БЕМАЗҲАБ «САЛАФИЙ»ЛАРНИНГ КИТОБЛАРГА ХИЁНАТИ (биринчи мақола)
Muallif: . .
Sana: 12.06.2024
160

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бемазҳаб тоифалар, бизнинг давримизга келиб китобларнинг замонавий нашрларини амалга оширар эканлар, хиёнат йўлини тутишни ўзларининг иш услублари қилиб олдилар. Яъни, улар:

1) китоблардаги маълумотларни ўзгартириш;

2) уларга сохта маълумотларни қўшиб нашр қилиш;

3) китоблардаги асил маълумотларни даврга, замонга ва эътиқодга туғри келмайди, деган баҳоналарда олиб ташлаб нашр қилиш йўлини тутдилар.

Бу хилдаги хиёнатларини уялмай-нетмай ноширларга ёки нашриётлардаги оддий ходимларга ҳам юклаб қўяётган ҳолатлар йўқ эмас. Умуман, бугунги замонамизнинг таниқли олимларидан бири Муҳаммад Аввома буни «Маолими иршодия» асарида давримизнинг илмдаги энг катта офатлардан бири деб биладилар. Жумладан, у зот қуйидаги гапларни ҳам айтганки, уни батафсилроқ келтириш фойдадан холи эмас:

«…Олимларнинг тилларида: «Мусҳафийдан Қуръон ўрганма ва саҳафийдан илм олма!», деган гап узоқ даврлардан бери етиб келмоқда. Саҳифадан (яъни, китоб ўқиш билангина) устоз бўлиш ишларидан Аллоҳдан паноҳ сўраш қадим уламоларнинг тилларида кенг тарқалди. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида саҳифадан илм олишдан қадимгиларнинг қайтарганлигининг сабабларидан бирини зикр қилган. У ҳам бўлса, маънони бузадиган, маънони ўзгартирадиган сўзнинг саҳифага кириб қолмоғидир. Чунки, ўша даврда, яъни Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг даврларида ёзувда нуқта қўйиш, ҳаракат шаклларини қўйиш йўқ эди… Ҳатто нашр босма кенг тарқалган асрга ҳам етиб келдик. Лекин, биз матбуот ишларида мазкур сабабдан ҳам кўра кучлироқ ва қийинроқ муаммоларга дуч келдик… Биринчидан, босма ишларидаги хатолар. Бу афв қилинадиган, кечириладиган иш, чунки, инсоннинг табиати хатодан холи эмас. Ношир қанча эътибор берса ҳам, муҳариррлар қанча ҳаракат қилишса ҳам, қаттиқ аҳамият беришса ҳам хатодан холи бўлолмайдилар. Иккинчидан, мазкур босма ишларидаги хатолар ноширнинг ёки муҳаррирнинг эътиборсизлигидан пайдо бўлиши ҳам мумкин. Учинчидан, мазкур илмий ёки матбаа нашридаги хатолар муҳаррирнинг атайлаб матнга дахл қилиши натижасида ҳам бўлиши мумкин. Чунки, муҳаррир мазкур соҳада ўзи олим бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, шу соҳада чуқур олим бўлиш у ёқда турсин, бу соҳада мутахассис бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Ана шу хилдаги воқеъликда содир бўлиб турган ишлар, ҳар хил суратлар бор… Биз нашр ишлари кенг тарқалган дунёга мубтало бўлдик ва мазкур покиза порлоқ илмий меросга ҳар хил нарсани аралаштириб ташладик. Бу эса қаттиқ балодир, илмда ва динда қаттиқ зарардир. Бу зарар қўлёзмалар давридаги ҳосил бўлган зарардан каттароқ ҳисобланади. Мана шу сабаблар илмни уламолардан олишнинг зарурлигини янада кўпроқ таъкидлайди. Уламолар ўзларидан олдинги табақалардан қўлма-қўл ўтиб келган илмнинг меросхўрларидирлар». (Муҳаммад Аввома. Маолим ал-иршодия ли-синоати толиб ал-илм. – Жидда: Дор ал-Минҳож, 2013. – Б. 179-181).

