ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ
Muallif: . .
Sana: 11.11.2022
163

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғларида у зотнинг ўзлари барча фатволарнинг ягона манбаи эдилар. У кишининг берган жавоблари ҳеч қандай муҳокамага ўрин қолдирмас эди. Шундай бўлсада, бу даврда ҳам баъзи саҳобалардан айрим ижтиҳодлар содир бўлган. Лекин, сафарларда ёки Расулуллоҳдан сўрашнинг имкони бўлмаган бошқа ўринларда ижтиҳод қилишар эди, холос. Кейинроқ Пайғамбар алайҳиссалом билан учрашган вақтларида ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғри эканини у зотдан сўраб олишарди. Агар саҳобанинг ижтиҳоди тўғри бўлса, Пайғамбар алайҳиссалом уни тасдиқлар, агар нотўғри бўлса хатоларини кўрсатиб берар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганларидан кейинги дастлабки даврларда ихтилофлар унчалик кўп бўлмаган. Одамлар кўпинча халифага ва катта саҳобаларга мурожаат қилишарди. Халифа олим саҳобаларни тўплаб, берилган саволларни муҳокама қилар ва шунга қараб фатво чиқарар эди. Шунинг учун ҳам ўша даврда саҳобалар ўртасида ихтилоф кам кўзга ташланади. Лекин, мутлақо бўлмаган ҳам дея олмаймиз.

Кейинроқ эса кўплаб олим саҳобалар маълум вазифа ва сабаблар билан Ер юзи бўйлаб турли шаҳарларга тарқалиб кетдилар. Натижада, ҳар бир шаҳар аҳолиси ўша ерда яшаётган саҳобага эргашадиган бўлди. Бу ҳол саҳобалар даврининг охирларида янда яққол кўзга ташланади. Чунки саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом билан кўришган, у зотга саҳоба бўлиб бир жамиятда яшаган ва илмни асл манбасидан соф ҳолида олганлари учун фиқҳни ҳаммадан кўра яхшироқ билар эдилар. Шаҳар аҳолиси бу саҳобага деярли барча масалада эргашарди. Масалан, Мадина аҳли асосан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фатволарига эргашса,кўфаликлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фатволарига суянардилар. Макка аҳли Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога, Миср аҳли эса Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумога эргашар эдилар.

Саҳобалардан кейин тобеъинлар даврида ҳам ишлар шу йўсинда давом этди. Инсонлар бу вақтга келиб саҳобалар қўлида таълим олган катта тобеъинлардан фатво сўрардилар.

Табаъа тобеъинлар замонига келиб кўплаб ҳодисалар юз берди. Фатво бериш лозим бўлган янги-янги масалалар пайдо бўлди. Ушбу даврда саҳоба ва тобеъинларнинг илмларидан тўкис ҳолда насибадор бўлган Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ, Имом Молик ибн Анас, Авзоъий, Жаъфар Содиқ, Муҳаммад Боқир, Лайс ибн Саъд роҳимаҳумуллоҳ каби бир қанча кўзга кўринган фуқаҳолар етишиб чиқдилар. Кейинроқ эса Имом Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Суфён ибн Уяйна, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Алий ибн Мадиний, Довуд ибн Алий ва бошқа бирқанча фақиҳлар пайдо бўлишди. Мазкур олимлардан ҳар бирларининг мустақил ўз ижтиҳодлари бор эди.

Агар мужтаҳид олимнинг бирор фиқҳий масалада ўзининг мустақил йўли ва кўзқараши бўлса, бу унинг мазҳаби, дейилади. Шунингдек, унинг барча ижтиҳодлари мажмуаси ҳам умумий тарзда “мазҳаб” деб номланади. Демак, юқоридаги олимлардан ҳар бирларининг ўзларига хос мазҳаблари бўлган.

Сўнгра, бу олимлар қўлида етишиб чиққан шогирдлар ҳам ўз устозларининг мазҳабини маҳкам тутдилар. Чунки улар устозининг фикрларини бошқалардан кўра яхши англар, далилларига қаноат ҳосил қилар, устозлари томонидан ишлаб чиқилган усулул-фиқҳ ва истинбот йўлларини жуда яхши билардилар. Натижада, бу шогирдлар ўз устозлари бўлган имомларнинг мазҳабига садоқат ила эргашдилар. Тўғри, айрим фаръий масалаларда хилоф қилган бўлсалар-да, лекин усулда ва аксар масалаларда устозларининг йўлларига юрдилар.

Шогирдлар қўлида таълим олган кейинги авлод ҳам юқоридаги устознинг мазҳабига амал қилишди. Лекин, вақт ўтиши билан ушбу мазҳабларнинг кўплари йўқ бўлиб кетди. Уларнинг баъзи фикрларигина китобларда сақланиб қолди. Фақатгина тўртта олимнинг мазҳаби замонлар оша яшаб, турли диёрларга тарқалди. Улар: ҳанафий, моликий, шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларидир.

Ушбу мазҳабларнинг тарих мобайнида сақланиб қолишига мазҳаббошида таълим олган шогирдларнинг кўплиги, масалаларни тартиблаб китоблар ёзилиши ва улар асосида кейинги авлодларга дарслар берилиши, бунинг самараси ўлароқ маҳкама ишларида ҳукм чиқарувчи қозилар кўпроқ ана шу тўрт мазҳабнинг бирига эргашувчи олимлардан таъйин қилиниши каби омиллар сабаб бўлди.

Аҳли сунна вал-жамоа ақидасига мансуб бўлган мўмин-мусулмонлар минг йиллирдан буён шариатнинг амалий ҳукмларида мана шу тўрт мазҳабдан бирига эргашган ҳолда амал қилиб келмоқдалар. Мазҳаблар асрлар оша мусулмонларнинг асосий қисмини ташкил қилувчи аҳли сунна вал-жамоанинг тўғри йўлдан адашмай, ўзаро бирдамлик ва иноқ-иттифоқликда ҳаёт кечиришларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Бу эса Исломнинг равнақ топишида ҳамда мўмин-мусулмонларнинг дунё ва охират бахту саодатига эришишларида мужтаҳид уламолар томонидан кўрсатиб берилган фиқҳий мазҳабларнинг ўрни нақадар беқиёс эканини англатади.

МАҲМУДОВ АСРОРХОН

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .