
Юртимизда фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асоси сифатида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
Мазкур Қонунда беморнинг ҳуқуқлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. Қонунга асосан бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари;
шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;
санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига кўра бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш;
тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши;
тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;
ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлаш;
тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши;
ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши.
Ҳуқуқлари бузилган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида кўрсатилган бемор ҳуқуқларининг Қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши фуқаролар соғлиғини сақлашнинг ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади ва бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги уларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишларида кўмакчи бўлади.
М.ХОДЖАЕВ,
Мир Араб олий мадрасасининг бўлим бошлиғи
Eng ko'p o'qilgan Mudarris minbari
