёзилган изоҳлардан иборатдир.
Шайх Абдулҳақнинг энг муҳим илмий ишларидан бири эса “Ал-Иклил ала Мадорик ат-Танзил” номли ҳошиясидир. Бу асар юртимиздан етишиб чиққан машҳур тафсир олими Имом Абул Барокат Насафийнинг “Мадорик ат-Танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” тафсирига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Имом Насафий тафсири нафақт ҳанафий-мотуридий уламолари орасида, балки бутун ислом оламида катта аҳамиятга эга. Асар мухтасар бӯлишига қарамай, Қуръони карим оятларининг луғавий, грамматик, балоғавий жиҳатлари билан бирга ақидавий ва фиқҳий жиҳатларини ҳам мувозанатли изоҳлаб бериши билан машҳурдир. Шу сабабли бу тафсир асрлар давомида ҳанузгача мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинади.
“Ал-Иклил” ҳошияси айнан шу машҳур тафсирга ёзилган муҳим изоҳлардан бири бўлиб, унда шайх Абдулҳақ Қуръон оятларининг луғавий, фиқҳий ва ақидавий жиҳатларини кенгроқ тушунтириб беради. У айниқса Насафий тафсирида қисқа баён қилинган айрим маъноларни кенгайтириб, уларга уламоларнинг қўшимча фикрларини келтиради. Шу тариқа бу ҳошия “Мадорик ат-Танзил”ни янада чуқурроқ тушунишга хизмат қилувчи муҳим илмий манбага айланган.
Бу асарнинг аҳамияти шундаки, у бир томондан Насафий тафсирининг илмий анъанасини давом эттирса, иккинчи томондан XIX аср ҳанафий-мотуридий тафсир мактабининг илмий ёндашувини ҳам намоён қилади. Шу жиҳатдан “Ал-Иклил” нафақат тафсир илми, балки исломий мадраса анъаналари тарихини ўрганишда ҳам муҳим манба ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Шайх Муҳаммад Абдулҳақ Илоҳободий XIX–XX асрларда Ҳижозда фаолият юритган энг нуфузли ҳанафий уламолардан бири бўлган. У Маккада ярим асрдан ортиқ вақт давомида таълим ва иршод ишларини олиб бориб, кўплаб талабаларни тарбиялаган. Шу билан бирга у фиқҳ ва тафсир соҳаларида муҳим асарлар ёзган олим сифатида ҳам танилган. Айниқса унинг “Мадорик ат-Танзил” тафсирига ёзган “Ал-Иклил” номли ҳошияси ислом тафсир илмидаги ҳошиянавислик анъанасининг муҳим намуналаридан бири бўлиб, ҳанафий-мотуридий тафсир мактаби ривожига қўшилган салмоқли ҳисса ҳисобланади.
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчисиАсрорхон Махмудов тайёрлади.
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
