Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ким қилган?
Muallif: . .
Sana: 24.08.2024
180

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий (1917-1993 йй.) «сулс» хатида ёзиб берган. У 1917 йил Қўқон хонлиги ҳудудида таваллуд топган. 1920 йиллар бошларида Саудия Арабистонига кўчиб келган. 1960 йилларда Саудия Арабистонининг энг машҳур хаттоти сифатида шуҳрат қозонган.

1962 йилда Саудия Подшоҳининг фармонига биноан Каъбатуллоҳнинг кисвасини тикиш корхонасига раҳбар этиб тайинланган. 1979 йили нафақага чиққунигача шу фабрикада ишлаган. У Саудия Арабистони байроғини яратиш лойиҳасида ҳам иштирок этган.

Саудия Aрабистонининг илмий жамоатчилиги ҳамюртимиз Назир Тўрақуловни яхши билишади. Назир Тўрақулович Тўрақулов 1892 йилда Қўқонда йирик пахта савдогари оиласида туғилган. Келажакдаги дипломатнинг отаси ўз даврининг билимдон кишиси эди. Онасининг талабига биноан у Қўқон мактаби араб тили, Ислом асослари ва Ислом пайғамбарларининг ҳаёти ўқитиладиган «Жадид» мактабига ўқишга кирди. 1906 йилда Қўқон шаҳридаги рус тузем мактабини ва 1914 йилда эса савдо мактабини битирди.

1914-1916 йилларда Москва тижорат институтининг иқтисодиёт факультетида таҳсил олган.

1922-1926 йилларда Москвада ишлаган. Совет Иттифоқи халқлари Марказий нашриётига раҳбарлик қилиш билан бирга, илмий-педагогик иш билан шуғулланган.

1927 йил ноябр ойида Назир Тўрақулов Ҳижоз ва Нажд ҳамда уларга қўшилган вилоятлар Подшоҳлигига (ҳозирги Саудия Арабистони Подшоҳлиги) Мухтор вакил қилиб тайинланган.

Ўзининг юқори профессионал даражаси билан у Подшоҳ ва ҳукмрон оиланинг самимий ҳурматини қозонади. Подшоҳ Абдулазиз Ол Сауд Назир Тўрақуловни «иним» деб атаган. Элчи шунингдек, Подшоҳнинг ўғиллари, айниқса, шаҳзода Файсал бин Абдулазиз билан яхши муносабатда бўлган.

1932 йилда шаҳзода Файсал бин Абдулазиз бошчилигидаги Саудия делегацияси Совет Иттифоқига ташриф буюрди. Ўн кун давом этган ушбу ташрифни Назир Тўрақуловнинг Мухтор элчи сифатида ва у билан бирга эришган асосий сиёсий ютуқларидан бири деб ҳисоблаш мумкин.

8 йил давомида у Совет Иттифоқининг Саудия Aрабистонидаги элчиси сифатида ишлаб, жуда кўп ишларни амалга оширган.

1936 йилдан Ленинграддаги Шарқ халқлари институти ва Москвадаги Шарқ халқлари тили ва ёзуви институтида ишлади ва ўзини йирик тилшунос сифатида намоён этди.

1922 йил Тошкентда нашр этилган «Русча-ўзбекча ижтимоий-сиёсий луғат» муаллифи. У туркий алифболарни лотинлаштириш муаммоси билан шуғулланган, бу соҳадаги лойиҳа муаллифи бўлган.

1937 йил 17 июл куни Назир Тўрақулов ҳибсга олиниб, панисломий тарғибот ва совет давлат арбобларига қарши террорга даъватда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган ва отилган.

Маданий-гуманитар ҳамкорлигимизнинг омилларидан бири Ўзбекистонда араб, Саудия Aрабистонида эса ўзбеклар диаспораларининг мавжудлигидир.

Деярли ўн тўрт аср давомида ўзбекистонлик араблар ўзларини Ўрта Осиё араблари ёки оддийгина «араби» деб атаб, ўзига хослигини сақлаб қолишмоқда.

Aраб миграциясининг хронологик жиҳатдан иккита тўлқинини ажратиб кўрсатиш мумкин: биринчиси – бу минтақага Қашқадарё араблари аждодларининг келиб жойлашиши 7-10 асрларда юз берган.

Минтақага араблар кириб келишининг иккинчи тўлқини 14 асрга тўғри келади. Оғзаки анъаналарга кўра, Бухоро арабларининг аждодлари минтақага Амир Темур томонидан жойлаштирилган. Уларнинг аксарияти Зарафшон бўйлари, Самарқанд шаҳри атрофларидан тортиб, Шеробод, Сурхон, Кофирнихон, Вахш, Қизилсув, Жилға дарёларигача бўлган ерларда яшашади.

Фарғона водийсининг шимоли-шарқий томонида ҳам арабларнинг бир гуруҳи истиқомат қилади. Андижон вилоятининг Бўз, Балиқчи, Избоскан ва Пахтаобод туманларида араблар яшаган ва улар «араб» номини сақлаб қолган.

