Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир.
Muallif: . .
Sana: 31.08.2024
118

Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир. Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, демократик янгиланиш жараёнлари кечмоқда. Тарихий тажриба эркин ва фаровон ҳаётни, буюк келажакни мустақиллик асосидагина қуриш мумкинлигини тасдиқлади. Мустақиллик, бировларга қарам бўлмаслик, озодлик Оллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай азиз бўлган бебаҳо неъматдир.

Айни кунларда Мустақиллик деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қиммати, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти халқимиз учун янада теранроқ маъно англатмоқда. Зеро, амалга ошаётган ҳар бир ислоҳот, ҳар бир қабул қилинаётган қонун, қарор, ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси юрт фаровонлиги, халқ манфаатига хизмат қилиш мақсадида эканини давр исботлади. Бу йил жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори асосида тантана қилинмоқда. “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор муқаддимасида таъкидланганидек, “Айнан мустақиллик туфайли мамлакатимиз суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга, халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Дунё бизни янгитдан таниди ва тан олди. Ер юзидаги турли давлатлар ва халқлар билан дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларимиз тобора кенгайиб, юртимизнинг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузи ортиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида мустақил давлат бўлиб, дунёга очилиб яшаш, эркин ва озод халқлар оиласида муносиб ўрин эгаллаб, замонавий тараққиётга эришиш нақадар улуғ бахт ва шараф, шу билан бирга, улкан масъулият эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз”.

Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди. Албатта, дунёда ўз мустақиллигига, ўз йўлига эга давлатлар бисёр. Аммо, инсон қадрини улуғлаб, унинг манфаатларини ҳимоя қиладиган мамлакатлар саноқлидир. Шу маънода, биз туғилиб ўсган юрт қадри, фараҳбахш тонглар, тинч ва осуда кунлар шукуҳи қалбларимиздаги халқимизга ҳурмат ва Ватанимизга садоқат рамзи сифатида : “Биз бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” деган шиорда ўз ифодасини акс эттиради. Оташқалб шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари халқимизда бирлик бўлгандагина, Ватан обод ва озод бўлишини ифода этган:

Агар дўстлар эрур содиқ бир-бирин қийратиб бўлмас

Агар қилғил неча фитна аларни айратиб бўлмас.

Дегайлар мору қушни бир қафасга асратиб бўлмас,

Ватандан айру кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас,

Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг карами (кенглиги) ва ботини покизалигига Ватанига ошиқиши, дўстларига бўлган муҳаббати ҳамда (бефойда) ўтган вақтига йиғлаши далолат қилади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига, гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.

Юрт тинчлиги — Ватан озодлиги истиқлол билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган Ватанимизни бугун дунё тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, давлатимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, фан каби деярли барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир. Бугун мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ 33 ёшини тантана қилмоқдамиз. Барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизга эгалик қилиш ҳуқуқини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимизни қайтариб берган бу улуғ айёмва улуғ кунларга шукроналик, фахр ва ифтихор ила Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзанди халқ бирдамлиги, мамлакат яхлитлиги учун курашиб яшашни ҳаётининг маъноси деб билмоғи лозимдир. Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бир даврда Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш муқаддас бурчимиздир. Зеро, Ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, умримиз мазмунидир.

Х.Х.Рахматова

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси,

фалсафа фанлари доктори (DSc)

. .