МИР АРАБ МАДРАСАСИДА ТАҲСИЛ ОЛГАН ЎЗБЕКИСТОН УЛАМОЛАРИ
Muallif: . .
Sana: 26.04.2024
316

ШАЙХ АБДУҒАНИ АБДУЛЛАЕВ (1928-1999)

Абдуғани Абдуллаев (Шайх Абдуғани Абдуллоҳ) 1928 йилнинг 28 апрелида Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани Олтиариқ қишлоғида дунёга келган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, 1945-1950 йилларда Мир Араб мадрасасида таҳсил олади, бироқ 1951 йилдаги бирувчилар билан бирга диплом ололмайди. У 1954-1957 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида турли вазифаларда ишлайди. Бу ерда Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Исмоил махдум Соттиев каби замонасининг машҳур уламолари билан бирга хизмат қилади ва уларнинг энг муносиб шогирдларидан бири сифатида танилади. У 1957-1961 йилларда диний идора раҳбариятининг тавсияси билан Мисрнинг Ал-Азҳар университетида таълим олиб қайтади. Тиришқоқлиги, тинимсиз ҳаракати ва ўткир заковати туфайли араб, форс, инглиз, рус ва турк тилларини ўрганади ва барча жаҳон динларининг ҳақиқий билимдони бўлиб етишади.

Араб мамлакатларидаги диний таълим жараёнларини яхши ўрганган Шайх Абдулғани Абдуллоҳ 1961-1965 йилларда ўзи таълим олган Мир Араб мадрасасида талабаларга тафсир, ақоид, фиқҳ фанларидан дарс беради. Шу аснода ўзи ҳам 1963-1964 ўқув йилининг охирида мадраса битирувчилари билан бирга имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, шаҳодатнома олади. У талабалар билан суҳбатлашиб чарчамайдиган, уларни ухровий илмлар билан бирга дунёвий илмларни баробар ўрганишга даъват этадиган инсон бўлган. 1965 йили Шайх Абдулғани Абдуллоҳ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига масъул котиб этиб ишга тайинланиши муносабати билан мадрасадан чиқариб олинади.

1948 йилда тўхтаб қолган идора журнали “Совет Шарқи мусулмонлари” номи билан қайтадан нашр этила бошлади. Унинг раҳбарлиги остида журналнинг ички ва ташқи кўриниши тубдан ўзгарди, янгидан-янги, ранг-баранг материаллар билан бойитилди. Шайх Абдулғани Абдуллоҳ бош муҳаррир вазифасида 1975 йилга қадар ишлади. Шундан сўнг 1975-1989 йилларда диний назорат раиси ўринбосари, 1989-1992 йилларда Тошкент вилояти бош имом хатиби бўлиб хизматини давом эттирди.

Юртимиз тарихи билимдони, халқимиз бошидан ўтган барча оғир кунларни ҳис қилган Абдулғани Абдуллоҳ мустақилликни хайрхоҳлик билан кутиб олди. Дастлабки кунларданоқ бундай неъматнинг қадрига етиш ва мустаҳкамлаш йўлида ўз билими ва кучини аямади. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилганда Абдулғани Абдуллоҳ унинг биринчи раислигига муносиб кўрилди ва 1995 йилга қадар сидқидилдан меҳнат қилди. Ўзбекистондаги турли дин вакиллари ўртасида биродарлик ришталарининг мустаҳкамланиши Ватан манфати йўлида бирдамликда ҳаракат қилишларида Шайх Абдулғани Абдуллоҳнинг хизматлари катта бўлди. 1995 йилда ЎМИ ҳузурида очилган Халқаро ислом тадқиқот марказининг тамал тошини қўйиш, унга биринчи директор бўлиш Шайх Абдулғани Абдуллоҳга насиб этди. 1997-1999 йилларда эса ЎМИ раиси ўринбосари бўлиб ишлади.

Шайх Абдулғани Абдуллаев 1999 йили Тошкентда жума куни, уйида китоб мутолаа қилиб ўтириб, жон таслим қилган. Жаноза намозини муфтий Абдурашид Баҳромов ўқиган. Тошкентдаги Шайх Зайниддин қабристонига дафн этилган.
. .