НАМОЗДА ҚЎЛНИ КИНДИК ОСТИГА ҚЎЙИШ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
397

Намозхон қиём ҳолида қўлларини бир-бирига боғлаб, ўнг қўлини чап қўлининг устига қўяди. Бу масалада имом Шофеъий, имом Суфён Саврий ва бизнинг ҳанафий уламоларимизнинг фикри бир хил. Лекин, қўллар турадиган жой масаласида ҳанафийлар билан шофеъийлар орасида ихтилоф бор. Шофеъийлар кўкрак қисмига қўяди дейди, ҳанафий мазҳабимизда эса киндик остига қўйилади дейилган. Икки мазҳаб уламоларининг ҳам ўзларига яраша далиллари бор. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламоларининг далил қилган ҳужжатлар тақдим қилинади:

Биринчи далил

“Намозда, киндик остида ўнг қўлни чап қўлнинг устига қўйиш суннатдандир!”

Бу ибора Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани аниқ, фуқаҳолар эса саҳобалар “суннат” деган сўзни қўллагнда ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини кўзда тутган бўладилар—деган қоидани тан олганлар. Шундай экан юқоридаги ҳадис санади гарчи Али розияллоҳу анҳуда тўхтасада, ул зот “суннатдан” деб айтгани учун унга “марфуъ” (исноди Расулуллоҳга кўтарилган) деб ҳукм қилинади.

Иккинчи далил

“Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума айтди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Ўнг қўлни чап қўл устига, киндик остида қўйиш суннатдандир!”.

Бу ҳадисни ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаси Аллома ибн Моза ал-Бухорий “Муҳийт ал-бурҳоний”да келтирган, шунингдек, “Мужмаъ”нинг шарҳида келтирилган.

шарҳида келтирилган.

Учинчи далил

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинди: уч нарса Пайғамбарлар суннатидан: ифторга шошилмоқ; саҳарликни охирги вақтигача суриб бормоқ; намозда ўнг қўлни чап қўл устига киндик остида қўймоқ”.

Бу ривоятни Зоҳидий “Қудурий”нинг шарҳида, Хаббозий “Ҳидоя”нинг “Меърожуд-дироя” номли шарҳида, Ибн Амир ал-Ҳож “Мунятул-мусолли”нинг шарҳида, Аллома ибн Нужайм “Баҳрур-роиқ”да келтирганлар.

Тўртинчи далил

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: Намозда кафтни кафтга киндик остида ушланади”.

Бу ривоятни имом Абу Довуд ва Байҳақий “Сунан”ларида келтирган.

Бешинчи далил

“Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинди: Намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўяди”.

Бу ривоятни Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан шайбоний ҳам шу ривоятни “ал-Асор”да келтирган.

Олтинчи далил

“Бизга Язид ибн Ҳорун ҳадис айтди, у деди: бизга Ҳажжож ибн Ҳисон хабар қилди: у деди: Абу Мужлиздан эшитдим ёки сўрадим: Қандай қўяман? У деди: ўнг қўл кафт ичини чап қўл кафтининг орқасига қўяди ва икки қўлини киндикдан пастга қўяди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида, шунингдек, Абу Довуд ҳам “Сунан”ида иснодсиз келтирган.

Еттинчи далил

“Алқама ибн Воил ибн Ҳужрдан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. У деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим, намозда ўнг қўлини чап қўлининг устига киндик остига қўйганди”.

Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида келтирган.

Хулоса қилиб айтиш мумкимки ҳанафий мазҳабида қўлларни киндик остига қўйиш ҳадислар, саҳобаларни сўзлари ва амаллари орқали собит бўлган ҳукум эканлигини билишимиз мумкин.

Рўзмуҳаммедов Сардорбек
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .