"Менга олимларнинг ижмоси муҳим эмас, ўзим тўғридан-тўғри Қуръон ва суннатдан далил чиқариб оламан!"
Muallif: . .
Sana: 17.07.2024
265

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Қуроъони каримдаги "Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг" (Нисо сураси, 59) оятини шарҳлар экан, олимлар бир масалада тортишиб қолсалар, дарҳол Қуръон ва суннатга мурожаат қилиниши кераклигининг талаб қилиниши, олимлар тортишмаган масалаларда Қуръон ва суннатга қайтадан мурожаат қилишга эҳтиёж йўқлигини англатади, дейди.
Шундай қилиб, Қуръони каримдан ижмонинг жоизлигига далил келтиради.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳга кўра, бу ерда тортишувчилар фақатгина олим ва фақиҳлардир. Чунки, оятнинг бошида Аллоҳ таоло мўминларга "Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг!" деб амр қилганда "ишбошилар" деганда олим ва фақиҳлар ҳам назарда тутилишига далиллар келтирган.
Шунга кўра, диний масалаларда тушунмовчилик бўлса, оддий мусулмонлар бевосита олим ва фақиҳларга мурожаат қилиши кераклиги, олимлар ўртасида тортишув бўлмаган масалаларда ижмога бўйсиниши, олимлар ижмо қилмаган масалаларда эса, фақиҳлар Қуръон ва суннатга мурожаат қилиши кераклиги илоҳий амр эканлигини таъкидлайди.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ, мана шундай қилиб, "Менга ижмо қилинган масалалар муҳим эмас, ўзим тўғридан-тўғри Қуръон ва суннатдан далил чиқариб оламан" дейиш илоҳий амрга зид эканлигини ақл билан тушунтириб берганлар.

Аллоҳ таоло Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳдан рози бўлсин!

. .