ҲАДЯ ҚИЛИНАДИГАН НАРСАЛАРНИНГ ЭНГ ҚИММАТБАҲОСИ ИЛМДИР
Muallif: . .
Sana: 03.07.2023
166

Ким шариатда рухсат берилган, ҳалол ҳисобланган хаёт шодликларию лаззатларини тарк этиб, бутун борлиғини илм олиш, китоб ёзиш ва дарс беришга бахшида қилса, илм олишдан кўра ошна-оғайничилик, аёллар,

қавм-қариндошлар, ширин таом ва ичимликлар лаззатию баданнинг роҳати ва юмшоқ кўрпа-тўшакларда ётиб ором олишни афзал кўрмайди. Бундай инсон кечаси бедор бўлади, кундузи ҳам жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Нафси илмга тўймайди, ўқишдан чарчамайди, малолланмайди, изланиш, дақик ўрганишдан зерикмайди. Ухласа, илм учун ухлайди. Турса, илм учун туради. Илм қалбининг доимий улфатига, ақлининг суҳбатдошига айланади. Уйғонганда ҳам, ухлаш олдида ҳам унинг учун биринчи даражали энг муҳим нарса илм бўлиб колади.

Шоир Ҳамосий ўзининг бутун борлиғи, ичию таши, уйкусию уйғоқлиги фақат у билан бўлган, шуурини банд қилган, калбини эгаллаган, хаёлларида бошқа нарсага ўрин бермаган илм ҳақида шундай дейди:

Ҳар енгил уйқудан охиргисисан,

турганимда аввалгиси ҳам ўзингсан.

Кимки илмга ана шундай муносабатда бўлса, илм унга ўз ажойиботларини такдим қилади, орзу-истакларига етиштиради, ўзи эса инсонлар орасида пешвога айланади ва ўзидан кейингилар учун яхши ном ва абадий солиҳ амаллар қолдиради.

Шунинг гувоҳи бўлишимиз мумкинки, жуда кўплаб катта уламолар, фақиҳ имомлар, муфассиру муҳаддислар, луғату наҳв олимлари, адиблару тарихчилар имконлари бўла туриб, дунёдан тоқ ўтишган, уйланишмаган. Улар “Уйлансак, илмимиз тўхтаб колади” деб билишган ва ёшлик пайтларида ҳам, етуклик даврларида ҳам, қариганда ҳам бўйдоқликка, унинг кийинчилик ва машаққатларига рози бўлишган. Бунинг сабаби шуки, бу зотлар оила ва
бола-чақа ташвиши, уларнинг ҳақларини адо этиш ва риояларини қилиш каби уйланган кишиларни машғул қилиб қўядиган юмушлар зиммасига тушиб, вақтини олиб қўймаслиги учун шу йўлни танлашган. Улар гарданларига оғир масъулиятни юклаб, сабр қилиб, бокий илмий мерос қолдиришган ва бошқалар манфаати йўлида ўзларини курбон қилишган. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва қилган амалларини қабул килсин!

Улар вактларини тақсимлаб, овқатланиш, ухлаш, фарз ва нафлларни адо қилиш, кечалари ибодат билан машғул бўлиш, илм олиш, китоб ўқиш ва ёзиш каби ишларни тартибли тарзда олиб боришган. Шу билан бирга, улар кундалик юмушларни, дунёвий ишларни тарк қилишган. Оддий, содда ҳаёт кечиришга, кам еб-ичиш, юпун кийиниш, фақирона уйда яшашга рози бўлишган. Бунинг асосий сабаби илмга кўпроқ вақт ажратиш, фурсатдан унумли фойдаланиш эди. Чунки улар илмни изланадиган нарсаларнинг энг азизи, рағбат қилинадиган нарсаларнинг энг буюги, деб ҳисоблашган.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Азимжон Якубов

. .