Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари ҳукми
Muallif: . .
Sana: 09.03.2023
445

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаган эдилар. Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ اْلآخِرَةَ.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар”.Имом Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Уламоларимиз эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса баъзи уламолар макруҳ санашган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар”.

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Жумҳур уламолар: «Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хаттиҳаракатлар қилган аёлларга хосдир», дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.

Алхойрур-Ромлий: “Агар бунда бу зиёрат ўзларини ҳафагарчилик, доимгидек йиғи-сиғиларини, бақир-чақирларини янгилаш учун бўлса, жоиз эмас. Агар йиғламасдан, қариндош-уруғчилик муҳаббати эътиборидан, солиҳ кишиларнинг қабрлари зиёрати билан ибратланиш мақсадида борса, зарари йўқ, деб, икки ҳадисни мувофиқлаштирган.

Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу гўзал мувофиқлаштириш”, деб эътироф этган.

Аҳмад Иззуддин ал-Байянуний ўзининг “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобининг “Қабрларни зиёрат этиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш” боби, 147-саҳифасида қуйидагиларни ёзади: “Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар, жоиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак аёллар ҳам бемалол қабр зиёратларига боришлари мумкин. Шарти шуки қабр зиёрати одобларига амал қилиб, бақир-чақир қилиб, ошкора йиғи-сиғигларга қилмасликлари лозимдир.

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Қосимов Убайдуллоҳ


. .