Араб тилини ўқитиш бўйича тавсиялар
Muallif: . .
Sana: 15.03.2018
2572

Араб тилини ўрганиш ва ўқитишдан аввал, ўрганувчи шахс ҳаётида унинг ўрни нечоғли эканини англаш, бутун вужудига сингдириш керак бўлади. Зеро бу тил ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган Қуръони карим ва суюкли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тиллари эканини тўла ҳис этиш лозим. Араб тилини ўрганиб инсон ўз динининг муқаддас манбаларига ҳеч бир воситасиз йўл топа олади. Улардан шариатнинг бирламчи ўгит, кўрсатма ва буйруқларини туяди. Бундан ташқари мана қарийб 15 асрдан буён шу тилда битиб келинган илм дурдоналарини ўзи мустақил ўқиш ва улардан хулосалар олиш мумкин. Ибн Сино, Фаробий, Беруний, Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий каби муҳаддислар билан яккама-якка қолиб илмий суҳбат қилиш, улар билан баҳс мунозарага киришиши мумкин. Буларнинг барчаси учун бироз сабр-матонат, ихлос ва машқ керак бўлади холос. Зеро, Аллоҳ таолонинг толиби илмларга берган ваъдаси бор:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا

У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди (Бақара сураси 269-оят).

Энди асосий мавзумизга қайтсак. Араб тили уч даражага бўлинади.

Биринчи “араб адабий тили”- اللغة العربية الفصحي ёки المستوى الأعلى ҳам дейилади.

Иккинчисиالمستوى الأوسط яъни ўрта даража ва охиргиси “саводсизлар тили” اللغة الاممة ёки “авом халқ тили” اللغة العاميةяна бошқачароқ қилиб энг қуйи даража тили дейилади.

Адабий фасоҳатли араб тили талаффуз, маъно ва тузилиши жиҳатидан намунавий тил бўлиб, қадимда ва ҳозирги кунда ҳам китоблар, илмий асарлар ёзишда қўлланилади. Тилнинг бу янглиғ мусаффо кўриниши бизларга Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, араб шоирларининг шеърлари, мақоллар ва масаллар орқали етиб келган.

Лаҳжа эса бутун араб жамиятида муайян бир қисмгагина хос бўлган сўзлашув услубидир. Масалан, араб қабилаларининг тиллари.

Авом тили деб эса кўпроқ авом халқ гаплашадиган тилга ёки аввал фасоҳатли араб тилида бўлган сўзларни бузиб талаффуз этилишига айтилади.

Араб тилининг асосчилари, унинг асл мутахассислари лаҳжаларни фасоҳатли араб тилининг бир бўлагими ёки йўқми деган масалада турли фикрда бўлганлар. Ал-Асмаъий ва Ибн Қутайба каби адабий араб тилининг ашаддий ҳимоячилари лаҳжаларни умуман тан олмасликни таклиф қилганлар. Аммо Абул фатҳ Усмон бин Жаний ва унга эргашганлар: “Лаҳжалардан умумий араб тилига мувофиқ келадиганларини эътироф этиш ва улардан ҳужжат-далил сифатида фойдаланиш мумкин”, – дейдилар. Лаҳжадаги кўплаб сўзларнинг араб имловий луғатларида келтирилгани, Қуръони каримнинг баъзи қироатлари ёки араб шоирларининг айтган шеърларини изоҳлаш учун лаҳжалардан фойдаланилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бундан кўринадики лаҳжаларнинг барчаси яхши ва қабул қилинадиган ҳам эмас ҳамда барчаси бузилган хато ҳам эмас. Уларнинг яхшилари ҳам, ёмон, рад этиладиганлари ҳам бўлади.

Тилшунослар сўзларни тўғри ва бехато ишлатиш меъёрларини белгилаб қўйганлар ва унга мос келган гапни фасоҳатли дейдилар. Унга мос келмайдиганларини эса чиқариб ташлайдилар.

Фасоҳатлининг таърифи қуйидагича:

فصح الشيء – яъни “бир нарса фасиҳ бўлди”, – деб айтилади агар у камчилик, нуқсонлардан холи бўлса.

