Мусулмон шахснинг бошқа дин вакиллари билан бўладиган алоқаси ҳам ўз дини таълимотлари асосида бўлади. Бу алоқалар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларида ўз аксини топган.
Ислом самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллохдан, деб эълон қилди.
Аллоҳ таоло «Шууро» сурасида:
شَرَعَ لَكُم مِّنَ الدِّينِ مَا وَصَّىٰ بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَىٰ وَعِيسَىٰ ۖ أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيهِ
«У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга
(эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Дийнни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», деган (13-оят).
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дийн юборган Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни Набий қилиш учун танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур Набийларга бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат.
- 1. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган Набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозим.
Аллоҳ таоло бу ҳакда мусулмонларга шундай деб буюрган:
قُولُوا آمَنَّا بِاللَّهِ وَمَا أُنزِلَ إِلَيْنَا وَمَا أُنزِلَ إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَمَا أُوتِيَ مُوسَىٰ وَعِيسَىٰ وَمَا أُوتِيَ النَّبِيُّونَ مِن رَّبِّهِمْ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِّنْهُمْ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ (136)
«Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз» («Бақара» сураси, 136-оят).
Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳамма Набийга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ таоло томонидан туширилган китобларга Қуръони Каримга иймон келтиргандек иймон келтириши лозим.
Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди.
Яҳудийлар Тавротни ибронийча тиловат қилиб тафсирини арабча қилишарди. Бу хабар Пайғамбаримизга етганда, айтдиларки: “Уларни тасдиқламаймиз, ёлғонга ҳам чиқармаймиз, балки “Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтирдик”, деймиз”
2. Мусулмон эркак бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриши
ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилиши мумкин.
Бу ҳакда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ ۖ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَّكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَّهُمْ ۖ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الْمُؤْمِنَاتِ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلِكُمْ
«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфалар ҳам (ҳалолдир)» («Моида» сураси, 5-оят).
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, мусулмон шахс самовий китобга эга дийн аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга таом берса, шунингдек уларнинг аёлларига уйланса, бўлади.
- 3. Мусулмон шахс бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши, яхши қўшничилик қилиши, зиёфатга чақириши, оилавий алоқалар ўрнатиши мумкин.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адо-лат қилувчиларни яхши кўрадир» («Мумтаҳана» сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат
ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга дийний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмокда ҳамда уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламокда.
«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилйшдан қайтармас»
Ушбу ҳукм Ислом динининг нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканининг ёрқин далилидир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни манъ қилмайди.
«Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир.»
Баъзи уламолар айтганки: “Зиммийга зулм қилиш мўминга зулм қилишдан ёмонроқдир”
Умар р.а. элчилардан зиммийларнинг ҳолидан сўрар эдилар. Улар (элчилар): “Аҳдларимизга вафо қиляпмиз” дердилар. Шунда Умар уларни зиммийларга яхшилик қилишаҳдига вафо қилиш ва уларни ҳимоя қилишга буюрарди.
Зиммийларнинг қонлари ва нафсларининг ҳимояланганлигига ва уларни ўлдириш ҳаромлигига мусулмонлар иттифоқ қилишган.
4. Мусулмон киши бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди, ораларини яқинлаштиради.
عَنْ الْقَاسِمِ بْنِ مُخَيْمِرَةَ ، عَنْ رَجُلٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ :" مَنْ قَتَلَ رَجُلًا مِنْ أَهْلِ الذِّمَّةِ لَمْ يَجِدْ رِيحَ الْجَنَّةِ وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَدُ مِنْ مَسِيرَةِ سَبْعِينَ عَامًا "
Қосим ибн Мухайрама Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларининг биридан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», - дедилар».
Насаий ривоят қилган.Имом Бухорийнинг ривоятида эса:
"من مسيرة اربعين عاما"
Яъни: “Қирқ йиллик масофадан жаннат ҳиди келади”, -деганлар
Бошқа бир ҳадисда:
عَنْ عِدَّةٍ، مِنْ أَبْنَاءِ أَصْحَابِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، عَنْ آبَائِهِمْ دِنْيَةً عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلَا مَنْ ظَلَمَ مُعَاهِدًا، أَوِ انْتَقَصَهُ، أَوْ كَلَّفَهُ فَوْقَ طَاقَتِهِ، أَوْ أَخَذَ مِنْهُ شَيْئًا بِغَيْرِ طِيبِ نَفْسٍ، فَأَنَا حَجِيجُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан, ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир аҳдлашган (ғайридийн) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», - дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Набий алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.
5. Мусулмон одам бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадя бериб, улардан ҳадя олиши мумкин.
Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.
Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Бас, у зот уни қабул қилдилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган:
عن النبي صلى الله عليه وسلم أن كان له جبة أهداها إليه المقوقس فكان يلبسها في الأعياد والجمع وللوفود ينزلون إليه
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. Ул зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига элчилар келганида кияр эдилар».
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва: «Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар.
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишларига рухсат берганлар.
Ҳа, Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори. Бу эса юртимиздаги тинчлик, тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омилидир”.
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек: “Ўзбекистоннинг бойликлари жуда кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадрятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир.”
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимизда миллатлар аро ва давлатлар аро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётгани дўстлик ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
АБДУМАЛИКОВ АБДУЛФАТТАҲ ТЎХТАСИНБОЕВИЧ,
Мир Араб олий мадрасаси 1-курс талабаси
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
