Абу Ҳанифанинг илмий даражаси
Muallif: . .
Sana: 12.06.2024
419

Абу Ҳанифа р.а. ўз дунё қарашига эга, ўзига хос мустақил йўлни тутган фақиҳ олим эди. У ҳақида айтилган мақтов садолари авлодлар оша жаранглаб У зотнинг сийратларига хуш бўй таратиб келмоқда. Уламолардан бири шундай деган эди: мен Абу Ҳанифанинг ҳузурида беш йил бўлдим. У кишидек узоқ сукут сақлайдиган кишини кўрмадим. Агар фиқҳдан бирор савол сўралса, очилиб, селдек қуйилар эди. Замондошларидан бири Абдуллоҳ ибн Муборак У зотни: илмнинг мағзи, деб тавсифлаганидек, илмнинг энг тубигача етиб борган эди. Масалаларнинг туб моҳиятига етиб борар ва ўзининг усулий қоидаларини шу асосга барпо қилар эди. Замонасида фикри, илми ва илмий мунозаралари билан шуҳрат қозонди. Мутакаллимлар билан муноқаша қилар, бидъатчи тоифаларнинг ҳавоий ақидаларига раддия берар, турли фирқалар билан мунозара қилар эди. У зотнинг калом илми масалаларида ўзига хос қарашлари борлиги маълум. Ҳатто, бу илмда у кишига мансуб рисолалар ҳам мавжуд. У зот фиқҳ, тахриж, ҳадисларни тушуниш, аҳкомларнинг иллатини истинбот қилиш ва унга усулий қоидаларни асослаш борасида юксак мақомга эгадир. Бу ҳақда замондошларидан бири: мен ҳадисни тушуниш борасида ундан яхшироқ кимсани кўрмадим, деган.

Абу Ҳанифада бунчалик кўп илм қаердан пайдо бўлди? Унинг манбаъси қаерда? Унга замин тайёрлаган нарса нима? Унда қандай имкониятлар мавжуд бўлдики, ислом олами тарихида илми ривоят қилиб келинади.

Абу Ҳанифанинг илмда етукликка эришишига асос бўлган тўртта сабаб бор. Биринчиси, унинг табиатидаги сифатлар. Иккинчиси, уни илмга йўналтирган ва унга катта таъсир ўтказган устозлари. Учинчиси, шахсий ҳаёти ва тажрибалари. Тўртинчиси, у яшаган замон ва уни ўраб турган мафкуравий муҳит. Қуйида ана шу сабабларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида сўз юритамиз.

1.Абу Ҳанифанинг табиатидаги сифатлари:

Абу Ҳанифа р.а. уни уламолар орасида энг чўққига чиқишига сабаб бўлган сифатлар билан сифатланган эди. У саботли, ишончли, кенг фикр юритувчи, ҳақиқатларни илғаб олувчи ҳақ рост олимнинг сифатига эга эди.

У ўзига талабчан, ҳиссиётларини жиловлаб олган эдики, унга қарши айтилган сўзлар уни ўзидан бегона қилмас, ноҳақ айтилган гаплар уни ҳақдан четлата олмас эди. У доим шундай дер эди: Эй, Аллоҳим! Кимнинг бизга кўнгли тор бўлса, бизнинг қалбимиз унга ҳамиша кенгдир. Унга ато этилган мустақил фикрлаш қобилияти уни Китоб ёки суннат ёки бирор саҳобанинг фатвосидан бошқага бўй сунишга йўл бермас эди. Бу борада унга бировга нисбатан муҳаббат ёки адоват ўз таъсирини ўтказа олмас эди.

Масалалар устида жуда чуқур фикр юритар, зоҳирий баҳс юритиш билан кифояланмас, ибораларнинг зоҳирий маъносида тўхтаб қолмас, балки унинг ботиний томонлари устида ҳам фикр юритар эди. Эҳтимол, ундаги мана шундай чуқур фалсафий ақл юритиш хусусияти уни илмий ҳаётининг аввалида калом илми билан шуғулланишга, шунингдек, ҳадисларни чуқур таҳлил қилиб, ундаги ҳукмлар қандай иллатларни ўз ичига олганлигини излаб топиш даражасида ўрганишга туртки бўлган бўлса, ажаб эмас.

