Давра суҳбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов қатнашиб, диний таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёни, илмий изланишларнинг самарадорлигини ошириш ва педагогик фаолиятнинг замонавий талаблар билан уйғунлашуви каби ва бошқа бир қатор муҳим йўналишларда ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Муҳаммадолим домла маърузасида, аввало, таълим муассасаларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, ёш мутахассисларни илмий ишга йўналтириш, устоз-шогирд анъанасини мустаҳкамлаш ва илмий меросни чуқур ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, таълим-тарбия жараёнида маънавий поклик, масъулият, талаблар билан очиқ мулоқот олиб бориш, ҳар бир дарснинг мазмун ва услуб жиҳатдан замон талабларига мос бўлиши кераклиги ҳақида муҳим тавсиялар берилди.
Шунингдек, битирувчи талабаларнинг келажакдаги фаолиятига доир муҳим фикр ва йўналишлар баён этилиб, уларнинг амалиётга тайёрлиги, жамиятдаги ўрни, раҳбарлик ва маърифий фаолият юритишда масъулиятли бўлишлари зарурлиги таъкидланди. Хусусан, талабалар ўз илмий салоҳиятини ривожлантириш, доимий изланишда бўлиш ва жамият эҳтиёжларига мос равишда билим ва тажриба орттиришлари кераклиги қайд этилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар томонидан мазкур учрашувнинг амалий ва илмий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга эканини эътироф этар экан, бу каби мулоқот диний таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, илмий муҳитни янада кучайтириш, педагоглар ва талабаларнинг малакасини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
