— Бугун мен жуда ҳам шодман. Мана шундай улуғ мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзидан қабул қилиб олиш менга юксак шараф бўлиш билан бирга, катта масъулият ҳам юклади. Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда инсон қадри ва унинг шаънини юксалтириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараларини бирма-бир санаб адоғига етиш мушкул. Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий мактабини ўрганиш ва тадқиқ этиш учун илмий-тадқиқот марказлари фаолияти кенг йўлга қўйилди.
Динимизни илмий жиҳатдан ўрганишни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги мадрасага асос солинди. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Уларда талабалар ва ёш тадқиқотчилар буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш баробарида замонавий илмларни ҳам ўзлаштириб, етук олим бўлиб камол топади. Шулар қаторида турли ҳудудларда ҳадис, калом, тасаввуф, фиқҳни ўрганишга ихтисослашган илмий мактаблар, хусусан, бизнинг вилоятимизда ҳам тасаввуф илми мактаби фаолияти
йўлга қўйилгани диний-маърифий соҳада янги давр бошланганидан дарак беради. Қувонарлиси, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро Арк қўрғони яқинида Мир Араб олий адрасасининг янги биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди. 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада
Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ талаба замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва спорт залида малакали устозлардан таълим олмоқда.
2021-2024 йилларда вилоятимиздаги 15 та масжиднинг янгитдан қуриб фойдаланишга топширилгани, 42 та масжидда эса йирик таъмирлаш ишлари олиб борилгани мамлакатимизда муборак динимизга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг исботидир. Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ эътирофга сазовор бўлиш, менга чексиз ғурур бағишлади. Келажак авлодни янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкори қилиб тарбиялаш, халқимизнинг маданий-маърифий, диний-ахлоқий дунёқарашини бойитиш йўлидаги фаолиятимда бу мукофот менга қанот бағишлайди, дея ишонч билан айта оламан.
Жобир домла ЭЛОВ
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори