РИЗҚИМДА БАРАКА БЎЛСИН ДEСАНГИЗ...
Muallif: . .
Sana: 13.06.2023
487

Ризқни кенг бўлишига сабаб бўлувчи етти омилни келтириб ўтамиз.

Биринчиси, истиғфорни кўпайтириш.

Далил: Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбаримиз алайҳиссаломга Нуҳ алайҳиссалом ҳақида хабар бериб айтади:

“Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир.

(Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур”.

Ривоят қилинадики, кунларнинг бирида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу юртга ёмғир сўраш учун минбарга кўтарилдилар. У ерда истиғфор айтиб, истиғфор ҳақида келган оятларни ўқидилар. У зот ўқиган оятлар ичида юқорида зикр этилган оят ҳам бор эди. Сўнгра инсонларга қараб: “Мен улар ўқилиши сабабли ёмғирлар ёғадиган оятларни ўқидим”, деб айтган эканлар.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтдилар: “Кимки истиғфорни кўпайтирса, Аллоҳ таоло унинг барча ғамларини хурсандчиликка айлантиради ва ҳар қандай қийинчиликдан чиқиш йўлини кўрсатади ҳамда уни ўйламаган томонидан ризқлантиради”.

Иккинчиси, гўзал тақво қилиш.

Далил: Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасида марҳамат қилиб айтади:

Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур.

Имом Табароний Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтдилар: “Менинг қалбимга Жаброил алайҳиссалом: “Ҳеч бир жон ризқини тўлиқ олиб, умрини тўлиқ яшамагунча вафот топмайди”, деб ваҳий қилди. Бас, Аллоҳ таолога тақво қилинглар ва (ризқни ҳалол йўл билан) гўзал талаб қилинглар. Бирортангиз ризқи кечиккани сабабли уни гуноҳ йўли билан талаб қилмасин. Чунки (дунё ва охиратдаги) Аллоҳ таолонинг неъматларига фақатгина тоат йўли билан етилади”.

Учинчиси, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилиш.

Далил: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсангиз, тонгда ошқозони бўш, кечқурун қорни тўқ бўлган қушни ризқлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантирар эди”, деб айтганлар.

Ҳотам ал-Асом айтади:

Аллоҳга таваккал қилишда ишимни тўртта хислатга бино қилдим:

- Ризқимни мендан бошқа ҳеч ким ея олмаслигини билгач, нафсим хотиржам бўлди.

- Менинг амалимни ўзимдан бошқа ҳеч ким қилмаслигини билдиму, амалимга машғул бўлдим.

- Ўлимим тўсатдан келишини билиб, у томон шошилмоқдаман.

- Қаерда бўлсам ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг назаридан қочиб қутула олмаслигимни билгач, У зотдан ҳаё қилувчиман.

Тўртинчиси, ҳар кеча “Воқеа” сурасини ўқиш.

Далил: буюк тарихчи Ҳофиз ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳаёти ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради:

“Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу вафотига сабаб бўлган касаллик пайтида ҳузурига Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу зиёрат қилиб кириб келди. Абдуллоҳнинг зиёратига келган халифа ундан ҳол-аҳвол сўради:

- Нималардан шикоят қиласиз?

- Гуноҳларимдан, - деди хаста.

- Кўнглингиз нимани тусайди?

- Роббимнинг раҳматини.

- Йиғилиб қолган маошларингизни опкелтириб берайми? Ахир неча йилдан бери сариқ чақа ҳам олмайсиз!

- Энди менга унинг кераги йўқ!

- Ҳеч бўлмаса сиздан кейин қизларингизга қолар?!

- Қизларимни фақир бўлиб қолишларидан қўрқяпсизми? Мен уларга ҳар оқшом “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандиларки “Кимки ҳар оқшом “Воқеа” сурасини ўқишни одат қилса, асло муҳтожлик кўрмагай”.

Бешинчиси, Набий алайҳиссаломга саловотни кўпайтириш.

Далил: Имом Термизий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот айтади:

“Кечанинг учдан икки қисми ўтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, “Эй одамлар, Аллоҳни зикр қилинглар! Аллоҳни зикр қилинглар! Рожифа* келди, кетидан Родифа* келади. Ўлим бор бўйича келди! Ўлим бор бўйича келди!” дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизга кўп салавот айтаман. Уларнинг қанчасини сизга ажратайин?” дедим. У зот: “Истаганингча”, дедилар. “Тўртдан бириними?” дедим. У зот: “Хоҳишинг, лекин бундан кўпайтирсанг, ўзингга яхши”, дедилар. “Ярминими?” дедим. У зот: “Хоҳишинг, лекин бундан кўпайтирсанг, ўзингга яхши”, дедилар. “Учдан иккисиними?” дедим. У зот “Хоҳишинг, лекин бундан кўпайтирсанг, ўзингга яхши”, дедилар. “Унда барчасини сизга ажратаман”, деган эдим, “Ундай бўлса, ғамларинг арийди, гуноҳларинг кечирилади”, дедилар”.

Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида: “Ундай бўлса, ғамларинг арийди”, деган ўриндаги “ғам” сўзи инсоннинг дунё ва охиратда етишишга интилган барча нарсаларини ўз ичига қамраб олади”, деб айтганлар.

Олтинчиси, ризқни кўпайтириш борасида келган дуолар билан дуо қилиш.

Ибн Сунний ҳазрати Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг бирингиз ҳаётида (ризқдан) қийинчиликка учраса уйидан чиқишида: “Жоним, молим ва диним борасида Аллоҳнинг номи билан. Эй Роббим, мени тақдирингга рози қил ва менга беришни тақдир қилган нарсаларинга баракот бер. Тоинки мен кечиктирганингни тезроқ келишини ва тақдим қилган нарсангни кечикишини ҳоҳламай”, деб айтсин”, дедилар.

Еттинчиси, ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш.

Далил: Имом Суютий Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Қачонки киши ота-онасининг ҳаққига дуо қилишни тарк қилса, ундан ризқи кесилади”, деб айтганлар.

*Рожифа – Қиёмат куни сурнинг биринчи чалиниши, бунда барча махлуқотлар ҳалок бўлади.

*Родифа – Қиёмат куни сурнинг иккинчи чалиниши, бунда барча махлуқотлар қайта тирилади

Азизбек Боқиев

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .