ИСЛОМ АҚИДАСИДАГИ ҚАЙТА ТИРИЛИШ МАСАЛАСИ: ТАБИИЙ ИЛМЛАР НУҚТАИ НАЗАРИДАН РАД ЭТИЛМАС ҲАҚИҚАТ
Muallif: . .
Sana: 18.05.2026
16

Қайта тирилиш (البعث بعد الموت) масаласи ислом ақидасининг энг муҳим асосларидан биридир. Охират ва қайта тирилишга иймон келтириш инсоннинг ҳаётга муносабатини, маънавий масъулиятини, адолат ҳақидаги тасаввурини ва солиҳ амалларга бўлган интилишини белгилаб беради. Шу сабабли Қуръони каримда қайта тирилиш, қиёмат, ҳисоб-китоб ва охират ҳаёти ҳақида юзлаб оятлар келган. Чунки инсон агар ўлимни мутлақ йўқолиш деб билса, амалларига жавобгарлик бўлмайди деб ўйласа, ҳаётнинг маънавий асослари издан чиқади.

Ўтмиш замонлардан то шу кунгача қайта тирилишни инкор қилувчилар асосан “чириб кетган жасад қандай тирилади?”, “тупроққа айланган тана қандай қайта йиғилади?”, “атомлар тарқалиб кетган бўлса, инсон қандай қайта тикланади?” каби саволларни илгари сурганлар. Замонавий илм-фан ривожланган бу даврда мазкур саволлар янада долзарб тус олди. Айримлар биология, физика ва кимё инсон танаси чириб кетишини кўрсатгани учун қайта тирилиш ғояси илмий нуқтаи назардан қабул қилинмаслигини даъво қиладилар. Ваҳоланки, масала чуқур ва холис таҳлил қилинса, табиий илмлар қайта тирилишни рад этмаслиги, аксинча уни ақлан тушунишга муайян замин ҳозирлаши маълум бўлади. Қуръони карим қайта тирилишни инкор қилувчиларнинг шубҳасини бевосита келтиради:


وَضَرَبَ لَنَا مَثَلًا وَنَسِيَ خَلْقَهُ ۖ قَالَ مَن يُحْيِي الْعِظَامَ وَهِيَ رَمِيمٌ ۝ قُلْ يُحْيِيهَا الَّذِي أَنشَأَهَا أَوَّلَ مَرَّةٍ ۖ وَهُوَ بِكُلِّ خَلْقٍ عَلِيمٌ “У Бизга мисол келтирди-да, ўзининг яратилишини унутди. У: “Чириган суякларни ким тирилтиради?” деди. Айтинг: “Уларни биринчи марта яратган Зот тирилтиради. У ҳар бир махлуқни яхши билувчидир” (Ясин сураси, 78–79-оятлар).

Бу оятларда Қуръони карим жуда кучли ақлий далил келтирмоқда. Яъни инсон аввал мутлақ йўқликдан яратилган. Йўқдан бор қилиш қайта тиклашдан кўра буюкроқ ишдир. Демак, биринчи яратишга қодир бўлган Зот қайта тирилтиришга ҳам албатта қодирдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло айтади:
أَوَلَيْسَ الَّذِي خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِقَادِرٍ عَلَىٰ أَن يَخْلُقَ مِثْلَهُم ۚ بَلَىٰ وَهُوَ الْخَلَّاقُ الْعَلِيمُ
“Осмонлар ва Ерни яратган Зот уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Албатта қодирдир. У ўта яратувчи ва ўта билувчидир” (Ясин сураси, 81-оят).

Қуръон қайта тирилиш ҳақиқатини тушунтиришда табиатдаги қайта жонланиш мисолларини ҳам кўп келтиради. Қуриб қолган ернинг ёмғир билан тирилиши, уруғдан ҳаёт чиқиши, табиатдаги доимий янгиланиш жараёнлари инсонга қиёмат ҳақида тафаккур қилишни ўргатади. Бу мисоллар қайта тирилишнинг айнан ўзи эмас, балки уни ақлга яқинлаштирувчи далиллардир.
Инсон вафотидан кейин жасадда биологик парчаланиш жараёни бошланади. Ҳужайралар автолизга учрайди, бактериялар таъсирида тўқималар парчаланади, органик моддалар минераллашади. Бироқ биология нуқтаи назаридан жасад “мутлақ йўқликка” айланиб кетмайди. Унинг таркибидаги углерод, кислород, азот, кальций, темир ва сув каби элементлар табиат айланишига қўшилади. Физика ва кимёдаги модда сақланиши қонунига кўра, модда мутлақ йўқ бўлмайди, балки бир шаклдан бошқа шаклга ўтади. Демак, “жасад тупроққа айланиб кетди, энди уни қайта тиклаш мутлақ имконсиз” деган иддао илмий нуқтаи назардан ҳам ҳеч бир асосга эга эмас.
Албатта, Исломда қайта тирилишни фақат тарқалиб кетган атомларни йиғиш деб тушуниш тўлақонли фикр эмас. Чунки инсон фақат атомлар йиғиндисидан иборат эмас. Бироқ модданинг сақланиши инсон мутлақ йўқ бўлиб кетмаслигини ва қайта тикланиш ғояси ақлан мумкинлигини кўрсатувчи жиҳатлардан биридир.

Замонавий биология тирик инсон организмининг доимий моддий алмашинувда яшашини кўрсатди. Масалан, тери ҳужайралари бир неча ҳафтада, қон ҳужайралари бир неча ойда, ичак эпителийси эса бир неча кунда янгиланади. Ҳатто суяк тўқималари ҳам маълум даражада қайта қурилади. Шунга қарамай инсон ўзини “ўша инсон” деб билишда давом этади. Бу эса инсон шахсияти муайян атомлар тўпламига эмас, балки чуқурроқ “айният”га боғлиқ эканини кўрсатади.

Ислом ақидасига кўра инсон фақат жасад эмас ва фақат руҳ ҳам эмас. Балки инсон — руҳ ва жисм бирлигидаги идрокли, масъул ва шахсий айниятга эга мавжудотдир. “Шахсий айният” деганда инсоннинг вақт ўтса ҳам, жасади ўзгарса ҳам, ҳаёти турли босқичлардан ўтса ҳам “ўша инсон” бўлиб қолиши назарда тутилади. Шу сабабли қиёматда бошқа бир ўхшаш махлуқ эмас, айнан шу инсоннинг ўзи тирилади. Аллоҳ таоло айтади:
أَيَحْسَبُ الْإِنسَانُ أَلَّن نَّجْمَعَ عِظَامَهُ ۝ بَلَىٰ قَادِرِينَ عَلَىٰ أَن نُّسَوِّيَ بَنَانَهُ “Инсон Биз унинг суякларини йиғолмайди деб ўйлайдими? Йўқ! Биз ҳатто унинг бармоқ учларини ҳам тиклашга қодирмиз” (Қиёмат сураси, 3–4-оятлар).

Муфассирлар ушбу оятда инсоннинг энг нозик ва индивидуал хусусиятлари ҳам қайта тикланиши таъкидланганини айтганлар. Замонавий илм эса бармоқ изларининг ҳар инсонда уникал ва умр давомида асосан сақланувчи белги эканини тасдиқлади. Бу ерда диққатга сазовор жиҳат шундаки, тери ҳужайралари алмашади, лекин бармоқ изларининг умумий нақши сақланиб қолади. Бу ҳолат айният фақат муайян атомларга боғлиқ эмаслигини кўрсатади. Балки генетик ахборот, биологик ташкилланиш, ички тартиб ва организмнинг “лойиҳаси” ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бу худди дарё мисоли каби: сув доим алмашади, аммо дарёнинг шакли сақланиб қолади. Демак, “атомлар алмашгани учун инсон айнияти йўқолади” деган даъво илмий жиҳатдан ҳам тўлиқ эмас.

Кўпчилик аҳли сунна мутакаллимлари қайта тирилишда инсон айнияти сақланишини тушунтириш учун “аслий жузлар” (الأجزاء الأصلية) ҳақида сўз юритганлар. Уларга кўра, инсон танасида айниятнинг асосий негизи мавжуд бўлиб, қайта тирилиш шу негиз орқали амалга ошади. Ўзгарувчан ва ортиқча қисмлар эса шахсий айният учун шарт эмас. Бу назариянинг мақсади қайта тирилишда айнан ўша инсон тирилишини тушунтириш, савоб ва азобнинг ҳақиқий эгаси сақланишини асослаш ва “моддалар аралашиб кетса нима бўлади?” деган шубҳаларга жавоб бериш эди. Албатта, бу назария замонавий молекуляр биология ёки атом физикаси назарияси эмас. Балки у ақидавий масалани тушунтириш учун ишлатилган каломий моделдир. Замонавий илм нуқтаи назаридан инсон танасида туғилгандан ўлгунча мутлақ ўзгармас қоладиган атомларни аниқлаш мушкул. Чунки организм доимий моддий алмашинувда яшайди. Бироқ биология шуни ҳам кўрсатадики, инсон айнияти айнан бир хил атомларга эмас, балки тузилиш, ахборот ва мураккаб ташкилланишга ҳам боғлиқ. Замонавий генетика инсон ҳақидаги улкан маълумот жуда кичик ҳажмда сақланишини кўрсатди. Бир ҳужайрадаги ДНКда ташқи кўриниш, ирсий хусусиятлар ва организм тузилиши ҳақидаги катта миқдордаги ахборот мужассам. Бу ҳолат “инсон ҳақидаги маълумот мутлақ йўқолиб кетади” деган тасаввурни бутунлай йўққа чиқаради. Шунингдек, замонавий физика ва биология мураккаб тизимларнинг ташкилланиши, ахборотнинг марказий ўрни ва ҳаётнинг ўта нозик мувофиқлик асосида қурилганини кўрсатмоқда. Бу эса қайта тирилиш ғоясини “мумкин эмас” дейиш нотӯғри эканини англатади.

