ОГОҲЛИК: ТЕЛЕГРАМДАН КЕЛГАН ФАЙЛНИ ОЧИШГА ШОШИЛМАНГ!
Muallif: . .
Sana: 23.01.2024
92

Агар сизнинг шахсий профилингизни бузиб киришган бўлса, телеграмингиз ўчиб қолади. Бошқатдан телеграм очганингизда сизнинг профилингиздан группаларга, контактларингизга номаълум файл юборилган бўлади. Файлга "шу дастурни юклаб олсангиз сизга 1 500 000 сўм пул ўтқазиб беришади", каби изоҳлар ёзилган бўлади. Бу ҳақда Uza.uz огоҳлантирди.

Содда одамлар файлни очади, ундаги ҳаволага киради. Ҳаволада карта маълумотларингизни киритишингиз керак бўлади. Баъзилар картага тегишли шахсий маълумотларини киритишади, соддалигидан ҳатто телефонига келган КОД рақамларини ҳам киритади. Бу эса ўша заҳотиёқ фирибгарларнинг картангиздаги бор пулларингизни ечиб олишларига туртки бўлади.

Агар картангизда пул йўқ бўлса, фирибгарлар маблағ тушадиган пайтни кутади. Шу боис, пластик картангиз маълумотларини билмасдан нотаниш ҳаволага киритган бўлсангиз, дарҳол банкка мурожаат қилиб, картани блоклашингизга тўғри келади.

Фирибгарларнинг изига телеграм орқали тушиб бўлмайди. Фақат карта ўтказмалари орқали уларни топиш мумкин холос. Агар шу каби ҳолатга дуч келсангиз албатта, ички ишлар вазирлигининг кибержиноятга қарши курашиш бўлимига ёки “102” рақамларига мурожаат қилинг.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Афсуски ушбу оятга амал қилмаслик оқибати катта мусибатларга сабаб бўлади. Бир хабар келиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда.

Шу маънода танишингиз ва яқинлариздан телеграм орқали келадиган файлларни юклаб олишга шошилманг ва зинҳор телефон рақамингизга келган смс кодлар ёки бошқа шахсий рақамларни шубҳали жойларга киритманг.

Аллоҳ таоло барчамизни зийрак ва фаросатли мўмин-мусулмонлардан қилсин, билиб-билмасдан бошқаларга озор бериб қўйишдан сақласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати
. .