Муҳаммад Аввома: «қаттиқ балодир, илмда ва динда қаттиқ зарар» деб келтирган ишни салафий-ваҳҳобийлар атайин уюштириб келадилар. Бу хилдаги мисоллар китобатчиликда жуда кўплаб учрайди. Ҳозир, улардан бири билан таништирамиз:

Бўҳтон иқтибос

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг «Мезон ал-эътидол фий асмо ар-рижол» номли китоблари нашр этилиб, унда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоллари — танқид руҳида, аслида йўқ бўлишига қарамасдан, «нун» ҳарфи қисмида «берилган». У зот борасида қуйидагилар келтирилган:

النعمان بن ثابت بن زوطى أبو حنيفة الكوفي إمام أهل الرأي ضعفه النسائي من جهة حفظه وابن عدي وآخرون و ترجم له الخطيب فى فصلين من تأريخه و استوفى كلام الفريقين معدليه و مضعفيه

«Нуъмон ибн Собит ибн Зутий Абу Ҳанифа Кўфий – аҳли раъйнинг имоми бўлиб, уни Насоий, Ибн Адий ва бошқалар ҳифзи (зеҳни) жиҳатидан заиф деб ҳисоблаганлар. У ҳақида Хатиб (ал-Бағдодий) ўз таърихида икки фасл ажратиб, унинг адолатини ва заифлигини айтган икки тоифанинг гапларини тўлиқ келтирган» (Имом аз-Заҳабий. Мезон ал-эътидол фий нақд ар-рижол. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 37-38).

Бу фикрнинг берилишига сабаб Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни ҳадис ривоятида заиф деб баҳолаб, обрўсини тўкиш бўлганига шак-шубҳа йўқ. Уни қўшганларга Аллоҳ кифоя қилсин!

Бу бўҳтон иқтибос илк бор 1325 ҳижрий йилги Мисрнинг «Саодат» матбаасида чоп қилинган «Мезон ал-эътидол»нинг нашрида учрайди. Бундан олдин Ҳиндистоннинг Лакнау шаҳрида 1301 ҳижрий йилги нашрида асосий матнда бу бўҳтон иқтибос учрамайди. Фақат уни нашрга тайёрловчи: «Бу иқтибос бошқасида бор», деб туриб уни ҳошияда қайд қилган. Лекин, қайси қўлёзмада борлигини кўрсатмаган. Бу хиёнаткорона ҳийла 1325 йилги Миср нашрида асосий матнга кўчиб қўя қолган.

Унга жавоб шуки, «Мезон ал-эътидол»даги бу гап, шак-шубҳасиз, кейин қўшилган матн ҳисобланади. Яъни, кейин кимдир томонидан қўшилган. Уни муаллифнинг ўзи ёзмаган. Кимдир бу гапни ҳошияга ёзган-у, кейинчалик бу матнга ҳам қўшиб юборилган ёки бирор котибнинг хатоси билан ёхуд қасддан қўшилган, деймиз. Бунга далилларимиз бор:

Биринчидан:

Мазкур олинган иқтибоснинг эски нашрида ҳам, замонавий нашрида ҳам, шу жойнинг ўзида, пастда, тагшарҳ (сноска)да иккинчи қўлёзмада бу гап йўқлигини қайд қилинган. Бу хиёнаткор кимсаларнинг одамларни чалғитиш усули ҳисобланади. Бошқа қўлёзмаларда йўқ бўлса, нимага унинг бўҳтонлигини айтмайсан?!

Иккинчидан:

Тарихда ўтган уч нафар олим мазкур «Мезон ал-эътидол»га мужтаҳид имомларнинг таржимаи ҳоллари киритилмаганлигига гувоҳлик берганлар. Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ уларни бирма-бир келтириб ўтганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. Имом ал-калом маъа Ғайс ал-ғамом // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 3-жилд. Покистон: Идорат ал-Қуръон ва-л-улум ал-исломия, 1999. – Б. 176):

1) Зайнуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Алфия»да бундай деганлар:

لكنه أى ابن عدى ذكر فى كتابه الكامل كلّ من تكلم فيه و إن كان ثقة و تبعه على ذلك الذهبى فى الميزان الا أنه لم يذكر أحدا من الصحابة و الأئمّة المتبوعين

«Лекин, Ибн Адий ўз китоби «ал-Комил»да гарчи сиқа – ишончли бўлса-да, гап-сўз (таъна) қилинган кишиларни ҳам зикр қилаверган. Бу борада унга аз-Заҳабий ҳам «Мезон»да эргашган. Бироқ, у зот саҳобалар ва эргашиладиган имомлардан бирортасини зикр қилмаган». (Зайниддин ал-Ироқий. Шарҳ «Алфия». 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1936. – Б. 260).