Абу Ҳанифа р.а. ҳозиржавоб инсон эди. Ҳеч қачон фикрлашдан тўхтаб қолган эмас. Рақиби уни қанчалик мот қилишга уринмасин, ундан осонлик билан чиқиб кетишга имкон топар эди. Бу борада У зотдан ажойиб ва ғаройиб хотиралар қолган. Ҳаттоки, бу хусусда шундай дейилган: агар у киши бирор ҳукмни исбот қилиш ёки инкор қилишни ирода қилса, албатта бунинг уддасидан чиқар эди.

Абу Ҳанифа р.а. доимо ҳақ томонида бўлган. У ҳох ғолиб бўлсин, ҳох мағлуб бўлсин унинг мақсади фақат ҳақиқат бўлар эди. Ҳақпарварлиги учун ҳам ўзининг фикрини мутлақ ҳақиқат, деб ўзгаларни уни қабул қилишга мажбурламас эди. Балки: бу гап менинг фикрим, агар бирор киши менинг сўзимдан кўра яхшироқ гап айтса, ана ўшанинг гапига эргашилади, дер эди.

Ушбу сифатлар Абу Ҳанифа р.а.ни унга етган руҳий ғизодан озиқланиб буюк фақиҳ бўлиб етишишига сабаб бўлди.

2.Уни илмга йўналтирган ва унга катта таъсир ўтказган устозлари:

Имом Абу Ҳанифа р.а. бир нечта саҳобалар билан учрашган. Жумладан, Анас бин Молик, Абдуллоҳ бин Абу Авфа ва Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳумлар билан кўришган, аммо улардан ҳадис ривоят қилмаган. Чунки, улар билан учрашган вақтда у ҳали ёш бола эди. Лекин, уламолар Абу Ҳанифани катта тобеинлар билан учрашгани, уларнинг мажлисида ўтириб, улардан дарс олганлиги ҳамда улардан ҳадис ривоят қилганлиги, уларнинг фиқҳини ўзлаштирганлигига ижмо қилганлар. Бу ҳақда Абу Ҳанифа р.а.нинг ўзи шундай деган: мен илм ва фиқҳ маъдани ичида бўлганман, унинг аҳли билан ўтиришганман, фуқаҳоларидан бирининг этагини тутганман. Мана шунинг ўзи Абу Ҳанифани илмий муҳитда яшаганлиги, уламолар билан ўтиргани, уларнинг илмий баҳс юритиш йўлларини ўрганганлигига далолат қилади. Сўнгра у ўзига фиқҳий қарашларида муносиб бўлган фақиҳни устозликка танлади ва ўн саккиз йил унинг хизматида бўлди. У зот ўз замонасида Ироқ фиқҳи машойихларининг сўнгиси деб эътироф этилган Ҳаммод бин Абу Сулаймон эди. Ҳаммод фиқҳни асосан аҳли раъйларнинг фақиҳи Иброҳим Ан-Нахаъийдан, шунингдек, аҳли ҳадисларнинг фақиҳи Аш-Шаъбийдан олган эди. Ана у иккиси буюк саҳобийлар Абдуллоҳ бин Масъуд ва Али бин Аби Толиб р.а.ларнинг фиқҳидан қонган эдилар. Бу икки саҳобий р.а. Куфада туриб унинг аҳлига улкан фиқҳий меросни қолдириб кетган эди.

Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ато бин Аби Рабоҳ бўлиб, у зот Ибн Аббос р.а.нинг илмий хулосаларини унинг мавлоси Икримадан олган. Абу Ҳанифа р.а. Маккада яшаган вақтида Ато бин Аби Рабоҳнинг мулозими бўлган.

Шунингдек, Абу Ҳанифанинг устозларидан яна бири Ибн Умар р.а.нинг мавлоси Нофеъдир. Абу Ҳанифа р.а. ундан Умар бин Хаттоб р.а. ва Абдуллоҳ бин Умар р.а.нинг илмини олди. Шундай қилиб имом Абу Ҳанифада буюк саҳобийлар Умар, Али, Ибн Аббос, ибн Масъуд, Ибн Умар р.а.нинг илмлари уларга мулозим бўлган тобеинлар орқали жам бўлди.

Имом Абу Ҳанифа р.а. фақатгина ўша санаб ўтилган фуқаҳолардангина илм олиш билан чекланиб қолмади. Балки, у Оли Байт, яъни Пайғамбар а.с.нинг авлодларидан бўлмиш Имом Зайд бин Али Зайнул Обидийн, Муҳаммад Ал-Боқир, Жаъфар Ас-Содиқ, Абдуллоҳ бин Ал-Ҳасан бин Ал-Ҳасандан ҳам илм ўрганди, улардан дарс ўқиди.

Абу Ҳанифа илмий муносабатларини фақат юқорида зикри ўтган уламолар билан боғлашда тўхтаб қолмай, у турли хилдаги фирқаларнинг фикрлари билан яқиндан танишиб, уларнинг ҳар биридан ўзига хос хулосалар ясади.

Юқорида ўтган маълумотлардан сўнг айтишимиз мумкинки, Абу Ҳанифа р.а. фиқҳни ўз замонасида мавжуд бўлган барча манбаълардан олишга эришди. Шундай бўлсада, у аҳли Раъйларнинг фикрлашидан кўпроқ таъсирланди, балки унинг ўзи аҳли Раъйларнинг етук шайхига айланди.

3.Абу Ҳанифанинг шахсий ҳаёти ва тажрибалари:

Абу Ҳанифа р.а.нинг ҳаёти ва илмий тажрибаси уни Ироқнинг биринчи рақамли фақиҳи бўлиш сари йўналтирди.

У тижорат билан шуғулланар, тижорий олди-сотди ва урф-одатларнинг барчасидан хабардор эди. Бу эса уни одамларнинг ўзаро муомалалари ва тижорат аҳкомларида етук билимдоннинг сўзини айта олиш имкониятига мушарраф қилди. У ўзининг фиқҳий қарашларида урфга катта эътибор қаратди. Қачонки, қиёс билан ҳукм чиқариш манфаат ва адолатга зид кўринса, бу ўринда истиҳсонни қўллашни маъқул кўрар эди.

Ҳаж ва бошқа мақсадларда кўп сафар қилар, сафари давомида уламолар билан учрашар, улар билан музокара олиб борар, ривоят қилар ва фатволар берар эди. Бундан ташқари, сафар қилишнинг ўзи ҳам унга кўп фойда берар эди. Масалан, зеҳни чарҳланар, ваҳй нозил бўлган жойлар билан танишар, турли шаҳарларни кўрар, янги хабарлар ва асарларнинг маънолари ҳақида маълумотларга эга бўлар, шунга қараб фиқҳий масалаларни тасаввур қилиш билан уларнинг ҳукмини яхши баҳолай билиш имкониятига эга бўлар эди.

Абу Ҳанифа р.а. илм талабини бошлаган ёшлик вақтидаёқ тортишув ва мунозараларга дуч келди. Унинг ақида борасида тортишувлари фикрининг чахланиши, идрокининг чуруқлашувига сабаб бўлди. Фиқҳ борасидаги мунозаралари илгари унга таниш бўлмаган ҳадислар, саҳобаларнинг фатволари билан танишиш имконини берди.

Имом Абу Ҳанифанинг ўзига хос дарс ўтиш усули муаллим ва мутааллимни бирдек илмий савиясини оширишга қаратилган эди. У ўртага бир фикрни ташлаб, уни шогирдлари билан бирга муҳокама қилар, ҳар ким бу масала устида ўз фикрини эркин баён қилгач, барчанинг фикридан ҳосил бўлган хулосани ясаб, барча уни тасдиқлагач ёздирар эди. Мана шунинг ўзи ҳам Абу Ҳанифанинг илми муттасил ўсиб, фикри тўлишиб боришида муҳим аҳамият касб қилди.

4.Абу Ҳанифа яшаган замон ва уни ўраб турган мафкуравий муҳит:

Абу Ҳанифа р.а. Уммавийлар давлатининг авжи тараққий топган, куч-қувватга тўлган даврини ҳам, унинг инқирозга учраш вақтини ҳам кўрди. Шунингдек, у Аббосийлар давлатининг ҳар томонлама ҳукумронлиги ортиб, барча ишларида зафар қозонаётган даврини ҳам топди. Абу Ҳанифа Уммавийлар даврида эллик икки йил яшади. Бу вақт ичида у илмий ва фикрий комилликка етиб улгурди. Қолган ўн саккиз йил умрини Аббосийлар давлати вақтида яшади ва бу даврга келиб унинг фикрий одатлари ва илмий йўналишлари қарор топган ва у ўзининг кўплаб натижаларини бераётган эди. Шунга кўра Абу Ҳанифанинг ҳаёти давомида олган илмларининг аксари Уммавийлар даврига тўғри келади. Аббосийлар даври эса, аввал бошлаган ишларининг натижалари хосил бўлиш палласи ҳисобланади.

. .