
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва ашабиҳи ажмаъийн.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:
إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ
(رواه الامام البخاري عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه)
яъни: «Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади», дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِي الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ الْغُلُوُّ فِي الدِّينِ
яъни: «Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган» (Ибни Можа ривоятлари).
Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам мўътадилликка яққол мисолдир: «Уч киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб, бири: «Мен туни билан намоз ўқийман», деди. Кейингиси: «Ҳар куни рўза тутаман», деди. Охиргиси: «Мен ҳеч қачон уйланмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, ифтор ҳам қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Хулоса қилиб айтганда динда ҳаддан ошмаслик, доимо ўрта йўлми маҳкам тутиш ҳар бир мусулмон учун лозим ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!
САЛИМХОН ЖАМОЛИДДИНОВ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
