ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКДАГИ МУҲИМ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Muallif: . .
Sana: 18.02.2025
238

Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Индонезиянинг Шариф Ҳидоятилло ислом университети Исломшунослик факультети декани, Бошқарув қўмитаси раиси Исмату Ропи бошчилигидаги делегация вакиллари ташриф буюрди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Исломшунослик факультети декани Жаҳонгир Тоҳиров, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Шариф Ҳидоятилло ислом университети ўртасида 2023 йилда Англашув меморандуми имзоланган. Мазкур ҳамкорликка кўра, икки таълим муассасаларидаги халқаро конференция ва семинарларда муассасаларнинг профессор-ўқитувчилари иштирокини таъминлаш, талабалар алмашувини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилган.

Суҳбат аввалида Зоҳиджон Исломов меҳмонларни Академияга ташрифи билан қутлаб, Академиянинг ташкил этилиши тарихи, илмий фаолияти, таълим йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳамда Академия ҳузурида фаолият юритаётган марказлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Академия Республика олий таълим муассасалари миллий рейтингида илмий салоҳияти бўйича 1-ўринни эгаллаганини билдирди.

Ўз навбатида Исмату Ропи самимий қабул учун Академия раҳбариятига миннатдорлик билдирди ва Шариф Ҳидоятилло ислом университети ҳақида маълумот берди. Хусусан, муассаса мамлакатдаги энг йирик ислом университети сифатида 33 мингдан зиёд талабани ўзида жамлаганини таъкидлади. Исмату Ропи раҳбарлик қилаётган Исломшунослик факультетида исломшунослик, диншунослик, ислом фалсафаси, ҳадисшунослик каби йўналишлар мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек, университет томонидан 2023 йил Академия билан имзоланган англашув меморандуми бўйича ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида таклиф лойиҳалар ишлаб чиқилганини қўшимча қилди. Жумладан, “Ҳадис илми султони Имом Бухорий меросини ўрганиш йўлида: Индонезиянинг 1000 нафар изланувчиси” лойиҳаси бўйича ҳамкорликда илмий тадқиқот олиб бориш ҳамда жорий йил 25-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида тадқиқот натижаларига қаратилган “Имом Бухорий мероси” қўшма тадқиқот ва халқаро конференцияни ташкил этиш бўйича таклиф билдирди.

Учрашув давомида делегация аъзоларидан бири, Бош моҳаррир Ека Триятна Шанти сўз олиб, мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад ёш авлодни тарихий шахслар ҳақида ўрганишга рағбатлантириш, академик ҳамкорликка кучли асос бўлувчи Президент Сукарно ва Имом Бухорий ўртасидаги тарихий боғлиқликни хотирлашга кўмаклашиш эканини қайд этди.

Учрашув якунида меҳмонлар юқори даражадаги ҳурмат ва меҳмондўстлик учун Академия мутасаддиларига миннатдорлик билдирди.


Манба iiau.uz

. .