Ҳозирги кунда араблар зич жойлашган ҳудудлар – Қашқадарё вилоятининг Қарши, Миришкор ва Косон туманлари, Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Пастдарғом ва Каттақўрғон туманлари, Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Навоий вилоятининг Кармана, Конимех ва Нурота туманларидир.

1992 йил Қашқадарё вилоятида, 2018 йил Самарқанд вилоятида араб миллий маданий марказлари ташкил этилди.

Ўзбекистонда машҳур бўлган араб миллати вакиллари орасида агроном, иқтисодчи М. Саидов, ёзувчи Х. Саидзода, ёзувчи ва шоирлар Б. Истамқулов, А. Иброҳимзода, Т. Искандарий, физика фанлари доктори, профессор О. Хасанов, тарих фанлари доктори, профессор А. Чориев, араблар тарихи бўйича тадқиқотлар олиб борган ва Ўзбекистон арабларининг этнографияси мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган тарих фанлари доктори, профессор Р. Раджабовларнинг номлари алоҳида ажралиб туради.

Қашқадарёнинг «Жайнау» араб қишлоғидан келиб чиққан Муродилла Саидов «Ўзбекистон қаҳрамони» ва «Олтин юлдуз» ордени билан тақдирланган.

Маълумотларга қараганда, Саудия Арабистонидаги ўзбеклар сони тахминан бир миллион кишига яқин. Ушбу ватандошларимизнинг асосий қисмини XX аср 20-йилларининг охири 30-йилларнинг бошида муҳожирликка кетган ўзбеклар ташкил қилади.

Улар асосан, Фарғона водийси, шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, қисман Хўжанд, Ўш, Жалолобод шаҳар ва туманларидан борганлар бўлиб, «бухорийлар» деб юритилади.

Саудия Арабистонида ўзбекларнинг иккинчи бир гуруҳи 1978 йили Афғонистонга совет қўшинлари киритилганидан кейин бу ерга қочиб келган кишилардир. Улар «афғонистонлик ўзбеклар» деб юритилади. Улар Саудия Арабистони фуқароси ҳисобланган шахсларнинг кафиллиги билан яшайдилар ва ишлайдилар.

Этник ўзбеклар маҳаллий Саудия жамиятига самарали қўшилишди, уларнинг аксарияти таниқли давлат лавозимларида, шу жумладан дипломатик ва ҳарбий лавозимларда фаолият кўрсатишади.

Уларнинг қаторида Абдулваҳҳоб Аҳмад Бухорий узоқ йиллар маориф вазири ўринбосари ва ислом ишлари вазири лавозимида ишлаган, Абдулазизхўжа Абдуллахўжа ўғли Андижоний Ахборот вазири ўринбосари, Подшоҳликнинг Туркиядаги ва Россиядаги элчиси лавозимларида ишлади.

ХХ асрнинг 80-90-йилларида Саудия Aрабистонининг Ливан, Россия ва Марокашдаги элчиси Aбдулазиз бин Муҳиддин Хожа, Саудия Арабистонининг ахборот ва маданият вазири бўлган. Подшоҳликнинг 2008-2015 йилларда Япониядаги элчиси бўлган Aбдулазиз бин Aбду Сатторнинг ҳам келиб чиқиши асли Туркистондан.

Ватандошимиз Муштоқ Маъруф Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлигининг бўлим бошлиғи, Абдураҳмонхўжа Тоифдаги жонли табиатни ўрганиш ва муҳофаза қилиш марказининг бошлиғи, Муҳаммад Али Мўмин – Давлат стандартлаш ва ўлчаш қўмитаси котибиятининг бошлиғи. Абдураҳим Абдулазиз Марғилоний Ибн Сауд филолог олим, Ҳабибулло Туркистоний иқтисодчи олим ва бошқалар. Ватандошларимиз орасидан ҳарбий ва ички ишлар хизмати генераллари ҳам етишиб чиққан.

Охирги йилларда давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар юқори сифат даражасига кўтарилди. 2019 йилда Саудия Арабистонига 21,5 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси умра сафарига ва 7200 нафари ҳаж зиёратига бордилар. 2022 йил бошидан буён эса 37 минг нафар фуқаромиз умра ва 12 минг фуқаромиз ҳаж зиёратини амалга оширди.

2019 йилда Ар-Риёддаги Шайх Самир Нажар номидаги хайрия вақф жамғармаси ҳомийлигида Фарғона вилоятидаги кўптармоқли тиббиёт муассасасида 110 та бепул юрак жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2020 йил сентябрь ойида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Саудия электрон университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

2018 йилда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Саудия Арабистонининг Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолади.

Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати хорижий давлатлар билан сиёсий иқтисодий ва маданий алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга алоҳида эътибор берди. Бугунги кунда Ўзбекистон чуқур тарихий ва маданий алоқаларга эга бўлган Саудия Aрабистони билан муносабатларни янада ривожлантириш учун катта имконият ва салоҳиятга эгадир.

Алишер Сабиров
Марказий Осиё халқаро институти
бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди

. .