Дунёда бўлаётган воқеаларни кузатар экансиз давлатсизлик энг катта машаққат эканига гувоҳ бўласиз. Давлат бўлмаса тинч ҳаёт, иш, бола-чақа билан бемалол ўтириш, кўча куйда қўрқмай юриш каби неъматлар армон бўлиб қолади. Жиноят авжига чиқади ва кучли заифни эзиш каби ўрмон қонуни юзага келади. Шунинг учун бизнинг халқ доимо ўз давлатини ҳимоя қилган, давлат билан яшаган.
Давлатсизликка тарғиб қилиш эса - жамиятда беқарорлик ва можаро чиқаришга даъват демакдир. Бундай ишларга дин номидан чақирадиганлар Аллоҳдан қўрқсинлар. Кимларнидир хатоси учун бутун давлатга қарши халқни, айниқса ёшларни қайраш, хорижий кучларга хизмат қилишдан бошқа нарсамас. Ҳозирги кунда дунёда Ватанимиздек гўша, халқимиздек самимий одамлар топиш мушкул. Шундай халқ ва шундай Ватандан чиқиб кетишга, "ҳижрат" қилишга, ёки шундай халққа қарши қурол кўтаришга чақираётганлар Ислом динини тушунмаган чаласаводлар, саҳнадаги ўйинчилардир.
Огоҳ бўлинг! Ўз давлатига қарши халқини қайраб, кейин эса ўша халқнинг қўли билан ўз давлатини парчалагач унинг бойлигига эга чиққан нокаслару хору зор бўлган халқлар бизга ибрат бўлсин!
Ҳозир замон ўта нозиклашиб бормоқда! Давлатимизни ўзимиз асрамасак эртага пушаймон бўламиз!
Устоз Улуғбек домла Жиянов,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
