ТАВАССУЛ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
392

«Тавассул» – мақсадга етказувчи сабаб ва восита маъносидаги «васила» сўзидан олинган бўлиб, воситачи қилмоқ маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса у билан Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига етишиш ирода қилинадиган ибодатга айтилади. Шунинг учун: «Барча ибодатлар дўзахдан қутулиш ва жаннатга киришга воситадир», деб айтамиз. Аллоҳ таоло айтади: «Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорларига қай бирлари яқинроқ бўлиш учун восита-ибодат турлари (ни қилиш)да мусобақалашадилар» (Исро: 57).

Аҳли суннат вал-жамоатнинг жумҳур уламолари тавассулнинг шаръий нуқтаи назардан жоиз эканига иттифоқ қилишган, бунга оятлар ва саҳиҳ ҳадислардан далиллар келтиришган.

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида икки ўринда василани хос лафзи билан зикр қилди:

«Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун восита изларлар» (Исро: 57).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш учун йўл-восита излангиз» (Моида: 35).

Тавассулнинг жоизлиги ҳақида уламолар ўртасида хилоф йўқ, бироқ унинг кайфияти ҳақида хилоф бор. Халқлардан кўплари бугун айни шу кайфият борасида йўлдан оғиб кетишган ва бидъий ва ширкий тавассулга кириб қолишган. Улар заиф ва мавзуъ (тўқима, сохта) ҳадисларни далил қилиб, маҳкам ушлаб олишади. Қолаверса, тавассул ҳақида келган оятларни ва саҳиҳ ҳадисларни ботил ва ислом динининг асосларига зид таъвиллар билан таъвил қилишади.

Шариатда бор бўлган бирон нарсани восита қилиш. Бу ўзи бир неча турга бўлинади:

1) Аллоҳ таолога Унинг исмлари билан тавассул қилиш;

2) Аллоҳ таолога Унинг сифатлари билан тавассул қилиш;

3) Аллоҳ таолога Унинг феъллари билан тавассул қилиш;

4) Аллоҳ таолога Унга бўлган иймонини тавассул қилиш;

5) Аллоҳ таолога дуо қилувчининг ҳолати билан тавассул қилиш;

6) Аллоҳ таолога дуоси қабул бўлишидан умид бўлган солиҳ кишининг дуосини тавассул қилиш;

7) Аллоҳ таолога солиҳ амал билан тавассул қилиш.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳга ом ва хос дуолар қилишларини сўрашарди.

Усмон ибн Ҳанийф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:«Аллоҳга дуо қилинг, менга офият берсин», деди.«Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир», дедилар».«Дуо қилинг», деди.Бас, уни яхшилаб таҳорат қилмоққа ва ушбу дуони ўқишликка амр қилдилар: «Аллоҳим! Албатта, мен Пай-ғамбарнинг, Муҳаммад – раҳмат Пай-ғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, мен сен ила Роббимга ушбу ҳожатим юзасидан уни чиқсин дея юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил».Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Бу ҳадисдан маълум бўладики Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васийла, шафоатчи қилиб дуо қилиш мумкинлиги. Ушбу ҳадисни келтириш ила тавассул жоиз эканига ҳужжат ва далил келтирилмоқда. Дуони тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига қилавермасдан орага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатчи этароқ дуо қилиш тавсия этилганига ишора қилинмоқда. Шунингдек, бировдан дуо сўраб туравермай, инсон ўзи ихлос ила дуо қилиши кераклигини кўриб турибмиз.Гоҳида киши ўзи дуо қилганда дуоси қабул бўлмаётганини мулоҳаза қилиб қолади. Шунда қандайдир бирор васийлага эҳтиёж сезиб қолади. Ана шундоқ пайтда васийла ила дуо қилиш йўлга қўйиш жоиз бўлади.

«Саҳиҳайн»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят ҳам келтирилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бир йили одамларга қурғоқчилик етди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума кунида хутба қилиб турганларида бир аъробий туриб: «Ё Росулаллоҳ, мол-ҳоллар ҳалок бўлди, бола-чақалар оч қолди, биз учун Аллоҳга дуо қилинг», деди. У зот қўлларини кўтариб, уч бор: «Эй Аллоҳим, бизларга ёмғир ёғдиргин» деб дуо қилдилар. Осмонда бир парча ҳам булут кўринмас эди. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳали қўлларини туширмасларидан тоғлар мисол булутлар ёпирилиб келди. Сўнг минбарларидан тушмаслариданоқ у зотнинг соқолларидан ёмғир томчилари оқиб тушаётганини кўрдим. Ўша куни ёмғир ёғди, эртасига, индинига, ундан кейинги кун, то келгуси жумагача тинмади.

Хулоса қиладиган бўлсак тавассулни жоизлигига бир қанча ояат ва ҳадислардан далиллар бисёр. Инсон дуоси ижобат бўлиши умид қилинадиган бирон кишидан унинг ҳаққига Аллоҳга дуо қилишини сўраб васила қилишига барча уламоларимиз фатво берганлар.

Қосимов Убайдуллоҳ
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .