Салаф уламолари динга эҳтиёткорлик билан ёндашишган
Muallif: . .
Sana: 25.07.2025
103

Ҳозир мужтаҳидларнинг учинчи вазифаси – таржиҳ ҳақида сўз юритишни бошлаймиз.

Таржиҳ – олдимизда турган бир нечта қавл ичидан бирини танлаб, қолганларини тарк қилиш, яъни уларнинг ичидан бирини устун билишдир. Таржиҳнинг икки йўли бор. Биринчи йўл – бир нечта қавл ичидан бирини Қуръон ва Суннатга таяниб танлаб олиш. Бугунги кундаги кўпчилик шундай қилади.

Масалан, ҳанафий мазҳабининг ҳукми билан шофеъий мазҳабининг ҳукми келиб қолса ёки ҳанафий мазҳабида айтилган икки хил ҳукм келиб қолса, булардан бирини олиб, иккинчисини тарк қилишда Бухорий ёки Муслимда келган ҳадисни далил қилиб келтириш бунга мисол бўлади.

Айтилган қавллар ичидан бирини таржиҳ қилишда қўлланилган ушбу услуб тўғрими? Йўқ, тўғри эмас. Нима учун буни тўғри эмас деяпмиз? Чунки оят ва ҳадисни тушунишда, уларнинг у ёки бу маънога далолат қилишида таяниладиган бир асл қоида бўлиши керак. Демак, оятнинг ёки ҳадиснинг зоҳирига қараб таржиҳ қилиш жоиз эмас!

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ бир гап айтсалар, уни ўзларининг асл қоидаларига биноан таржиҳ қилганлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳам бир гап айтсалар, уни ўзларининг асл қоидаларига биноан таржиҳ қилганлар.

Агар сиз имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг гапларини имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг гапларидан устун деб билсангиз ёки бунинг аксини айтсангиз, сиз буни қайси асл қоидага таяниб айтяпсиз? Бу ҳолатда сиз икки шахс ўртасида қоласиз.

Тасаввур қилайликки, сизнинг ўз усулул-фиқҳингиз бор. Худди имом Абу Ҳанифа ёки имом Шофеъийники каби. Яна сизнинг бу имомларники каби ижтиҳодингиз ҳам бор, дейлик. Шундай фараз қилиб кўрайлик. Сиз ўша ўзингиздаги усулдан фойдаланиб, бир гапни айтдингиз, дейлик. Ногаҳон сизнинг ижтиҳодингиз имом Шофеъийнинг ижтиҳоди билан бир хил чиқиб қолди. Демак, сиз имом Шофеъийнинг қавлини таржиҳ қилган бўласиз, лекин у зотнинг ижтиҳоди бўлгани учун эмас, балки сизнинг ижтиҳодингизга мувофиқ келгани учун. Сизнинг ижтиҳодингиз усул асосида, қоида асосида бўлган эди. Кейин бошқа бир масала борасида ҳам ижтиҳод қилган эдингиз, ҳанафий мазҳабининг қавлини таржиҳ қилдингиз. Буни ҳам ҳанафий мазҳабини яхши кўрганингиз учун эмас, балки усул-қоидангиз шуни тақозо қилгани учун айтдингиз. Биз сизни тўғри ижтиҳод қилди, деб фараз қиляпмиз. Сиз барча масалаларда ўз усул-қоидангизга биноан фалон масалани ихтиёр қилсангиз ва ўша ихтиёрингиз тўғри бўлса, сиз ихтиёр аҳлидан бўласиз. Бу ҳолатда сизнинг ҳолатингиз худди имом Шофеъий, имом Аҳмадларнинг ҳолати каби бўлади, яъни сиз бизга бешинчи мазҳабни олиб келган бўласиз. Тўғрими?

Энди айтинг-чи, сиз бир масалани таржиҳ қилганингизда унга қатъий ҳукм қилдингизми ёки зонний? Албатта, зонний! Имом Шофеъийнинг айтганлари ҳам зонний, имом Абу Ҳанифанинг айтганлари ҳам зонний. Хўш, ундай бўлса, сизнинг бу янги таржиҳингиздан бизга нима фойда бор?

