
Ислом аёлларга ўз ҳуқуқларини берган, уларни жоҳилият зулмидан қутқарган ягона дин. Агар исломнинг бошқа фахри бўлмаганида ҳам, аёлларга қилган эҳтироми Ислом учун фахрга кифоя қиларди.
Ислом келишидан олдин жоҳилият даврида оилалар қиз фарзандли бўлишга рағбат қилишмасди. Аксинча, қиз фарзанд кўришдан нафратланар, қиз фарзандни ор деб билишарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:
Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. Ўзига берилган хушхабарнинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. (Қиз)ни хорлик-ла олиб қолиш (яъни ўзига ор-номус қилиб олиб юравериши) ёки (тириклай) тупроққа кўмиб юбориш (тўғрисида ўй суриб қолади). Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари нақадар ёмондир. (Наҳл сураси, 58-59 оятлари)
Ҳа, жоҳилият аҳли нафақат нафраланиб қўя қолишарди, балки қатл қилишга, тириклайин кўмишга ҳам журъат қилар эди. Аёл кишини у заифа, кўп ишларга кучи етмайди, жангларда иштирок этолмайди, ўзини ҳимоя қилолмайди, аксинча, унинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлади, деб билишарди.
Ислом дини келгач, бу қиёфани бутунлай ўзгартирди. Аёлнинг шаънини кўтарди. Аёлларни эркакларнинг бир бўлаги, уларнинг тенгдоши, ўхшаши деб эътибор қилди. Ҳатто оятда қизларни эъзозлаб, “Хоҳлаганига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаганига ўғиллар ҳадя этур” (Шўро сураси, 49-оят) деб, уларни эркаклардан муқаддам зикр қилди.
Аёлларга нисбатан қўполлик қиладиган эркакларнинг қалбини уларга нисбатан юмшатиб, уларни эркакларга суюкли қилиб қўйди. Эркакларга аёллар ўша эркакларни дунёга олиб чиқадиган оналар эканини билдириб қўйди. Шу эътибордан аёллар эркакларга нисбатан устунлик ва ортиқликка эга бўлишди.
Ислом дини аёлнинг жамиятдаги ўрни яхши бўлишида аёлнинг валийлари ва васийлари уни муҳофаза қилиши, авайлаб асраши, унга эътибор қаратиши ўта муҳим эканининг таълимини берди.
Чунки аёл-қизларга нафрат кўзи билан қаралса, улар ёмон кўрилса, эътиборсиз қолдирилса, уларга нисбатан бундай муносабат уларнинг йўлдан тойиши, ҳаётдаги муҳим ролидан воз кечишига сабаб бўлиб қолади. Чунки бу ҳолат уларни шу нарсага ундайди.
Агар қиз болани оиласи яхши кўриб, ҳурмат қилса, у ҳам ўзини қадрлашни, ўз ҳурматини ва оиласининг шаънини сақлашни ўрганади, иззат-ҳурматини ҳимоя қилади, бирор кимса томонидан таҳқирланишни қабул қилмайди ва ундан эрмак сифатида фойдаланишларига асло йўл қўймайди.
Чунки оила даврасида қадр-қиммат ва ҳурмат-эҳтиром билан улғайган қиз шу оиланинг азиз аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳеч ким унга, ҳатто бир оғиз сўз билан бўлса ҳам гап отишга, уни алдашга журъат қилолмайди. Чунки унинг ортида оила-аъзолари ва қариндош-уруғлари ҳимояда турибди. Баъзи миллатлар ҳақида улар аёл-қизларини қаттиқ ҳимоя қилишларини эшитганмиз. Шу сабабли ўша миллат аёл-қизларининг турли юртларда шаъни топталаётганини эшитмаймиз. Бўлса ҳам камдан-кам бўлиши мумкин. Шундай экан, оиланинг эркаклари – ота, ака-ука, ўғил, амаки ва тоғалар – аёл-қизларини қадрлашларини билдириб қўйишлари керак бўлади. Лекин бу дегани уларни тақиқ остига олиб, уйга қамаб қўйишсин, дегани эмас. Балки уларни эъзозлашларини билдириб қўйишса, у аёл-қизларга нисбатан бирор бегона кимса тажовуз қилишга журъат қилолмайди. Ана шунда аёл-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишларига ҳеч қандай зарурат ҳам туғилмайди.
Ўз оиласида ва яшаб турган жамиятида иззат-ҳурматини топган аёл-қизлар касб қилиш борасида ҳам кўп пул топишдан кўра ўз шаънини юқори қўяди, камроқ пул топса ҳам иззат-ҳурматини сақлайдиган касблар билан машғул бўлади. Кўп пул топаман деб шаънидан воз кечиб юбормайди. Шарқ аёлларини, бизнинг миллат аёлларини, айниқса, китобхон, зиёли аёлларни ана шундай аёллардан деб биламан.
Бунинг акси ўлароқ, оиласида таҳқирланиб хорланган, ўз қадр-қимматини топмаган, оилада ўзининг муҳим ўрни борлигини билмаган, оила-аъзолари томонидан турли турткиларга учраб улғайган айрим қизларда ўз қадрини тушириб юбориш ва ўзига хиёнат қилиш ҳолатлари учраб туради. Шунингдек, ўзгаларнинг бир оғиз “ширин” сўзига алданиб, уларнинг эрмаги бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. ...
Шундай экан, қиз тарбиясида машғул бўлар эканмиз, уларни оиламиз учун энг қардли инсонлар деб тарбиялайлик. Улар ўзларини оила аъзолари учун энг азиз инсонлар эканини билиб улғайишсин. ...
Бугунги кундаги каби тенгликни талаб қилиб чиқиш ҳолатлари ҳаққи топталганда, назар-писанд қилинмаганда вужудга келади. Аслида, ўзлигимизга назар солсак, бизнинг миллат, бизнинг қадриятлар, бизнинг динимиз аёл-қизларни нақадар ҳурмат-эҳтиром қилганига гувоҳ бўламиз. Шундай экан, бу борада ғарбга эргашиш ўрнига, ўзлигимизга қайтишимиз, қадриятларимизни ўрганишимиз ва динимиз кўрсатмаларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади. Шунда мақсадга энг қисқа йўл билан борамиз ва энг қисқа фурсатларда муваффақиятга эришамиз, иншоаллоҳ!
Манба bayyinauz
Қудратуллоҳ Сидиқметов