ИСЛОМ - ТИНЧЛИК ДИНИ
Muallif: . .
Sana: 11.03.2023
413

Ота боболаримизни қўлларини дуога очишганда; “Илоҳим жаннатмакон юртимиз тинч бўлсин. Юртимизга кўз тегмасин”- деб дуо қилишади. Ушбу дуо замирида Аллоҳ таолонинг муборак каломидаги Иброҳим (а.с.) дуолари эсга тушади. У зот яшаб истиқомат қилган юртлари Макка ҳақига: "Эй Роббим, бу (Макка)ни тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларга (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деб-дуо қилдилар (Бақара, 126). Шу дуо неча минглаб йилларки, инсоният тилида тўхтамайди. Ҳақииқатан, инсонга кўпгина неъматларни берилган бўлсаю-у, тинчлик неъмати бўлмаса, бошқа неъматларнинг лаззати татимайди.

Тинчлик ва ҳотиржамлик. Ушбу сўзлар замирида қанчалар буюк неъмат борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу неъмат қиёси йўқ бўлган буюк неъмат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг, тарихни тиклаш,қайта ёзиш,ҳаққоний тарихни яратиш учун жуда кўплаб илмий ва амалий ишлар олиб бориляпти.Президентимиз таъбири билан айганда : “Буюк истакларимиз маданиятимизни ўзимиз учун ва бутун дунё учун қайта тикламоқдамиз

Ислом дини ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва ҳотиржамликка тарғиб қилиш билан бирга зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик қилиш, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради.

Пайгамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқ бўлмоғи лозим.

Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларни мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар.

Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.

Ислом динининг мусаффолиги, унда барча инсоний фазилатларнинг мужассамлиги, инсонларни гўзал ахлоқу одобга тарғиб қилишдадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси, гўзал ахлоқларни тамомига етказишдан иборатдир” (Имом Молик ривояти), деган сўзларида Ислом динининг асл мазмун-моҳияти ифодалаб берилгандир.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири у инсон табиати хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олганидадир.

Буюк Аллоҳ ер юзига тинчликни барқарор айласин. Амин!

Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Қосимов Убайдуллоҳ

. .