
Бу дунё қачонлардир пайдо бўлгани каби, албатта бир кун тугайди. Бу ажийб саргузаштлар уйи, ғаройибот макони бўлмиш бу ўткинчи ва имтиҳон ҳаёт шубҳасиз ниҳоясига етади. Унинг ўткинчи ва охири борлигига ўзимизнинг тугаб бораётганимиз, ёшлар қариб, чақалоқлар каттариб, фасллар алмашиб, гулгун юзлар бурмашиб бораётгани яққол далилдир.
Аввало, ҳаётимизнинг тугаши ва ўлим шарбатини тотиб, охиратга йўл олишимиз – биз учун бу дунёнинг ниҳояси ҳисобланади. Бу нисбий тугаш ва буни ҳар бир жон эгаси кўриши аниқ. Лекин дунёнинг ҳақиқий тугаш вақти ҳам бор. Унга ўша замонда ҳаёт бўлган инсонларгина гувоҳ бўлишади.
Хўш, у кун қачон келади?
Бу саволнинг жавобини Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига очиқламади. Чунки, имтиҳон ҳақиқий бўлиши учун уни ҳеч қандай кимсага билдирмаслик керак эди. Зеро, бошига синов келган ва бу синовнинг қачон тугашини билмайдиган инсон, ўша синовдан ёруғ юз билан ўтиб олиш учун астойдил ҳаракат қилади.
Аммо, дунё тугаши, қиёмат кунининг бошланиши яқинлашганини ҳис қилиш учун Пайғамбаримиз бизга баъзи белгиларни айтиб кетдилар. Булар ўта муҳим белгилар, аломатлардир. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам бунга алоҳида эътиборли бўлиши керак. Чунки, бизнинг олдимизда, “Яратувчига йўлиқиш” босқичи бор ва ўша учрашувга гўзал тайёргарлик кўришимиз керак.
Келинг азизлар, Қиёмат яқинлашганини билдирувчи қандай белгилар борлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайлик ва У зотнинг жавобларини жон қулоғимиз билан эшитайлик. Зора, ақлимиз кириб, солиҳ амал йўлига ўтсак!
Баракотли зот, оламларга раҳмат этиб юборилган буюк инсон қиёмат аломатлари ҳақида айтган баъзи сўзларини эшитинг!
"Вақт яқинлашади". Яъни, вақт баракасиз бўлиб қолади. Одам бирон ишига улгурмайди. Эрталаб туриб у бу ишини битираман дегунча кеч киради. Ҳафталар, ойлар ва йилларнинг ўтиши тезлашиб кетади.
"Зино зоҳир бўлади" яъни кўпаяди. Бу ҳақда гапирмасак ҳам бўлади. Аммо шуни айтиб қўйиш керакки, бу разолат олдинги бирор замонда ҳозиргидек оммавий тарқалмаган.
"Ҳали одамларга шундай замонлар келадики, киши топаётган молини ҳалолми, ҳаромми, эътибор ҳам бермай қўяди“. Инсоф билан айтинг, шу даврларни яшамаяпмизми? Ким ҳозир ишдан қайтгач ”бугун топган пулим соф ҳалолмиди ёки ҳаром ва шубҳалар аралашдими?" дея ўзига савол беряпти? Ким фарзандига едираётган ҳаром ризқни унинг тарбияси ва келажагини бузилишига сабаб эканини англаяпти? Кўпчилик нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ пул топай, яхшироқ уйда яшай, қимматроқ машина минай, башангроқ кийинай деган васвасалар гирдобига тушиб бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
"Ҳали инсонларга алдамчи замонлар келади. Унда ёлғончи ростгўйга, ростгўй эса ёлғончига чиқарилади. Хоинга ишонилади, омонатдор эса хоинликда айбланади. Унда пасткашлар сўз соҳиби бўлишади...“ Ижтимоий тармоқ ёки оммавий ахборот воситаларида ким машҳур қилинса, кимни тўғри ва ҳақ деб кўрсатилса, одамлар ўшани тўғри дея эргашиб кетаётганлиги ҳаммага маълум. Қачонки инсон нафсига эргашиб, дунёсидан бошқа ғами қолмаса, юқорида айтилганидек, тўғри билан хатони фарқига бормай, дунёда бўлаётган ишларни тўғри таҳлил қилолмайдиган тобеъ бўлиб қолади. Интернет ва ахборот кимни қўлида бўлса, одамлар ўшаларга эргашиб, улар ҳақ деганни ҳақ, улар нотўғри деганни хато деб юришаверади. Ҳақиқат шу экан