
Рамазон 2023: Хурмоларингиз қаердан келади?
Миср, Саудия Арабистони ва Эрон дунёдаги хурмонинг ярмини ишлаб чиқаради.
Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида қуёш ботиши билан кўплаб рўзадор мусулмонлар ифторликда оғиз очиш учун хурмога, ширин жигарранг мевага мурожаат қилишади.
Рамазон ойида рўзадорларнинг хурмо ва сув билан ифторлик қилишлари суннат амаллардан бўлиб, унинг озуқавий қиймати ҳақида Қуръонда ва ҳадисларда алоҳида эслатиб ўтилган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор” (Анъом сураси, 99-оят). «У иккисида (мазкур боғда) мева, хурмо ва анорлар бордир» (Раҳмон сураси, 68-оят).
Каъб ибн Молик ва ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Дарахтларнинг ичида шундайи борки, барглари тушмайди, у мусулмон кабидир, у қандай дарахтлигини биласизларми», – деб сўрадилар. Кишилар чўлда ўсадиган дарахтларни айта бошладилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дейди: «Мен ичимда бу хурмо дарахти, деб ўйлаб турдиму, лекин айтишга уялдим». Сўнг кишилар: “Ё Расулуллоҳ (алайҳиссалом), ўзингиз айтинг», дейишди. У зот (алайҳиссалом): «Хурмо дарахти», дедилар. Мен отам Умар (розияллоҳу анҳу)га бу эшитганимни айтиб берганимда, менга унинг хурмо дарахти бўлгани бошқасидан яхшироқдир», деди» (Муттафақун алайҳ).
Янги узулган ёки қуритилган хурмо таркибида муҳим витаминлар ва минераллар мавжуд. Шунингдек, улар организмни турли касалликлардан ҳимоя қилувчи антиоксидантларга бой.
Мева таркибидаги табиий шакар бўлган фруктоза миқдори кўплигини ҳисобга олсак, хурмо, айниқса, узоқ кунлик рўзадан кейин ажойиб энергия манбаи ҳисобланади.
Хурмонинг жуда кўп навлари бор. Уларнинг ҳар бири турли ўзгача таъм ва тузилишга эга.
Меджоол нави: Катта ўлчамлари, ширинлиги ва ўзгача таъмга эгалиги билан машҳур.
Маброом нави: чўзилган шакли, қизғиш-жигарранг ранги ва чайнашлиги билан машҳур ва бошқа хурмо турларига қараганда шираси камроқ саналади.
Ажва нави: Мадинада етиштирилгани учун бутун дунё мусулмонлари томонидан энг кўп ҳурмат қилинадиган хурмо нави бўлиб, у юмшоқ, мағзли ва жуда ширин таъмга эга.
Деглет Ноор нави: Ўрта ўлчамли, ранги очиқроқ ва асосан пишириқларга ишлатилади.
Пиаром Малик нави: Ранги тўқроқ, мазали, бироз қуруқроқ ва ўзига хос таъми билан машҳур.
Хурмолар ҳақида қизиқарли фактлар
Хурмо минг йиллар давомида етиштирилиб келинмоқда. Хурмо дарахтлари эркак ёки урғочи бўлиб, фақат урғочи ўсимлик мева беради.
Етук хурмо бир ҳосил йиғим мавсумида 100 кг дан ортиқ хурмо бериши мумкин - тахминан 10 000 дона хурмо.
Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида ўсадиган Ажва хурмоси дунёдаги энг қиммат ҳисобланади.
Хурмонинг энг кўп етиштириб чиқарувчилари
Tridge, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маълумотлар базасига кўра, ҳар йили 9 миллион тонна хурмо ишлаб чиқарилади.
Хурмо асосан Яқин Шарқ ва унга қўшни бўлган минтақаларда ёзи узоқ ва иссиқ бўлган мамлакатларда етиштирилади.
Миср дунёдаги энг йирик хурмо етиштирувчи ва етказиб берувчи давлат бўлиб, дунёдаги хурмоларнинг деярли бешдан бирини ёки 18 фоизини ишлаб чиқаради.
Саудия Арабистони 17 фоизга яқин, Эрон эса 14 фоиз билан кучли учликни ташкил қилади.
Қуйидаги инфографикада дунёдаги хурмоларнинг аксарияти қаердан келганлиги кўрсатилган:
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
