ИСМАТУЛЛА АБДУЛЛАЕВ – МАНБАШУНОС ОЛИМ
Muallif: . .
Sana: 05.07.2023
198

Профессор Исматуллоҳ Абдуллаев (1927 - 2005) нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ иттифоқ шарқшунослигида танилган олимлардан бири эди. Аслида мутахассислиги шарқшунос, манбашунос бўлган олим ўтган асрнинг охирида матбуотда долзарб мавзулардаги ҳозиржавоб чиқишлари билан бошқаларга ибрат намунасини кўрсатди. Устознинг илмий-оммабоп ва публицистик мақолалари сони 700 дан ортиқлиги фикримизнинг далилидир. Олим 1957 йилдан 1992 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим, ката илмий ходим, етакчи илмий ходим бўлиб хизмат қилди. Илмий фаолияти Мовароуннаҳр ва Хуросон шоирларининг араб тилидаги X - XI аср бошларидаги шеъриятига бағишланган (3,27). Исматулла домланинг адабиётимиз тарихи борасидаги изланишлари орасида буюк шоирларимиз Алишер Навоий ва Бобораҳим Машраб ижодига оид асарлари алоҳида ўрганишга молик тадқиқотлардир. Республикамизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Наманган давлат педагогика институти базасида университет ташкил этиш ҳақидаги Фармонидан сўнг, Исматулла Абдуллаев биринчи кўнгиллилардан бўлиб Наманганда фаолият бошлади. Бу ерда “Шарқ тиллари” кафедрасини ташкил қилиб араб тили йўналишида ўқийдиган талабаларга сабоқ берди, ҳамда шогирдлари билан биргаликда наманганлик ижодкорларнинг асарларини жиддий ўрганиш ишларини бошлаб юборди. Олимнинг биринчи навбатда Бобораҳим Машраб ижоди таҳлилига бағишланган мақолалари анча салмоқли бўлди. Аайниқса, шоир шеърларининг ахлоқий-тарбиявий жиҳатлари ёритилган мақолалари диққатга сазовордир. Машрабнинг ўтган асрда бошқа муаллифнинг асари сифатида атайин ўрганилмай келинган “Мабдаи нур” китоби ҳақида кўплаб мақолалар ёзиб, машрабшуносликнинг ривожига катта ҳисса қўшди. Таниқли манбашунос Муҳсин Зокиров ўша (1990) йили“Машраб олдидаги гуноҳларим”, дея тавба қилиб, “Ёш ленинчи” газетасига мақола ёзди. У ўз мақоласида Бобораҳим Машраб асарларини нотўғри талқин этгани ва улар қаторида “Мабдаи нур” ва “Кимё” асарларини ноҳақ равишда Рўзибой Машрабники, деб айтгани учун кечирим сўради. Бу чиқишлар ўқувчилар оммасида кучли таассурот қолдирди. Жумладан, воқеанинг бундай тус олиши профессор Исматулла Абдуллаевни ҳам тўлқинлантириб юборди ва у киши мазкур асарларнинг Бобораҳим Машрабга тегишли эканиниматбуотда исботлашга тушиб кетди (5,3). “Мабдаи нур” асаридаги ўнлаб далиллар асосида бу асар Бобораҳим Машрабнинг қаламига мансуб эканлигини исботлаб берди. Зеро, Машраб ҳаёти ва ижоди бугунги мустақиллик кунларида холисона ўрганилиб, чуқур таҳлил этилмоғи, унинг халқимизга саёз, юзаки, чала чулпа қайтарилган “Мабдаи нур”и асл ҳолича нашр этилмоғи, ўз баҳосини олмоғи зарурий ҳолдир (1,5). Машрабнинг туғилган йили ва жойи масаласи узоқ вақтдан буён адабиётшунослар орасида кўплаб баҳсларга сабаб бўлиб келар эди. Исматулла Абдуллаевнинг қўлёзма манбалар асосида ёзилган илмий мақолалари бу муаммони ҳал этишда асос бўлди. Шунга кўра Машраб 1641-йили Наманганда туғилган деган тўхтамга келинди ва шоир таваллудининг 350 йиллиги шу асосда нишонланди. Машраб асарларидан териб олинган ҳикматли сўзлар ҳам алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Булар: “Кимё”, “Мабдаи нур”, “Машраб ҳикматлари”, “Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллодан ўргандим” китоблари эди. Исматулла Абдуллаев томонидан Машрабнинг “Мабдаи нур” асарининг чоп этилиши адабиётшунослигимизда жуда катта воқеа бўлди. Бу нашр тўғрисида баҳс мунозаралар ҳали ҳозир ҳам давом этмоқда. “Мабдаи нур” қайта нашр этилиши бу асарга бўлган қизиқиш кучли эканлигини билдиради.Асли Балх шаҳрида туғилган, кейинчалик Туркиянинг Коня шаҳрига кўчиб бориб қолган, дунёга машҳур “Маънавий маснавий” асарининг муаллифи Жалолиддин Румий таъсирида ёзилган деб талқин қилинадиган “Мабдаи нур” асарини ҳар томонлама ўрганиш вақти келган эди. Профессор Исматулла Абдулллаев шоирнинг олдинги нашрларга кирмай қолган шеърларини тўплаб, чоп эттирганини алоҳида таъкидлаш керак.