дея, тарқатилаётган хабарларга алданиб келажаклар қурилмоқда. Ёшлар билан катта ёшлилар ўртасида тушган совуқлик, фарзанд ўз ота-онасига итоат қилмай, ўз аждодлари йўлини менсимай, унинг миясига бошқалар томонидан киритилган фикрларни ”мутлоқ ҳақиқат ва ўзимнинг шахсий фикрим“ дея алданиб, баъзилари эса ёнғоққа ишонган афандидек ўзи ўйлаган нарсасига ишониб қолиб, тармоқларга чиқиб одамларга қандай яшашни ўргатиши – юқоридаги гапларнинг тасдиғидир. Буни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Аммо, ҳақни ўрганмаганимиз камлик қилганидек, ҳақни ўргатадиганлар томонда ҳам турмаймиз, ўзлигимизни ушлаб қолишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Атлас кўйлак кийган “йигит” ”Дин маънавият бўлолмайди“ деганда ҳам, адрас иштон кийган “эркак” ”Бизга умуман маънавият керакмас“ деса ҳам, улардан ҳам пасткашроғи чиқиб ”Аждодларимиз одамларни бошқариш учун диндан фойдаланган, дин асли йўқ нарса“ деса ҳам жим тураверамиз. ”Булар қаердан бунақа даражада паст савияга тушиб қолди? Ахир бизнинг фарзандларимизку булар ҳам. Нега ўзлигини йўқотмоқда булар? Келажак бунақа фаросатсизларни қўлида қолса ватан нима бўлади, қадрият, дин ва миллат қай аҳволга тушади? Буларни ким телевизорга олиб чиқяпти?" деб ўйлаб ҳам ўтирмаймиз...
"Қоронғу тундек фитналар келишидан олдин амал қилиб қолинглар! Ўша кунларда инсон мўмин ҳолатда тонг оттирадию кечга бориб кофир бўлади. (Ёки) Кечаси мўмин ҳолдаги инсон тонгда динсизга айланади. Ўз динини арзимас дунё матоси эвазига сотади".
Қадриятга ва ўша қадриятларимизнинг асоси бўлган динимизга қарши фикрий ҳужумлар ҳам жуда авж олиб бораётган ҳозирги давримизда, баъзи мусулмонлар ёшлар ўз динини билмагани учун тарқатилаётган хато фикрлар таъсирига тушиб қолмоқда ва натижада динни тарк этишяпти. Аллоҳнинг дини ҳеч кимга муҳтожмас аслида. Фақат, инсон инсонлигини сақлаб қолиши учун динга муҳтож. Диннинг ҳақлиги, Аллоҳ таолонинг борлиги, ҳеч бир нарса ўз-ўзидан пайдо бўлмаслиги, инсон доимо ожиз экани ва мутлоқ қудрат соҳибига муҳтожлигини доимо ҳис қилиб туриши ҳақида гапириб ўтирмайман. Биргина фикрни айтаман: Динни инкор қилиш - ҳозирги эришилган замонавий технологияларнинг асосини ҳам инкор қилишдир. Чунки, бу моддий тараққиётнинг асосини ихтиро қилган олимларнинг деярли ҳаммаси диндор бўлишган. Ё “Уларнинг ақли паст бўлган” дея хумпарлигингни исботлайсан, ёки, уларга эргашасан. Бошқа йўл йўқ. Аслида, инсоният тарихида динни, Аллоҳни инкор қилганлар деярли бўлмаган. Доимо одамлар динга, Худога талпиниб яшаган. Кимлардир бу йўлда ҳақни топган, кимлардир адашган. Аммо, Худони инкор қилишдек паст савия фақат яқин асрларда, аниқроғи, технология ривожлана бошлагандан кейин пайдо бўлди. Хуллас, бу ҳақда гапирса гап кўп. Динни, ўзликни, қадриятларни билмаслик, уларни менсимаслик оқибатида жуда кўп ёмонликлар бошимизга келади. Жамиятда хиёнат кўпаяди, адолат йўқолади, гуноҳ авж олади, ишлар ўз эгаларига топширилмайди. Сўзимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир гаплари билан якунламоқчиман.
У зот: "Омонатлар зое қилинганда қиёматни кут“ дедилар. Шунда: ”Улар қандай зое қилинади?“ дейишди. У зот: ”Ишлар ўз эгасидан бошқаларга топширилса қиёматни кутавер" дедилар.
Роббим ҳаммамизни қиёматнинг даҳшатидан асрасин! Ўша кунда юзимизни ёруғ қилсин!
Устоз Улуғбек Бухорий,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