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ҳам таржиҳ қилган масалаларига ўзининг усул-қоидалари билан эришган бўлса, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ҳам таржиҳ қилган масалаларига ўзининг усул-қоидалари билан эришган бўлса, сиз ҳам таржиҳ қилган масалаларингизга ўз усул-қоидаларингиз билан эришган бўлсангиз, бу ҳолатда сиз айтган энг яхши гаплар ҳам барибир мана шу имомлардан бирининг айтган гапи бўлиб чиқади. Майли, бунга ҳам хўп, дейлик.

Мен сизнинг ижтиҳодингизни ҳурмат қиламан, сизни бугунги куннинг уламоларидан бири деб эътироф қиламан ҳам дейлик. Аммо нима учун, қайси сабабдан мен сизнинг гапингизни имом Шофеъийнинг гапидан устун деб билишим мумкин? Мен бу зотларнинг илмига, тақвосига ишонсам, ҳанафий мазҳабининг гапларига ишонсам, сизнинг гапингиз эса уларнинг гапи билан бир хил бўлса, уларнинг гапи ҳам зонний, сизнинг гапингиз ҳам зонний бўлса, мен учун қайси бири устун бўлади?

У зотлар салафлар асрида яшаган бўлса, Аллоҳ таоло уларнинг ижтиҳодини қабул қилган бўлса, бутун уммат уларнинг ижтиҳодини қабул қилган бўлса, уларнинг мазҳаблари ўрганиладиган даражага чиққан бўлса, сизнинг ижтиҳодингиз эса тарқоқ гаплардан иборат бўлса, уларнинг гапига эмас, айнан сиз айтган гапга амал қилишдан нима фойда бор?

Мабодо «Имом Шофеъий далилларни билмайдилар», деб фараз қилсак, сиз улардан 1400 йил кейин келиб, бир масалада тўрт-бешта далилни, яна бир масалада яна нечтадир далилни кашф қилсангиз, бошқа гап. Лекин уларнинг қандай буюк олим эканига, барча далиллардан бохабар бўлишганига ишонсангиз, энг зўр ижтиҳодингиз уларнинг ижтиҳоди билан бир хил бўлса, улар салафлардан бўлса, уларнинг ижтиҳодини бутун уммат қабул қилган бўлса, бирор масалани янгитдан таржиҳ қилишдан бирор фойда борми? Йўқ, ҳеч қандай фойда йўқ! Лекин жуда катта зарар бор. Бу зарар – одамларни чалғитиш, динни қийин қилиб кўрсатиш!

Салаф уламоларимиз ниҳоятда доно бўлишгани учун асло бундай йўл тутишмаган. Улардан бири бир мазҳабни ушлаган бўлса, доим ўша мазҳабни таржиҳ қилган. Бугунгига ўхшаб, мазҳабдан ташқари бўлиб олмаган, у ер-бу ердан масалаларни териб олиб, дин билан ўйнашмаган.

Шамсур-Ромлий Шофеъий роҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган ажойиб гап бор: «Мазҳабларни ё жоҳил, ё фосиқ одамгина таржиҳ қилиши мумкин».

Бу нима дегани? Агар бир одам ижтиҳод тушунчасини англаб, унинг сир-синоатларидан хабардор бўла туриб, мазҳаблар ўртасида таржиҳ қилса, шариатни ўйинчоқ қилган бўлади, фосиқ бўлади. Агар ижтиҳод мавзусини тушунмай туриб бундай ишга қўл урса, унда жоҳил бўлади.

