ДОЛЗАРБ АҚИДАВИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАР ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ
Muallif: . .
Sana: 07.11.2024
297

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар“, “Тиллар“ ва “Ижтимоий фанлар“ кафедралари томонидан “Долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалалар“ мавзусидаги республика илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 июлдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия“ фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ҳамда юртбошимиз раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан ўтказилди.

Конференцияга Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги маърифий масканларнинг исломшунос, диншунос ва тарихчи профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, докторантлар, мустақил изланувчи тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот марказларининг илмий ходимлари ва бакалавриат ҳамда магистратурада таҳсил олаётган ёшлар таклиф этилди. Шунингдек, конференция ишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази вакиллари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, ўрта махсус ислом таълим муассасалари, юртимиздаги олий таълим муассасалари мутахассислари, профессор-ўқитувчи, илмий-тадқиқот марказларининг илмий ходимлари, докторантлар қатнашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров, Мусулмонлар идораси фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек ва бошқалар ушбу йирик анжуманнинг мақсад, вазифалари, аҳамияти ҳақида батафсил сўзлади.

Ҳозирги глобаллашув даврида долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалаларга оид муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди. Ушбу анжуман Калом илми ва ақидавий масалаларга оид замонавий илмий тадқиқотлардаги ёндашувлар: ўтмиш, ҳозир ва келажак, замонавий фиқҳий масалаларга оид долзарб масалалар, илмий изланишлар ва таҳлиллар, соғлом эътиқоднинг жамият тараққиётидаги ўрни, ақидага оид оят ва ҳадисларни тўғри талқин қилишнинг аҳамиятини очиб бериш, аҳли сунна вал жамоа уламоларининг адашган оқимларга раддияларидан унумли фойдаланиш каби вазифаларни кўзлаши билан аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, анжуманда Мотуридия таълимотининг асослари ва хусусиятларини очиб бериш, замонавий фиқҳий масалалар бўйича фатволар ва уларни таҳлил этиш, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий манбалар ва уларнинг даражаларини кўрсатиш, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан чиқарилган фатволар ва уларнинг диний-ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашдаги ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг юқорида келтирилган фармонида Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

– Бугун жамиятнинг барча босқичларини инобатга олган ҳолда, ҳамма масалаларни чуқур ўйлаб, ҳар тарафлама таҳлил этиб, ҳал қилиш олимлар, уламолар зиммасидаги катта масъулиятдир, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, таниқли исломшунос олим Уйғун Ғафуров. – Тошкент ислом институти олимлари сафининг кенгайиб бораётгани турли масалаларга ижобий ечим топишда муҳимдир

Анжуман натижаларига кўра, юртимиздаги диний таълим муассасаларида ақоид ва фиқҳ илмларига оид фанлардан дарс берувчи профессор-ўқитувчиларнинг тажрибаларини жамлаш ҳамда Тошкент ислом институтида бажарилган ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ фанлари доирасидаги тадқиқот, илмий ишланма, ўқув қўлланма ва дарсликлардан республика олий диний таълим муассасаларида фойдаланишни жорий этиш, ақоид, калом илми, фиқҳ ва Усулул фиқҳ фанлари бўйича жиддий аҳамиятга эга муаммоларни аниқлаш, улар асосида тадқиқот мавзулари базасини яратиш, уларни тадқиқот объекти сифатида изланувчиларга бириктириш, амалга ошириладиган тадқиқотлар натижаларини – муаммоларни ҳал этишга асосий эътиборни қаратиш бўйича батафсил фикр алмашилди.

Шунингдек, ёш авлоднинг замонавий ахборот технологияларидан долзарб ақидавий ва замонавий фиқҳий масалаларга алоқадор мавзулар бўйича фойдаланиш маданиятини ошириш, бузғунчи ғояларнинг Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқ сайтлари орқали таъсирига қарши самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, Тошкент ислом институтининг амалдаги ҳамкорлик шартномалари асосида юртимиздаги исломшуносликка оид илмий-тадқиқот марказлари ва таълим муассасаларидаги турдош кафедралар билан англашув меморандумларини тузишга эътибор қаратилди.

манба uza.uz

. .