ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ УСТОЗЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?
Muallif: . .
Sana: 14.01.2025
84

Имом Абу Мансур Мотуридий (ҳ. 238–333/м. 852–944) роҳимаҳуллоҳ аҳли сунна вал жамоа ақийдаси ва ҳанафий мазҳабининг асосларини батафсил ёритиб берган улуғ олим ҳисобланади. Унинг илмий мактаби асрлар давомида уммат учун ақлий ва нақлий далилларга асосланган билим манбаи бўлиб келмоқда. Бу буюк олимнинг муваффақиятларида устозларининг ўрни беқиёсдир. Устозлари Имом Мотуридийнинг билимларини бойитишда ва унинг исломий илмлар соҳасида етакчига айланишида муҳим омил бӯлганликлари шубҳасиз.

Қуйида Имом Мотуридийнинг илм олиш йўлидаги асосий устозлари ҳақида маълумот берилади:

1. Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ал-Иёзий

Самарқандлик машҳур олим Абу Наср ал-Иёзий ҳанафий мазҳабининг етакчи фақиҳларидан бири бўлиб, илм соҳасида ва душманга қарши курашда тенгсиз эди. “Жавоҳир ал-Музийя” асарида келтирилишича, Абу Мансур Мотуридий Абу Наср Иёзийдан таълим олган. Абу Наср Иёзий илмда ҳамда душманга қарши курашишда машҳур бўлиб, унинг илм даражаси, тақвоси, сабри ва жасорати билан тенглашадиган киши йўқ эди. У шаҳид бўлган ва ӯз ортидан Имом Мотуридий ва унинг сафдошларидан иборат қирқта шогирдни қолдирган. Унинг икки фарзанди ҳам фиқҳ соҳасида етук олимлар бўлишган: Абу Бакр Муҳаммад ва Абу Аҳмад.

Абул Муъин ан-Насафий “Табсиратул-адилла” китобида шундай ёзади: “Абу Наср ал-Иёзий жуда ақлли ва илмда чуқур олим эди. У дин душманларига қарши ўта мард ва жасоратли бўлиб, илмда ҳам ҳеч ким унга тенглаша олмас эди”.

2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжоний

Абу Бакр ал-Жузжоний ҳижрий III асрнинг етук олимларидан бири ҳисобланади. У ўз замонасида ақийда ва фиқҳ соҳасида юқори мартабага эга бўлиб, ҳанафий мазҳабининг асосларини ривожлантирган. Унинг машҳур асарлари орасида “Фуруқ”, “Тамйиз” ва “Тавба” китоблари мавжуд. Унинг асарлари ва таълимотлари Имом Мотуридийнинг ақидавий мактабини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган. Ал-Жузжонийнинг машҳур шогирдлари орқали ҳанафий мазҳаби асослари янада мустаҳкамланди.

3. Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий

Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий Рай шаҳридан чиққан қозилардан бўлиб, ақийда ва фиқҳда чуқур билимларга эга бўлган. У ҳанафий мазҳабининг ақийдавий асосларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган. Унинг таълимотлари Имом Мотуридий учун муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилган. Унинг фикрлари ақл ва нақлнинг мувозанатини сақлашга қаратилган бўлиб, Имом Мотуридийнинг таълимотларида бу таъсирни кўриш мумкин.

4. Насир ибн Яҳё ал-Балхий

Насир ибн Яҳё ал-Балхий ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан бири бўлиб, у ақийда ва фиқҳ соҳасида етакчи олимлардан ҳисобланган. Унинг таълимотлари Имом Абу Ҳанифа мактабига асосланган бўлиб, Имом Мотуридий унинг илмий йўлларини давом эттирган. Насир ибн Яҳё ўз даврининг ақийдавий мунозараларида муҳим ўрин тутган ва аҳли сунна ақийдасини ҳимоя қилишда фаол иштирок этган.

Имом Мотуридийнинг устозларига умумий назар солганимизда, уларнинг барчаси илмий санадда Имом Абу Ҳанифага бориб тақалиши аён бўлади. Абу Бакр ал-Жузжоний ва Насир ал-Балхийлар Имом Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон ал-Жузжонийдан фиқҳ ўрганган бўлиб, у ўз навбатида Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний (Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари) роҳимаҳумуллоҳлардан таълим олган. Шунингдек, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий ва Насир ал-Балхийлар Имом Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ ал-Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ибн Салм ас-Самарқандийдан таълим олишган бўлиб, буларнинг ҳар иккиси ҳам Имом Абу Ҳанифанинг шогирдларидан эди. Қолаверса, Муҳаммад ибн Муқотил Муҳаммад ибн Ҳасандан (Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан) ҳам таълим олган.

Имом Мотуридий ўз устозларидан фиқҳ, ақийда, ҳадис ва тафсир соҳаларида чуқур билимлар олган. У Қуръон ва Суннат асосида ҳамда ақлий далилларга таянган ҳолда аҳли сунна вал жамоа ақийдасини ҳимоя қилган. Устозлари унинг илм олиш жараёнида чинакам йўлбошчи ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилганлар.

Асрорхон Маҳмудов,
Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси
. .