Тарихимизда бундай ишни қилиб, танилган, машҳур бўлган, «Мазҳабингиз нима, шайх ҳазратлари?» деб сўрашса, «Таржиҳ қилингани», дейдиган кимса бўлмаган. «Таржиҳ қилинган мазҳаб» дегани «Мен далил қайси томонга йўналтирса, ўша йўлни тутаман», дегани. Бу нима дегани ўзи? Гўё шофеъий мазҳабининг баъзи ҳукмлари Тавротдан, баъзиси Инжилдан, баъзиси Забурдан бўлган-у, сиз «жаноби олийлари» бизга фақат Қуръон ва Суннатдан далил чиқариб бермоқчимисиз? Агар ўша улуғ зотлардан бирортаси мазҳаб борасида қайсидир масалада далилсиз гапирган бўлса, фосиқ бўлар эди. Бундай киши имом бўла олмас эди, мазҳаби мусулмонлар орасида тарқалмаган бўлар эди. Сизнингча у зотлар далиллардан бехабар қолиб, фақат сиз бохабар бўлиб қолибсиз-да? Қандай қилиб бундай тасаввур қилиш мумкин?

Аслида бундай тоифаларнинг айтаётган гапининг негизида Ислом имомларига, Аҳли сунна манҳажига нисбатан катта-катта таъна тошлари яшириниб ётибди. «Менинг мазҳабим – таржиҳ қилинган мазҳаб» деган тушунча аслида қаттиқ норозиликдир. Нима учун бу кимса «Менинг мазҳабим – ҳанафий мазҳаби», демайди? Чунки у ҳанафий мазҳабидаги баъзи гапларнинг далили йўқ, улар нотўғри, хато деб қўрқади. Ана шу хатоликка тушиб қолишдан қўрққани учун ҳанафий мазҳабига амал қилмайди, чунки унинг барча ҳукмларга далилларни айтиб турадиган хос қўштирноқ ичидаги «ваҳий»си бор.

Мабодо ўша одамнинг ўз усул-қоидалари бор, деб фараз қилган тақдиримизда ҳам, тўрт мазҳабдан кейин усул борасида ёзилган бирор китобни кўрмадик. Бугунги кун уламоларидан нечтаси усул борасида гапирган? Усулни баён қиладиган бирор китоб йўқ. Тўғри, Абдулкарим Зайдон, Халлоф ва бошқаларнинг усул борасида ёзган китоблари бор, лекин улар мазҳабларнинг усул-қоидаларини баён қилишга, уларни жамлашга ҳаракат қилишган. Лекин мазҳаблардан ташқарида «Далолатлар», «Ҳадиснинг қабул қилиниш шартлари» ва «Ижмоънинг шартлари» каби мавзуларни ёритган бирорта китоб учратмадик.

Амалдаги воқелик бизга неча асрлардан бери усул борасида мазҳаблардан ташқари ёзилган бирорта китоб йўқлигини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда кимки мазҳаблар ўртасида таржиҳ қилишга уринаётган бўлса, билиб қўйингки, уларнинг таянадиган усули йўқ!

Таржиҳ эса икки йўл билан – ё усул-қоидалар орқали, ё ҳавойи нафс орқали бўлади. Демак, биз бугун кўриб турган таржиҳ қандай экан? Ҳавойи нафс таржиҳи экан!

Шунинг учун ҳам илмни мустаҳкам ўрганган, илмнинг сир-синоатларидан бохабар бўлган, мазҳаблар борасида тўғри тушунчаси бор одам бундай тасарруфга қўл уришдан ҳаё қилади. Шаръий илмдан бехабар анави кимсалар эса шариатни ўйинчоқ қилиб, мусулмонларни чалғитиб ётибди. Минг афсуски, шунча муҳим иш туриб, ўшалар билан машғул бўлиб қолганмиз.

Мабодо уларнинг гапларини тўғри деб қабул қилсак ҳам, ҳанафий мазҳабининг ҳукмини шофеъий мазҳабиникидан, шофеъий мазҳабининг ҳукмини ҳанафий мазҳабининг ҳукмидан устун деб билиш бизга нима фойда беради? Ахир энг яхши деб билган нарсаларимиз ҳам аслида зонний ҳисобланади-ку, тўғрими? Ҳақни фақат Аллоҳ азза ва жалла билади!

Энди мусулмонларни чалғитиб, «Бу масалада рожиҳ гап мана бу», «Бу масалада эса рожиҳ гап мана бу», дейишдан нима фойда топамиз? Ҳеч қандай фойда топа олмаймиз. Бу иш мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас! Шунинг учун ҳам бу борада ёзилган магистрлик, докторлик ишларини денгизга ташласангиз, денгиз ҳам уни қабул қилмайди.

Бир дунё вақтни сарфлаб, бу мазҳаб бунисидан, бу мазҳаб эса унисидан рожиҳ, деган гап билан машғул бўлишади. Ҳанафий мазҳаби эса сизнинг бу гапингизга парво ҳам қилмайди, қабул ҳам қилмайди. Шофеъий мазҳаби ҳам сизнинг бу гапингизни на тасдиқлайди, на қабул қилади. Сиз эса шу ҳолингизда, ўз йўлингиздан кетаверасиз, фитналарга сабаб бўлишда давом этаверасиз. Ҳеч қандай фойда йўқ, бирор фойда топа олмайсиз.

Хўш, асрлар оша бизгача етиб келган, бугунги кунда бор бўлган ва биз амал қилмоқчи бўлган таржиҳ нима? Биз хоҳлайдиган таржиҳ мазҳаб ичида бўлиши, таржиҳлиги маълум бўлиши лозим. Таржиҳ қилинмаган гапларга амал қилишни биз ҳам хоҳламаймиз. Барчамиз таржиҳга эргашишни хоҳлаймиз. Лекин бу таржиҳ сизнинг илмингизга, ўрганишингизга ярайдиган, мусулмонларга манфаати тегадиган бўлиши керак.

Бу «росмул-муфтий», яъни тўлақонли илм ҳосил қилиш ва вазиятга тўғри баҳо бериш билан бўладиган таржиҳдир. Баъзи масалаларда шофеъий ёки ҳанбалий мазҳабининг ҳукмларини олишимизга сабаб ҳам «росмул-муфтий» борлигидир, зарурат, енгиллик яратиш, зарарни даф қилиш, замоннинг ўзгариши, урф ёки шунга ўхшаш сабаблар борлигидир.

Мазҳаб доирасида айтилган гаплардаги таржиҳнинг тўқсон фоизи «росмул-муфтий»га бориб тақалади. Урфингизда бор нарсаларни билишингизга, замондош аҳлингизнинг эҳтиёжи нимада эканини билишингизга қараб сиз «росмул-муфтий» билан таржиҳ қилиб, ё имом Муҳаммаднинг, ё имом Абу Юсуфнинг қавлини ихтиёр қилишингиз мумкин. Асосийси, сиз танлайдиган ҳукм одамлар учун манфаатли бўлиши керак. Шу билан бирга, сизнинг бу гапга ҳам, у гапга ҳам ишончингиз комил бўлиши, бу гап ҳам, у гап ҳам мутлақ мужтаҳид томонидан айтилган бўлиши керак. Бир гапни таржиҳ қилганда бошқа имомларнинг ҳурматини четга суриб қўйиш асло мумкин эмас!

«Росмул-муфтий» билан таржиҳ қилганимизда барча имомларнинг далили борлигига ишонамиз. Аммо бизнинг бу масалада бу гапни олишимизга сабаб – мусулмонларнинг ҳолатига энг муносиби бўлгани, уларга кўпроқ хизмат қилганидир. Демак, таржиҳ бизнинг илмимизга, мусулмонларнинг хизматига яраши керак, айни пайтда мазҳаб ичидаги ихтилофлардан ҳам, мазҳабдан ташқаридаги ихтилофлардан ҳам бохабар бўлишимиз, Аҳли сунна мазҳабларидаги ихтилофлардан фойда олишимизга имкон яратган бўлишимиз керак.

Демак, билишимиз зарур бўлган асосий шарт нима экан? Бир гапни таржиҳ қилишда у фақатгина мутлақ мужтаҳид томонидан айтилган бўлиши ёки мазҳаб доирасида қилинган ижтиҳод бўлиши шарт экан. Демак, мутлақ мужтаҳид томонидан қилинган истинбот бўлиши, мазҳаб доирасидаги мужтаҳид томонидан қилинган тахриж бўлиши керак экан.