Муҳим нуқта шуки, қайта тирилиш оддий табиий жараён эмас. У Аллоҳ таолонинг қудрати билан амалга ошадиган ғайбий ҳақиқатдир. Табиий илмлар табиат ичидаги одатий қонунларни ўрганади, аммо илоҳий қудратни лабораторияда ўлчай олмайди. Шунинг учун илм-фан қайта тирилишни исботлаб бермайди, лекин уни “илмий жиҳатдан имконсиз” ҳам демайди. Аксинча, модданинг сақланиши, ҳаётнинг қайта фаоллашиши, организмнинг ахборот асосида қурилиши ва инсон танасининг доимий янгиланиши каби ҳақиқатлар қайта тирилишни ақлан тушунишга муайян замин ҳозирлайди. Муҳим қоида шуки, ақлан мумкин бўлган бир ишнинг воқе бўлиши борасида пайғамбарлиги мўжиза билан тасдиқланган зот тарафидан хабар келган бўлса, шу ишни воқе бўлишини тасдиқлаш вожиб бўлади.

Қайта тирилиш масаласи ҳам мана шундай масалалар жумласидандир. Қайта тирилиш ҳақидаги баҳснинг энг муҳим нуқтаси фақат назарий исбот эмас. Балки инсоннинг ўзи қиёматга қандай тайёрланаётганидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:
فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ ۝ وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ “Ким зарра мисқолича яхшилик қилса, уни кўради. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, уни ҳам кўради”. (Залзала сураси, 7–8-оятлар).

Инсон бир куни қайта тирилишини, Аллоҳ ҳузурида туришини ва ҳар бир амали учун жавоб беришини чин дилдан англаса, унинг ҳаёти ўзгаради. У гуноҳдан эҳтиёт бўлади, зулмдан қочади, ноҳақлик қилмайди ва солиҳ амалларга интилади. Аллоҳ таоло айтади:
يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِين “У кунда одамлар Оламлар Парвардигори учун турадилар” (Мутаффифин сураси, 6-оят).

Қиёмат ва қайта тирилиш афсона эмас, рамзий тушунча ҳам эмас. У ҳар бир инсон албатта дуч келадиган ҳақиқатдир. Инсон бу дунёда қанча яшамасин, барибир бир куни Роббиси ҳузурида туриб, қилган ҳар бир амали учун жавоб беради. Шу сабабли қайта тирилиш ҳақида билишнинг ўзи кифоя эмас. Инсон ўша кунга иймон, тақво, солиҳ амал, тавба ва ихлос билан тайёрланиши лозим. Чунки мўмин учун қайта тирилишга бўлган иймон қўрқув манбаи эмас, балки ҳаётда маъноли яшаш, адолат билан яшаш ва Аллоҳга яқинлашиш учун энг буюк маънавий кучдир.

Хулоса қилиб айтганда, ислом ақидасидаги қайта тирилиш масаласи ақлга зид эмас ва табиий илмлар билан тўқнашмайди. Аксинча, жасаднинг чириши, модданинг сақланиши, организмнинг доимий янгиланиши, генетик ахборотнинг мураккаблиги ва инсон шахсий айнияти ҳақидаги замонавий илмий маълумотлар қайта тирилишни ҳам ақлан, ҳам табиий илмлар нуқтаи назаридан мумкин иш эканини кўрсатади. Бироқ, қайта тирилишнинг ҳақиқий моҳияти фақат атомларни йиғиш эмас, балки инсоннинг руҳи, шахсий айнияти ва ҳақиқий “мен”лигининг Аллоҳ таоло қудрати билан қайта тикланишидир.
Шундай экан, қиёматга иймон фақат назарий ақида эмас. У инсоннинг бутун ҳаётини тарбия қилувчи, уни маънавий уйғоқликка чақирувчи ва солиҳ амалларга ундаувчи улуғ ҳақиқатдир.

Асрорхон Махмудов,
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси

. .