Надлат ас-Салмий деган шоир:

تحت الرغوة اللبن الفصيح

дейди. Яъни, кўпикнинг тагида тоза сут бор. Бу ўринда тоза сўзи “фасиҳ”, “фасоҳатли” деб келтирилди.

Агар “фасиҳ сўз” дейилса, демак хатолардан холи дегани бўлади. Фасоҳатли тил дейилса лаҳжалардан пок дегани бўлади. Демак, фасоҳат бу чиройли баён ва тўғри талаффуз деганидир.

Лаҳжа, юқорида таъриф берилганидек муайян жамоанинг ўзаро сўзлашувидагина учрайдиган сўзлардир.

Қадимдан араб фасоҳатчилари шеър ёзсалар ёки бирор мавзуда хутба –маъруза қилсалар адабий тилда гапириб, ўз оилалари, қавмлари олдига қайтгач ўша муҳитга хос тилда гаплашганлар. Тилшунослар авом тилига “бузилиш”, “хато” اللحن و التحريف деб таъриф берганлар. Бундай бузилиш аввалда фасоҳатли сўзланган сўз ва ибораларни бозорча сўзлашувда ўзгариб кетишидир. Масалан, Миср оммий тилидаги кида كداсўзининг асли كذا, Шом оммийсидагиشو нинг асли اي شىء هو ва Мағриб авом тилидаги بالزاف нинг асли بالجزاف = كثير дир.

Авом тилида ҳам бир қисм адабий тилга мувофиқ келади ва уни “фасоҳатли” ёки “тўғри авом тили”, дейилади. Яна бир қисми умуман ҳеч қандай қоидага тушмайди ва у “бузуқ, хато авом тили”, дейилади.

Юқоридагилардан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: Биз араб тилини ўрганар ёки ўргатар эканмиз китоб ва ёзув тили ҳамда сўзлашув тилини оғзаки нутқининг фарқини ажратиб олишимиз керак бўлади. Зеро, китобат тилида араб тилининг барча қоидаларига риоя этилиши, луғатларда келтирилган маънолар инобатга олиниши, фасоҳат қоидалари қўлланиши, унда бозор сўзлашувидан ёки ажнабий тиллардан сўзлар аралаштирилмаслиги лозим бўлади.

Оғзаки нутқга келсак унинг ўзи ҳам иккига бўлинади:

Биринчиси шеър ўқиш, диний ёки сиёсий мазмундаги маъруза қилиш ёки эшиттириш орқали сўзлаш. Буларнинг барчасида адабий тил қўлланилади.

Иккинчиси кундалик олди-сотти, одамлар ўртасидаги одатий сўзлашувлар, худди ота-бола суҳбати каби. Бундай нутқда тилшуносларнинг баъзилари адабий тилга урғу бериб, одамларнинг оддий сўзлашувини ҳам адабий тил даражасига кўтариш керак десалар, баъзилар йўқ, кундалик ҳаётда авом тилида гаплашса ҳам бўлаверади, дейдилар.

Энди фасоҳат меъёрларига келсак.

Фасоҳат луғатда очиқлик, кўриниш, баён маъноларини англатади. Истилоҳда эса сўзнинг тушунарсизлик ва ғализликлардан холи бўлишига айтилади.

Араб тилшунослари адабий араб тилини намунаси, қиёсий ўлчами сифатида Қурайш қабиласининг тилини таклиф қиладилар. Ибн Форис айтади: “Араб тилшунослари, уларнинг шеърларини ривоятлари, уларнинг лаҳжалари, кунлари ва ҳолатлари бўйича мутахассис олимлар бир овоздан Қурайш қабиласининг тили энг фасоҳатли, энг мусаффо, деган фикрга келганлар. Чунки Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қурайш қабиласини барча араблар орасидан танлаб олди ва сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам айнан уларнинг ичидан танлади. Уларни Ўз ҳарамининг яшовчилар, Ўз уйининг эгалари деб танлади. Қурайшликлар ўзлари фасоҳатли бўлишлари билан бирга ҳажга келган араб қабилаларининг сўзлашувларидан энг чиройли иборалар, сўзлар ва шеърларни ўзлаштириб олдилар. Натижада яна ҳам фасоҳатли бўлиб кетдилар. Шунингдек, ижтимоий, диний ва сиёсий омиллар ҳам Қурайш лаҳжасини бошқалардан устун бўлишига сабаб бўлди.

Тамим уруғи барча أنёкиأن лардан ҳамзани айн қилиб айтишлари сабабли уларнинг тилларини عنعنة تميم дейилган.

“Лисонул араб” да Зурраманинг қуйидаги байти келтирилади:

أعن ترسمتَ من خرقاءَ منزلة ً

ماء الصبابة من عينيك مسجوم

أأن ترسمتَ демоқчи.

Робия қавмининг тилини كشكش дейилган, улар “коф” ҳарфининг ўрнига “шин” ҳарфини қўядилар. Мисол (عليك) عليش , بش (بك), منش(منك) каби.

Шеърлари:

فعينا عيناها وجيدش جيدها

ولكن عظم الساق منش رقيق

яна бошқа бир шеърда

على فيما ابتغى ابغيش

بيضاء ترضينى ولا برضيش

و تطبى ود بنى أبيش

اذا دنوتِ جعلت تنسيش

كسكسة هوازن

Ҳавозин қабиласи муаннаснинг ك дан кейин سсин ҳарфини қўшиб айтишардилар. Масалан:

أعطيتُكِس و منكِس

Ва баъзида мутлоқ кофнинг ўрнига син ишлатиб юборадилар. Мисол:

اُمسِ أبوسٍ

Музориат “ё” сининг ўрнига “то” ни ишлатиб юборишади. Масалан:

يفعلون ـ تِفعلون

عجرفية ضبة ــ تقعر فى الكلام

Яъни тез гапириш ёки барча ҳарфларни ҳалқумдан талаффуз қилиш.

Демак қурайш тили келтирилган нуқсонлардан холи бўлгани учун энг фасоҳатли тил сифатида эътироф этилди.

Бироқ тилшунослар ўртасида бундан бошқачароқ фикрларни илгари сурувчилар ҳам йўқ эмас. Улар араб адабий тили барча лаҳжаларнинг умумлашмаси дейдилар. Сўзларини исботи ўлароқ Қуръони каримнинг барча араб лаҳжаларини қамраб олганини далил қилиб келтирадилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг “Қуръони карим барча араб қишлоқлари (қабилалари) тилида нозил бўлди”, деган фикрларини келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир қабилага ўз тилларида мурожаат қилган эканлар. Бу ҳам қурайш тилининг ёлғиз ўзи фасоҳатли деган фикрни инкор этади.

ЛАҲЖАЛАРНИНГ ФАСОҲАТЛИ КИТОБЛАРДА КЕЛИШИ

Қуръони каримда ҳам, фасоҳатли тилда ёзилган китобларда ҳам лаҳжадаги сўзлар ва лаҳжа услубидаги келтирилиш ҳоллари кўп бўлади.

  • 1.Сўзларнинг охирида келадиган иллатли ҳарфларни ташлаб юбориш. Бу услуб Ҳузайл қабиласининг лаҳжасида қўлланилиб, ҳаракат билан чекланиш дейилади.

Қуръони каримда:

يَوْمَ يَأْتِ لَا تَكَلَّمُ نَفْسٌ إِلَّا بِإِذْنِهِ

(У) келган куни ҳеч бир жон (эгаси) Унинг рухсатисиз гапирмас. (Ҳуд сураси 105- оят)

Бу оятда келган يَأْتِ аслида يَأْتِىбўлиб, ундан ى тушиб қолган. Шунга ўхшаш لا ادر, ربِ , يا عباد, يا قوم الداع каби мисолларни келтириш мумкин.

  • 2.Кўплик ёки иккилик ҳолатидаги фоил (эга) дан аввал келган феълга иккилик ёки кўплик аломатларини қўйиш. Кўпчилик наҳв олимларини фикри ва аксар наҳв китобларида келтирилган қоида бўйича бу мумкин эмас. Феълга фақат муаннаслик аломати берилади холос:

نطق الحكمة, جاء العلماء

كتبت الطالبات , جاءت الملكات

Сибаваҳ ҳам Ал-Китобда:

واعلم ان من العرب من يقول ضربونى قومك, ضربان اخاك

وكأنهم ارادوا ان يجعلوا للجمع علامة كما جعلوا للمؤنث

деган.

Қуръони каримда ҳам шундай лаҳжани кўриш мумкин:

ثُمَّ عَمُوا وَصَمُّوا كَثِيرٌ مِنْهُم[1]ْ

(Моида сураси 71-оят)

وَأَسَرُّوا النَّجْوَى الَّذِينَ ظَلَمُوا

(Анбиё сураси 3-оят)

Бу Тойй қабиласининг лаҳжасига тўғри келади.

Шунингдек ҳадиси шарифда ҳам:

يتعاقبون فيكم ملائكة بالليل و ملائكة بالنهار

3. Сўзнинг бошидаги касрали вовни ҳамзага айлантириб юбориш. Бу ҳолатга наҳв уламолари кўп ҳужжат-далил келтирадиган Ҳузайл лаҳжасида юз беради. Баҳзи наҳв олимлар Ҳузайлнинг умумий қоидаларига тўғри келмайдиган услубларини ҳам ҳужжат қилиб келтираверадилар. Улар

وسادة – اِسادة, وشاح – اِشاح , وعاء -اِعاء деб айтадилар.

Кейинги масала баъзи сўзларни икки хил шаклда бир хил маънода ишлатилиши. Масалан:

أخطأ - خطئ

فعل бобининг мажҳул шаклидан أفعَلَ бобига ўтган бўлсада маъноси бир хил. Ваҳоланки أفعَلَ боби ўтимли ва икки, ҳатто уч марта ўтимли ҳисобланади. Масалан: ارجأت الامر اى اخرته

Қуръони каримнинг Тавба сураси 106-оятида:

وَآَخَرُونَ مُرْجَوْنَ لِأَمْرِ اللَّهِ

(маъноси “Яна Аллоҳнинг амрига ҳавола этилган бошқалари ҳам борки,..”) оятини وَآَخَرُونَ مُرْجَؤُنَ Бу ўринда أرجأ сўзи ارجع маъносида келади.

Шунингдек Бану Тамимда сўздаги ҳарфлар ўрни алмашиб кетиши ҳам кузатилади. Масалан:

مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ (Ҳаж, 27-оят)

оятини مِنْ كُلِّ فَجٍّ معَيقٍ шаклида ўқийдилар.

Шунингдек қироатларда:

[2]وَأَيَّدْنَاهُ بِرُوحِ الْقُدُسِ

وَأَيَّدْنَاهُ بِرُوحِ الْقُدسِ

وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ

وَلَا تَتَّبِعُوا خُطوَاتِ الشَّيْطَانِ

шаклида ҳам ўқилган.

Хулоса ўрнида қуйидагиларни келтириш мумкин.

Биринчидан: Дарс бериш жараёнида араб тилини бир бутун, деб барча даражалари, фусҳа ва оммийни аралаш ҳолда ўргатавериш ярамайди. Адабий араб тили ва унинг машҳур лаҳжаларини ўқитишни мақсад қилиб олиш керак ва устоз ҳам гарчи у араб мамлакатларида ўқиб, ишлаб тажриба орттириб, араб лаҳжаларидан бирини эгаллаган бўлсада, уни талабаларга, айниқса бошланғич босқич талабаларига бермаслиги мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда талабанинг зеҳнида авом тилидаги хатолар ўрнашиб қолади.Талаба устозга ҳамма жиҳатдан тақлид қилади, унга ўхшашни хоҳлайди. Устозда учраган лаҳн хатоларга талабанинг қулоғи ўрганиб, ўзидаги хатоларни ҳам сезмайдиган бўлиб қолади.



[1]Кейин кўплари (яна) «кўр» ва «кар» бўлиб олдилар.(Моида сураси 71-оят)

[2]Бақара сураси 87-оят

. .