АЁЛ КИШИНИНГ НАМОЗДАГИ ЛИБОСИ
Muallif: . .
Sana: 20.09.2024
309

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

سُئِلَتْ أُمُّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا مَاذَا تُصَلِّي فِيهِ الْمَرْأَةُ مِنَ الثِّيَابِ؟ فَقَالَتْ: تُصَلِّي فِي الْخِمَارِ وَالدِّرْعِ السَّابِغِ الَّذِي يُغَيِّبُ ظُهُورَ قَدَمَيْهَا.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан сўралди:

«Аёл киши қандай кийимда намоз ўқийди?»

«У химорда ва бутун жисмини тўсиб, икки қадамининг устини бекитиб турадиган кўйлакда намоз ўқийди», дедилар».

Шарҳ: «Химор» аёл кишининг боши ва кўксини тўсиб турадиган рўмолга ўхшаш нарсадир.

Демак, аёл киши юзи ва кафтидан бошқа жойини очмайдиган кийим кийиб намоз ўқиши керак.

وَقَالَتْ: سَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَتُصَلِّي الْمَرْأَةُ فِي دِرْعٍ وَخِمَارٍ لَيْسَ عَلَيْهَا إِزَارٌ؟ قَالَ: إِذَا كَانَ الدِّرْعُ سَابِغًا يُغَطِّي ظُهُورَ قَدَمَيْهَا. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Аёл киши кўйлак ва химор билан лунгисиз (изорсиз) намоз ўқиса бўладими?» деб сўрадим.

У зот:

«Агар кўйлак бутун жисмни тўсиб, икки қадамининг устини бекитадиган бўлса, бўлади», дедилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоят олдингисини таъкидлаб келмоқда.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَقْبَلُ اللهُ صَلَاةَ حَائِضٍ إِلَّا بِخِمَارٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳайз кўрувчининг намозини фақат химор ила қабул қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, аёл киши боши ва кўксини тўсиб турувчи рўмол ҳамда бутун бадани ва оёқларини тўсиб турувчи кийимсиз намоз ўқиши мумкин эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Манба islom.uz

. .