ЭКСТРEМИЗМ – ҚАБОҲАТ ЎЧОҒИ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
319

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.

Экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, «ўзгалар» ва «ўзгача» қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозирда 100 мингдан ортиқ экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайтлар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирлиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Муайян сиёсий кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир. Айниқса, «жиҳодчи» гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, «Однокласник», «Твиттер» каби ижтимоий сайтларда ташкил этилган турли номлардаги форум ва гуруҳлар, «Ёу Тубе» порталидан кенг фойдаланилмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки «мусулмонларнинг азобланаётгани» суҳбатлар олиб борадилар. Сўнгра ислом оламидаги «муаммолар» санаб ўтилиб, айбдорлар сифатида дунёвий давлат ва жамият кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг «ечими» сифатида «кофирларга» қарши «жиҳод» қилиш таклиф этилади. Бунинг учун эса авваламбор «ҳижрат» қилиш лозимлиги уқтирилади. Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атрофдаги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган ёшлар бундай даъватларга учиб, ақидапараст оқимларга мойил бўла бошлайдилар. Қисқа қилиб айтганда «ижтимоий тармоқлар» «экстремистик қармоқлар» вазифасини ўтамоқда.

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, «Нисо» сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади:

«Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай».

Хулоса, Юқорида қайд этилганидек, экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини «нажот топган гуруҳ», қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.

«Ислом» сўзининг луғавий маъноларидан бири «тинчлик» бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин

Мамадалиев Маҳмудхон
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .