МИР АРАБ ОЛИЙ МАДРАСАСИДА ИЛК БИТИРУВЧИЛАРИНИНГ ХАТМОНАСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Muallif: . .
Sana: 19.06.2021
972

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган Мир Араб олий мадрасаси илк битирувчиларининг битирув кечаси – Хатмонаси бўлиб ўтди.

Хатмона – битирув тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Эркин Аъзамович ва Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти ректорлари каби мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар.

Шу билан бирга, олий ва ўрта-махсус ислом билим юртлари мудир ва ўқитувчилари ҳамда фахрий имом-хатиблар иштирок этдилар.

Тадбирни Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев очиб бердилар. 4-курс талабаси Абдуҳалимов Аҳмадуллоҳ Қуръон карим тиловати қилгач, Жобир домла Элов дуо қилдилар. Шундан сўнг Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов битирувчи талабаларга ўзларининг дил изҳорларини билдирдилар. Шунингдек, битирувчи курс талабаси Алиакбар Абдуллаев ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда Бухоро аҳлига ташаккур билдириш маъносида нутқ сўзлади.

Сўнг битирувчи курс талабаларига устоз Исмоилжон домла ва Абдуғофур домла салла кийдирдилар. Кейин битирувчи курс талабаларининг бир нечтаси бешта (ўзбек, араб, форс, инглиз ва рус) тилда Мир Араб олий мадрасаси ҳақида меҳмонларга гапириб бердилар.

Шу билан бирга Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Юсуф ибн Холид ас-Самтийга қилган насиҳатлари саҳна кўриниши шаклида талабалар тарафидан намойиш этилди.

Видео ролик шаклида дунё уламоларидан келган табриклар меҳмонларга ҳавола этилди ва бу хатмонага ажойиб янгилик ҳамда ўзгача руҳ берди. Тадбирнинг якуний қисмида битирувчи шоир талабалардан Элёрбек Солиев ўзининг “Хайр мадрасам” номли шеърини ўқиб берди ва битирувчи талабалардан бирининг отаси Нуриддин ҳожи ота ўзларини дил изҳорларини билдирдилар.

Тадбир якунида юртимиз, динимиз, юртбошимиз, муфтий ҳазрат ва талабаларимиз ҳақига дуои хайрлар қилиниб хатмона маросими ўз поёнига етди.

Мир Араб олий мадрасаси 4-курс талабаси Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли


битирув кечасидан лавҳалар:












. .