
Сўнги йилларда юртимиз мусулмонларига ҳаж ва умра зиёратларини қилиш учун кенг имкониятлар яратилди. Умра ва ҳаж амалларини бажариш асносида ҳожилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истиқомат қилган Макка ва Мадина шаҳарларига ташриф қиладилар. Шу билан бир қаторда, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳамда ўзларининг ва бизларнинг саломларимизни етказиш бахтига ҳам мушарраф бўлмоқдалар.
Аммо инсонни кўнглини хира қиладиган ишлардан бири шуки, айрим бемазҳаб кимсалар томонидан Росулуллоҳнинг қабрлари зиёрати учун сафар қилиш ширк амал, У зотнинг қабри зиёрати учун йўлга отланиш шаръан ҳаром бўлади, деган гаплар эшитилиб қолади. Бу каби гаплар эса зиёратчиларнинг қалбига шубҳа туғдиради, жамиятда фитнани қўзғайди. Агар зиёратни қилиб бўлган бўлса, шунча ихлос-муҳаббат билан қилган зиёратимиз нима бўлди, деб ўйлайди. Агар энди қилмоқчи бўлса, ростдан ҳам зиёрат қилсак бўлармикан, деган иккиланиш билан зиёратга боради. Бу каби гумонлар эса қилинган ибодатнинг савобига путур етказади.
Аслини олганда, бу каби гап-сўзлар энди гапирилаётгани йўқ. Бемазҳаблик тарғиботчилари ўзларининг бу гапларини бундан етти, саккиз аср аввал яшаб ўтган Ибн Қойюм Жавзий (р.а.) (1292-1350) ҳамда у кишининг устози Ибн Таймия (р.а.)дан (1263-1328) олганлар ҳамда ўша пайтдаёқ бу каби гаплар жиддий қаршиликка учраган, уламолар томонидан жавоблар берилган.
Ибн Таймия Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадиқа сафарга чиқишнинг ҳаром эканига қуйидаги далилни келтиради. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта масжиддан бошқа жойга алоҳида тайёргарлик билан, кўч боғланиб сафарга чиқилмайди, (у ҳам бўлса) менинг мана бу масждим (Масжиди Набавий), Масжиди Ҳаром ва Масжиди Ақсо” дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти.
Ибн Таймийя айтадики: «Ушбу ҳадисга биноан учта масжиддан бошқа жойга сафарга чиқиш мумкин эмас экан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига ҳам зиёрат мақсадида сафарга чиқиш жоиз бўлмайди».
Ибн Таймия р.а. ўзининг бу гаплари билан ўз вақтидаги ҳамда ўзидан муқаддам бўлган барча ислом уламоларининг ижмосига хилоф қилган. Зеро, шу вақтгача олимлар барча қабрларни зиёрат қилиш, шунингдек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш савоб олинадиган мустаҳаб амалдир, деганлар. Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар”, деганлар. Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадис умумий бўлиб, барча мусулмонларнинг, хусусан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш жоиз эканини ўз ичига олади. Шунингдек, ҳадисда сафарга чиқиб зиёрат қилиш ёки сафарга чиқмай зиёрат қилиш ҳақида гап-сўз йўқ. Шундай экан, У зотнинг қабрини сафарга чиқиб зиёрат қилса ҳам бўлади, сафар қилмай зиёрат қилса ҳам бўлади ҳамда ҳадисда «зиёрат қилинглар» деган буйруқ ушбу амалнинг мустаҳаб эканини ифодалайди.
ТЎХТАСИНОВ РЎЗИМУҲАММАД
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