Бугунги кунда яшаб, ўзича Қуръон ва Суннатга тўғридан-тўғри мурожаат қиладиган, фуқаҳолар асрига тил теккизадиган кимсалар деганда ўзининг усул-қоидаси йўқларни, ўзининг ёзган китоби йўқларни назарда тутамиз. Бундай кишиларга қайрилиб ҳам қаралмайди, улар эътиборга лойиқ эмас.

Хулоса шуки, биз таржиҳни хоҳлаймиз, таржиҳ эса ниҳоятда муҳим масаладир!

Замонлар оша уламоларимиз жуда кўп таржиҳлар қилишган. Мазҳаб доирасида миллионга яқин уламонинг сон-саноқсиз ҳукмлари бор. Бу уламолар ушбу ҳукмларнинг ҳар бири мусулмонлар учун манфаатли бўлиши устида бош қотиришган. Масалан, улар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан мўътамад гапларни баён қилиб, буни «зоҳирур-ривоя» деб аташган. «Зоҳирур-ривоя» бўлмаган асарлардан ҳам нақл қилиб, уларни жамлашда жамият учун энг муносибини, энг афзалини танлашган ва уларни бошқа ҳукмлардан таржиҳ қилишган. Шундай экан, мазҳаб доирасида ва мазҳабдан ташқарида бошқасидан рожиҳ бўлган гапни ажрата оладиган ижтиҳод ҳам бор. Сиз таржиҳ қилмаслигингиз мумкин, бироқ таржиҳ қилинган гапга етиша олишингиз мумкин. Мана шу – ижтиҳоднинг тўртинчи тури бўлиб, тамйиз ижтиҳоди деб аталади.

Фиқҳий бобларни ўрганаётган толиби илмлар ижтиҳод босқичларининг энг паст даражаларига эришиш ва тўғри тасаввур ҳосил қилиш билан биргаликда, «росмул-муфтий» қоидалари орқали бу ҳукмларни ўзларига татбиқ қилишга, шунингдек, жамиятга фойда келтиришга ҳаракат қилишлари керак.

Ижтиҳоднинг бешинчи тури тақрир ижтиҳодидир. Тақрир – фатво беришда воқеликка риоя қилишдир. Тақрир икки босқичда амалга ошади: масаланинг иллатини, қоидаларга ва имомларнинг сўзларига мувофиқлигини пухта ўрганиб чиқиш; сўнгра одамларнинг эҳтиёжига қараб, уларга фойдалироқ ёки осонроқ қавлга фатво бериш.

Демак, умумий хулоса қилсак, қоидаларни истинбот қилинар экан, кейин ўша қоидаларга асосан масалаларни тахриж қилинар экан, мазҳаб ичида бўлсин, мазҳаб ташқарисида бўлсин, «росмул-муфтий» орқали масалалар таржиҳ қилинар экан, сўнг тамйиз ижтиҳоди, яъни мазҳаб доирасида рожиҳ бўлган масалага эришишга қодир бўлинар экан ва ниҳоят, бешинчи вазифа – айтилган гапларни тушуниш, тасаввур қилиш ва тўлақонли англаш бўлиб, «росмул-муфтий» қоидалари асосида воқелигимизга уларни тақрир (татбиқ) қилинар экан.

Шу билан мавзуга якун ясаймиз ва асосий тушунчаларни яна бир марта қисқача такрор қилиб оламиз:

Мужтаҳидларнинг учта табақаси, яъни мутлақ, нисбий ва мазҳаб ичида ижтиҳод қилувчилар бор экан.

Ижтиҳоднинг икки тури бор экан, бири – Қуръон ва Суннатдан қоида чиқариш, иккинчиси – қоидалар асосида масалаларни чиқариш экан.

Мужтаҳидларнинг бешта вазифаси бор экан: истинбот, тахриж, таржиҳ, тамйиз ва тақрир (татбиқ).

Ким буларни яхши англаб, кўз олдига келтира олса ва барчасини тушуна олса, шариат ҳукмлари билан муомала қилишда хотиржамлик ва енгиллик ҳис қилади.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

. .