Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 35 млн.га яқин бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилувчи фуқаролар бўлиб, қолган 6% ни эса озчилик бўлган бошқа дин вакиллари ташкил қилади. Ушбу 130 дан зиёд миллат ва турли дин вакиллари эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида учунчи тарафнинг сиёсий мақсадига кўр-кўрона хизмат қилиш, очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган ишларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Террорчилик ҳаракатлари нафақат беқарорлик ҳукм сураётган ҳудудларда, балки Франция, Германия, Белгия каби Европа мамлакатлари, Россия сингари МҲД таркибидаги давлатларда рўй бермоқда. Янги Зелландияда масжид номозхонларини ўққа тутиш, Францияда мусулмонларга очиқдан очиқ таҳдид қилиш, Фаластиндаги тинч аҳоли устига бoмбалар ёғдириш экстремизм ва терроризм атамаси динга алоқаси йўқ эканлигини яққол очиб берди. Балки, бу атама қўпорувчи гуруҳ ва шахслар томонидан соф динни инсонларга қора қилиб кўрсатиш ва уни инсонларга нотўғри талқин қилиш мақсадида дин сўзининг ёнига қўшилган ва диндан ниқоб сифатида фойдаланилган.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.
Дарҳақиқат, жадал суратда ўзгараётган бу замонда эскича ёндошув ўз самарисини бермайди. Ёшларни ўзимиз тарбия қилмасак, ота-боболаримиз юрган йўлдан юрмасак, улар эришган ютуқларга ета олмаймиз.
Республикамизда сўнги йилларда экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган, қўли қонга ботмаган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисабатан кечиримлилик сиёсатини олиб бориш, ёш авлоднинг турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишининг олдини олиш бўйича мунтазам тарғибот ишларини олиб бориш долзарб вазифалар этиб белгиланган. Ўз навбатида, мамлакатизмининг экстремизм ва терроризмга қарши маърифий йўл билан кураш олиб бораётгани кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамда мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда эктремизм ва терроризмга қарши курашда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик, мутаассиб оқим аъзолари тарафидан “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон мамлакатларига жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айланишини уларга соф ислом динини етказиш орқали ва диний эҳтиёжларини қондириш билан олдини олиш, уларни ёшлигидан ватан ва миллатга садоқатли, ҳалол-ҳаромни биладиган, ота-онани эъзозлайдиган қилиб тарбиялаш, уларни интернет орқали тарғиб қилинаётган турли ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар кўламини янада кенгайтириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши йўналтирилган комплекс илмий тадқиқотлар ва китоблар тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда бағрикенглик ғояси ва тинчликни мустаҳкамлаш масаласини илгари суриш орқали Ислом динининг асл мазмун-моҳияти юзасидан семинарлар ва конференциялар ташкил этиш ва мазкур тадбирларни янада ошириш мақсадга мувофиқ. Шундагина юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва бағрикенглик муҳитини асраш ва уни келажак авлодга ҳам етказиш имконига эга бўламиз.
ФУРЗУЛОВ АБДУЛАЗИЗ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
