ВАТАНГА МУҲАББАТ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
244

«Ватан» атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Ибн Халдун «Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир», деб таъриф берган.Ватанга бўлган муҳабат ва садоқат ҳар бир инсон фарзандининг фитратида мавжуд. Айниқса бизнинг аждодларимиз Ватанга хизмат қилишни олий бурч деб билишади. Ҳар бир қарич ерини кўз гавҳаридек асрашади. Бу каби олий туйғу Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган улуғ неъматлардан биридир. Зеро Ватан туйғуси ва муҳаббати инсон қалбида бўлмаганида, бугун ер юзи шунчалик обод бўлмасди. Шунинг учун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўларди», деганлар. Аммо баъзи инсонлар ва тоифалар борки бундай олий неъмат – ватанни севиш ва обод қилиш неъматидан маҳрумдир. Оқил инсон Аллоҳ таоло берган ақли ила тафаккур қилса ўз Ватанида Аллоҳ таоло унга қанча неъматларини ҳисобсиз берганини англайди. Инсон мана шу неъматлар сонини санаса адоғига етолмайди. Умр буйи шу ватанга хизмат қилса шунча кам. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ота боболаримиз ватан ҳимояси учун ҳатто жонларини фидо қилишган. Мусулмон саркардалари ичида ватандошларимиздан бўлган Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур бутун дунёда номлари жасорат ва садоқатга тенгсиз бўлишган. Буюк сиймоларимиз Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Имом Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва Абу Райҳон Беруний ўз илмий-тарихий ва диний асарлари билан Ватанни ҳимоя қилиш ва ватантпарварлик ҳақида керакли маълумотларни беришган.

Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: «Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) сизлардан «Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз», деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз» («Бақара» сураси, 84-оят)”.

Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида айтадилар: «Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари ибодатда тургандан яҳшироқдир» (Имом Бухорий ривояти).

Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: «Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим», - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).

Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Хулоса, Ватанга муҳаббат оддий инсонларга ҳам улкан куч-қудрат, азму шижоат бахш этиб, тенгсиз жасоратларга ундаб, ватан шарафини ўзининг шарафидек бир хил ҳимоя қилади. Инсон шарафи қанча улуғ бўлса, Ватан шарафи ҳам оқил инсонлар наздида улуғдир. Она юртнинг табаррук ери бошқа ўлкаларнинг олтин захираларидан афзалдир. Албатта Ватан ҳимояси – шарафимиз риояси эканлигини унутмасдан туну кун сергак бўлиб ҳар бир қарич ерини, халқини азиз тутиб тилимизу дилимиз ва жисмимиз билан ҳимоя қилишимиз даркор. Зеро халқнинг тинч ва осуда ҳаёти, бахту саодати мард ва баҳодир фарзандларнинг садоқатига, жасоратига боғлиқ. Аллоҳ таоло берган бу буюк неъмат – умримизни фақат яхшилик, ҳалоллик, оқиллик ва содиқликка ўтказиш барчамизга насиб этсин.

АКРАМОВ АБДУВОҲИД
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

. .