2) Имом ас-Саховий раҳимаҳуллоҳ ҳам «Шарҳ ал-Алфия»да бундай деганлар:

مع أنه اى الذهبى تبع ابن عدى فى إيراد كلّ من تكلم فيه و لو كان ثقة، لكنه التزم أن لا يذكر أحدا من الصحابة و لا الأئمّة المتبوعين

«Шу билан бирга, аз-Заҳабий гарчи сиқа – ишончли бўлса ҳам гап-сўз (таъна) қилинганларнинг барчасини келтиришда Ибн Адийга эргашган. Лекин, аз-Заҳабий саҳоба ва эргашиладиган имомлардан бирортасини зикр қилмасликни қасд қилган». (Шамсиддин ас-Саховий. Фатҳ ал-муғис би-шарҳ Алфия ал-ҳадис. 4-жилд. – Риёз: Дор ал-Минҳож, 2005. – Б. 433).

3) Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ «Тадриб ар-ровий» асарида бундай деганлар: (519)

إلا أنه أى الذهبى لم يذكر أحدا من الصحابة و لا الأئمة المتبوعين

«Фақат, аз-Заҳабий бирорта саҳобани ҳам, эргашиладиган имомларни ҳам, зикр қилмаган». (Жалолиддин ас-Суютий. Тадриб ар-ровий. 2-жилд. – Байрут: Мактаба ал-Кавсар, 1995. – Б. 890).

Юқорида биз китобларини бирма-бир кўриб иқтибос олган ҳадис илмининг буюк даҳолари эътирофига ишанамизми ёки Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ёмон кўрадиган замонамизнинг бемазҳабларигами?

Зайниддин ал-Ироқий, Шамсиддин ас-Саховий ва Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳумуллоҳ сингари алломалар «Мезон ал-эътидол»да мужтаҳид имомлар зикри келмаган деб эътироф қилиб турибдилар. Наҳотки, уларга ишонмасдан «Мезон ал-эътидол»нинг бемазҳаблар томонидан чоп қилинган нашрларига ишонсак?! Бемазҳабларга ишонмаслик кераклигининг яна бир сабаби Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ зикри «Мезон ал-эътидол»да зикр қилинмаганини муаллиф бўлмиш Имом аз-Заҳабийнинг ўзлари эътироф қилганлар:

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Мезон ал-эътидол»нинг муқаддимасида: «Мен бу китобда қадри-мартабаси улуғлиги «мутавотир» даражасига етган кишиларни зикр қилмайман. Гарчи улар ҳақида баъзилар гап-сўз қилган бўлсалар ҳам», деганлар. Шу ерда ўша китобига киритмаган улуғ имомларга мисол қилиб Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг номларини биринчи ўринда айтиб ўтганлар (Шамсиддин аз-Заҳабий. Мезон ал-эътидол. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1995. – Б. 113).

Мавзумиз бўлиб турган «Мезон ал-эътидол»да юқоридаги ёлғон бўҳтонни бор деб нашр қилганлар ҳам ҳатто муқаддимадаги мазкур эътирофга эътибор бермай ўтказиб юборганлар.

Бу билан Аллоҳ таоло уларни ўз нашрларидаёқ шарманда қилган. Ана салафий-ваҳҳобийларнинг хиёнати, мана бемазҳабларнинг бўҳтони!

Учинчидан:

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Мезон ал-эътидол» китобида зикр қилмаган буюк имомлар борасида алоҳида китоб ёзиб, уни «Тазкират ал-ҳуффоз» деб атаганлар. Бу китобда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни нафақат зикр қилинган, балки мадҳ ҳам қилинган:

و كان إماما ورعا عالما عاملا متعبدا كبير الشأن…

«У зот парҳезкор имом, амал қилувчи олим, шаъни улуғ ибодатгўй эдилар!». (Шамсиддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Ҳайдаробод-Дакан: Мажлис доират ал-маориф ан-низомия, 1915. – Б. 159).

Тўртинчидан:

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Лисон ал-мезон» китобларини «Мезон ал-эътидол» асосида ёзганлари маълум. Унда зикр қилинмаган кишилар бунда ҳам зикр қилинмаган. Жумладан, «Лисон ал-мезон»да Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам зикр қилинмаган (Қараб кўринг: Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Лисон ал-мезон. 8-жилд. – Байрут: Дор ал-башоир ал-исломия, 2002. – Б. 285).

Бу ҳам асли «Мезон ал-эътидол»да Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ борасида «жарҳ» («таъна») ибораси бўлмаганлигига далилдир.

Бешинчидан:

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ таниқли Ҳинд олими Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг «ар-Рафъу ва-т-такмил» китобини таҳқиқ қилиб нашрга тайёрлар экан, унинг ҳошиясида «Мезон ал-эътидол»нинг 3 та қўлёзма нусхаларини диққат билан текшириб чиққани ва уларнинг ҳеч бирида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоллари йўқлигини ёзганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. ар-Рафъ ват-такмил фи-л-жарҳ ва-т-таъдил. – Қоҳира: Дор ас-Салом, 2000. – Б. 124-125):

1) Дамашқнинг «Зоҳирия» кутубхонасида «Мезон ал-эътидол»нинг учинчи жилди қўлёзма нусхаси 368 ҳадис-тартиб рақами билан сақланади. У тўлиқ Ҳофиз аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг 749 ҳижрий йили вафот этган шогирди Шарафиддин ал-Воний раҳимаҳуллоҳнинг дастхати билан ёзилган экан. Унинг 109б ва 159б варақларида очиқ-ойдин: «Мен бу нусхани устозим Ҳофиз Заҳабийнинг ҳузурида уч марта ўқидим ва у зотнинг ҳузуридаги нусхаларга солиштириб чиқдим», деб ёзилган эди. Унда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоллари йўқ!

2) Ҳалабдаги «Аҳмадия» кутубхонасида 337 тартиб рақами билан сақланувчи қўлёзма бор. У 1160 ҳижрий йили Ибн Мишмашон раҳимаҳуллоҳ томонидан кўчирилган. Бу қўлёзма нусха 777 ҳижрий йили китобат қилинган нусхага асосланган. Ушбу қўлёзмада ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоллари йўқ!

3) Марокашнинг пойтахти Работдаги «ал-Хизонат ал-омма» кутубхонасида ҳам «Мезон ал-эътидол»нинг Қ129 тартиб рақами билан сақланувчи бир қўлёзма нусхаси бор. Бу ўта мўътабар нусха ҳисобланади. Чунки, унда айнан шу нусхани Ҳофиз аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг 8 нафар шогирдлари томонидан устозлари олдида шахсан ўқиб ўтказилгани бирма-бир қайд қилинган. Жумладан, бир шогирди Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ вафот этишидан бир йил илгари шу нусхани устозидан ўқиб ўтказгани ёзилган. Ушбу энг асосий қўлёзма нусхада ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳоли йўқ!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳақидаги ибора асл нусхада йўқ бўлиб, кейинчалик қўшилганига исботдир!

Олтинчидан:

Юқоридаги бешта маълумотдан Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни заиф дейишдан йироқ экани собит бўлади. Қолаверса, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фазилатлари ҳақида алоҳида бир китоб ёзганлар. Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Тазкират ал-ҳуффоз»нинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни зикр қилган жойида: «Бу имомнинг маноқибларида алоҳида бир рисола ёздим», деб қайд қилиб кетганлар (Шамсиддин аз-Заҳабий. Тазкират ал-ҳуффоз. – Ҳайдаробод-Дакан: Мажлис доират ал-маориф ан-низомия, 1915. – Б. 160).

Энди, қандай қилиб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни мақтаб китоб ёзган одам уни заиф дейишлари мумкин?!

Хулоса

Юқоридаги маълумотларни ўқиб чиқсангиз, салафийларнинг, ваҳҳобийларнинг, бемазҳабларнинг хиёнати тўғрисида ўзингиз хулоса қиласиз. Бу мақоладан бизнинг китобларни нашр қилаётган салафий-у ваҳҳобийлар нақадар хиёнаткор эканлиги маълум бўлади. Улар аҳли суннат ва жамоатнинг – мазҳабга тақлид қилувчи уламоларнинг китобларини замонавий нашрларда чоп қилар эканлар, мазкур китоблардаги маълумотларни ўзгартиришдан ҳам, айрим жойларини олиб ташлашдан ҳам, баъзи бир ёлғон, тўқима, туҳмат ва бўҳтонларни қўшишдан ҳам тап тортмасликларини аллақачон исботлаб бўлганлар. Бу биринчи мақолада эса унинг бир мисолини кўрсатишга ҳаракат қилдик.

©️ Ҳамидуллоҳ Беруний.

. .