
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асъҳабиҳи ажмаъийн.
Бугун кўпчилик ўйлаганидек, Ислом қўпорувчилик дини эмас, балки тинчлик динидир. Динимиз тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, сулҳ ва омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам «Ас-салом»дир.
«Ислом» сўзи «итоат ва бўйсуниш», «ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш» ҳамда «сулҳ ва омонлик» деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Ислом, бу – Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.
Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб:
«Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса:
«Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!»деб марҳамат қилган.
Моида сурасининг 32-оятида эса:
«Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир», деб марҳамат қилинган.
Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлсада, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.
Ҳадиси шарифларда: «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти); «Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир» (Имом Бухорий ривояти), дейилган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ислом дини террор, эхтремизм ва бузғинчи ёт ғояларга доимо қарши бўлган.
ТEШАЕВ МАҲМУД
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