Исматулла Абдуллаев ХIХ аср охири ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган Мулла Йўлдош Хилватийнинг қўлёзма асарларини тадқиқ қилдилар. Натижалар ҳам тезда кўзга ташланди. 2001-йилда эса Хилватийнинг салмоқли девони тўлиқ ҳолда чоп этилди. Хилватий ўз замонасининг илғор фикрли, зиёлиси бўлган. Ўз манфаатидан кўра халқ манфаатини устун билган. Халқни илм эгаллашга чорлаган маърифатпарвар шоир руҳоний бўлган. Кўпинча ўша вақтда руҳонийлар, диндорлар янги усулда ўқитишга қарши бўлган деган фикрларни эшитамиз. Хилватий эса руҳоний диндор бўлса ҳам халқни маърифатли қилишда янги усул мактаби зарур эканлигини тушуниб етган, шунинг тарафдори бўлган.Ҳатто ўзи “Чароғи мактаб” номли махсус асар ёзган. Хилватий ҳамма асарларини шеърий йўл билан ёзган. Адабиётшунослигимизда Муқумий, Фурқат, Завқий саёҳатнома жанрида ижод қилганлиги маълум. Наманганлик Хилватий ҳам саёҳатнома жанрида қалам тебратган. Унинг маснавийлари орасида “Сайрул-жибол” номли саёҳатнома жанрига мансуб шеърий асари бор бўлиб, бу шоирнинг бир нечта ҳамроҳлари билан Почча ота зиёратгоҳига қилган сафари таассуротлари асосида ёзилган экан. Исматулла Абдуллаев Хилватий асарларини ўрганишга ёш тадқиқотчиларни жалб қилди. Кейинчалик шоирнинг “Чароғи мактаб” ва “Сайрул-жибол” (тоғ саёҳати) асарини китоб ҳолида чоп эттирди.

Ибн Сино ва Берунийлар замондоши буюк олим, шоир, тилшунос, адиб ва тарихчи Абу Мансур Абдулмалик Саолибий ҳаёти ва ижоди ҳали етарли ўрганилгани йўқ дея, ўтган асрнинг 60 йилларида биринчилардан бўлиб ижодини илмий тадқиқ этиш ишларин ҳам биринчилардан бўлиб Исматулла Абдулллаев бошлаб берди (2, 4-5). Кейинги вақтларда устознинг наманганлик мумтоз шоир Мулло Йўлдош ўғли Хилватий, Партав, Кўҳий, Доғий, Шўхий каби наманганлик шоирлар ижодига бағишланган бир қанча илмий мақолалари чоп этилди. Олимни кўп йиллар қизиқтириб келган муҳим бир мавзу бор эди, яъни Мулло Йўлдош ўғли Хилватий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш масаласи. Бу мавзудаги изланишларни Наманганга келгандан сўнг астойдил давом эттирди. Аввал халқимиз бир аср давомида ардоқлаб, асраб-авайлаб, ўқиб келаётган Хилватийнинг “Мавлуди шариф” асарини эски ўзбек ёзувидан крилл ёзувига ўгириб, китоб ҳолида нашр қилдиришда бош-қош бўлди. Шундан кейин шоирнинг ҳамма асарларини мужассамлаштирган яхлит девонини нашрга тайёрлаб кўп нусхада чоп қилдиради. И. Абдуллаевнинг академик М. Ю. Крачковский, профессор В. И. Беляев, А. Расулов, М. Баҳодиров ҳақидаги мақолаларида уларнинг шарқшунослик фанига қўшган улкан ҳиссасилари ўз аксини топган. Ҳамиджон Ҳомидий ва Маҳмуджон Маъмуровлар томонидан нашр этилган “Наманган адиблари” китобини тузишда ҳам олим Исматулла Абдуллаевнинг илмий мақолалари асос бўлганлиги эътиборилидир(4,5). Манбашунослик соҳасида Исматулла Абдуллаевнинг ижодий ишлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биз эса юқорида уларнинг айримларинигина келтириб ўтдик.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Алиқулов Раҳмонқул

АДАБИЁТЛАР

1. Мўмин Ҳошимжонов. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий фаолияти. – Тошкент.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. 2007. 112 бет.

2. Абдуллаев И. Абу Мансур ас-Саолибий. – Тошкент.: “Ўзбекистон”. 1992. 94 бет.

3. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти. 1- жилд. – Тошкент.: 2000. 736 бет.

4. Ҳамиджон Ҳомидий, Маҳмуджон Маъмуров. “Наманган адиблари”. – Тошкент.: “Фан”, 2007. 280 бет.

5. Абдусаттор Жуманазар. “Мабдаи нур” ва калаванинг икки учи. Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси. 2010 йил 36- сон. 3- бети.

. .