​ТАВАССУЛ НИМА ВА УНИНГ МОҲИЯТИ
Muallif: . .
Sana: 01.04.2023
535

Тавассул арабча «кимгадир ёки нимагадир яқин бўлиш» деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса «Дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш, тавассул деб аталади». Тавассулнинг жоиз эканига ислом уламолари ижмо боғлаганлар. Зеро, бу борада кўплаб далиллар бордир. Шулардан бири Аллоҳ таолонинг: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва унга васила талаб қилинглар», деган маънодаги оятидир. (Моида сураси 35-оят).

Шунинг учун саҳобаларнинг давридан то ҳозирги кунимизга қадар мусулмонлар ўз дуоларида васила қиладилар. Василанинг бир нечта тури бор бўлиб, уларнинг ҳар бирининг жоиз ёки жоиз эмаслиги борасида далиллар мавжуд. Қуйида шулар ҳақида қисқача тўхталамиз.
1. Аллоҳ таолонинг гўзал исм ва сифатларини васила қилиш. Яъни дуо ижобати мақсадида Аллоҳнинг исм ва сифатларини ёдга олиб, дуо қилинади. Ушбу васила жоиз ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас улар билан дуо қилинглар», деган.
2. Солиҳ амалларни васила қилиш. Василанинг бу турнинг ҳам жоиз эканига бир қанча далиллар бўлиб, шуларнинг бири Имом Бухорий ва Муслимларнинг Саҳиҳларида зикр қилинган. Унга кўра ғор соҳиблари ўзларининг солиҳ амалларини васила қилиб, Аллоҳ таолодан нажот сўраганлар. Сўнг Аллоҳ таоло уларга нажот берган. Агар солиҳ амални васила қилиш жоиз бўлмаганда уларга нажот берилмаган бўлар эди.
3. Солиҳ кишининг дуоси билан васила қилиш. Жуда кўплаб ҳадисларда саҳобаларнинг Росулуллоҳ алайҳиссаломдан дуо талаб қилишлари василанинг ушбу турининг ҳам жоиз эканини ифодалайди. Зеро, бу амал жоиз бўлмаганда Росулуллоҳ алайҳиссалом дуо сўраб келганларга мендан дуо қилишни сўрамай тўғридан тўғри Аллоҳ таолога дуо қилинглар, деган бўлар эдилар.
4. Пайғамбарлар, авлиёлар ҳамда солиҳ инсонларни васила қилиш. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра василанинг бу тури ҳам жоиз. Шунга кўра Набий алайҳиссаломни ҳамда бошқа солиҳ инсонларни уларнинг тириклигида ҳам вафот этгандан кейин ҳам дуода васила қилиш мумкин бўлади. Ҳозирги кундаги бемазҳаб, салафийлар Росулуллоҳ алайҳиссалом ва бошқа солиҳ инсонларни тириклик вақтида васила қилиб дуо қилса бўлади. Аммо вафот этгач, дуода уларни васила қилиб бўлмайди, ҳаром бўлади дейдилар. Ҳатто бу ишни ширк амал ҳам дейишади. Ушбу гап аслини олганда бундан етти аср олдин яшаб ўтган Ибн Таймия р.ҳ. томонидан айтилган. Унинг давригача василанинг ушбу турини жоиз эмас деган олим бўлмаган. Ислом уламолари ўша вақтнинг ўзидаёқ Ибн Таймияга кескин раддиялар бериб, ушбу масалада баҳс мунозаралар қилганлар. Шундай экан, Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин ҳам васила қилиш жоиз эканига кўплаб далиллар бор. Қуйида эса ана шу далиллардан бирини зикр қилиш билан кифояланамиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Улар ўзларига зулм қилган вақтларида сизнинг ҳузурингизга келиб Аллоҳдан кечирим сўраганларида ва Росулуллоҳ ҳам улар учун истиғфор сўраганида эди Аллоҳни тавбани қабул қилувчи раҳмли зот сифатида топар эдилар» дея марҳамат қилади (Нисо сураси, 64-оят). Ушбу оятга кўра гуноҳлари кечирилиши учун Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, Аллоҳдан кечирим сўрашлари ҳамда Росулуллоҳ алайҳиссалом ҳам улар учун кечирим сўрашлари керак экан. Бу эса айнан биз айтган василадир. Зеро, аслида кечиримни тўғридан тўғри Аллоҳдан сўралади. Аммо дуо янада ижобатга яқин бўлиш учун Росулуллоҳ алайҳиссаломни дуода васила қилиш тавсия қилинмоқда. Демак, бу ояти карима умуман олганда василанинг жоиз эканига далил бўлади. Ундан ташқари Аллоҳнинг тавбани қабул қилувчи зот эканини билиш Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиш шартига боғлаб қўйилмоқда. Араб тили грамматикаси бўйича шартга боғланган ҳар қандай феъл умумийликни ифода қилади. Шунга кўра Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, дуо сўраш, У зотнинг тирикликларига хос эмас, балки, вафот этгандан кейинги ҳолатга ҳам умумий бўлади.

Бу маънони ҳатто салафий қараш вакилларидан бири имом Шавконий ҳам зикр қилган ва айтганки: «Умумийликда энг юқори даражадаги феъл бу шартга боғланган феълдир».
5. Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилади, деган баҳона билан, Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш. Василанинг ушбу шакли жоҳилият даврида мавжуд бўлиб, ислом шариати келгач бу ишдан қайтарган ва унинг ширк амал эканини айтган. Зеро, жоҳилият мушриклари бут ва санамларга ибодат қилар эди ҳамда булар бизларни Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилади, дейишган. Ушбу амал ибодатда Аллоҳга ширк келтириш ҳисобланади. “Ва зарар бермайдиган ва фойда ҳам қилмайдиган Аллоҳдан бошқа (бут-санам)ларга ибодат қиладилар. Булар Аллоҳнинг ҳузурида бизнинг шафоатчимиз бўлади дейишади. «Аллоҳга еру осмонда у билмайдиган нарсани хабарини беряпсизларми? Аллоҳ ундан пок, улар келтираётган ширкдан олий зот», деб айтинг”.
Демак, васила дегани Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш дегани эмас. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиб, уни васила деб номлангани билан, у жоиз васила бўлиб қолмайди. Жоиз василадан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир. Бунинг учун дуода яқин бўлишга ёрдам берадиган нарсалар зикр қилинади. Аллоҳдан бошқа нарсаларга ибодат қилинмайди. Мушрикларнинг иши эса Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш бўлиб қолди. Шунинг учун васила деб номлаш билан қилинган ишни оқлаб бўлмайди. Шунга кўра аҳли сунна вал жамоа уламолари василанинг бу турини жоиз эмас деганлар.



РАҲМОНҚУЛ АЛИҚУЛОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .