Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар-ходимлари иштирокида маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди.
Muallif: . .
Sana: 05.11.2025
122

Бугун Мир Араб олий мадрасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов, Обиджон Қодиров, Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исомиддин Зуҳриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов ташриф буюрди.

Ташриф асносида Олий мадраса устоз ва талабалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Олий мадраса талабаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломларини етказди.

Зайниддин домла Эшонқулов асрлар давомида шаклланган дин ва диёнат анъаналари, диёримизда Бухоронинг ислом шариати илмлари маркази бўлгани ҳамда халқимизнинг маънавий мероси ҳақида сўз юритди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний соҳага қаратилаётган эьтибор, Мир Араб мадрасасига берилган Олий мақом, бу муассасанинг ислом илмларида тутган ўрни ва аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, талабаларни илмий изланишларга фаол киришишга, билим ва тажрибани оширишга, илмий ишлар самарадорлигини янада юксалтиришга чақирди.

Обиджон Қодиров ўз маърузасида талабаларни бугунги кунда хориждан туриб ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатишга уринаётган тоифалардан огоҳлантирди. У ёшларни ғоявий курашларда мустақил фикрли бўлишга, дин ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишга чақирди. Шунингдек, “Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими” номли китоби ҳақида сўзлаб, ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ва ихтилофли масалаларга ечим топиш аҳамиятини таъкидлади.

Исомиддин Зуҳриддинов талабаларга эътиқод ва ақида масалаларида шунингдек, халқимизнинг аосий қисмини мусулмонлар ташкил этишини, шу боис ҳар бир талабанинг жамият олдидаги масъулияти, эътиқод ва ақида билимларини ўзлаштириш, балки уни келажак авлодга етказиш ва давом эттириш масъулиятини ҳам ҳис этишларини таъкидлади ҳамда талабаларни чуқур билим олишга, чет тилларини ўрганишга ва замон билан ҳамқадам бўлишга чорлади.

Музаффар Камолов Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, диний соҳага қаратилаётган эьтибор доирасида Ўзбекистонда 2147 та масжидда фаолият юритилаётган имом-хатиблар ва уларга ойлик маош тўланиши ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, у масжидларда хизмат қилиш — юксак масъулият ва фазилат эканини таъкидлади. Олий маълумотли имомлар фаолияти диний-маънавий соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида фикр билдирди.

Тадбир якунида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги тўғрисида дуойи хайрлар қилинди.

. .