
Уламоларнинг даражаларини улуғ ва уларни Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг меросхўри қилган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, бизларга илм олиш ва унга амал қилишда ўрнак бўлган улуғ хулқ соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллАллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлаларимиз, илм аҳлларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Мўмин-мусулмонларнинг дунё ва охирати учун фойдали илм ҳосил қилган ва одамларнинг ҳаётига диёнат, саломатлик ва қулайлик олиб кирган кишиларга катта савоблар ваъда қилинган. Илм ўргатиш, илм ўрганиш, олимларга муҳаббатли бўлиш, уларга қулоқ тутишнинг савобли иш экани, аксинча илм маърифатдан кочиш одамнинг ҳалокатига сабаб бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоху алайҳи васаллам шундай дейдилар:
كن عالما أو متعلما أو مستمعا أو مجبا ، ولا تكن الخامس فتهلك.
яъни: «Олим бўлинг, ё илм олувчи бўлинг, ё қулоқ солувчи бўлинг, ё илм аҳлини яхши кўрувчи бўлинг. Бешинчиси бўлмангки, ҳалок бўласиз».
Илм фанни чуқур ўрганиб олим бўлиш, яхшиликни ўзгаларга ўргатиш, билимини одамларнинг фойдасига ишлатиш катта фазилат. Уламолар пайғамбарларнинг ворислари ва улардан кейинги даражада турувчилардир.
Ҳадиси шарифда уламоларни пайғамбарларнинг меросхўрлари деб таърифланади:
وإن العالم ليستغفر له من في السموات ومن في الأرض والحيتان في جوف الماء ، وإن فضل العالم على العابد كفضل
القمر ليلة البدر على سائر الكواكب ، وإن العلماء ورثة الأنبياء ، وإن الأنبياء لم يورثوا دينارا ولا درهما إنما ورثوا العلم فمن أخذه أخذ بحظ وافر.
яъни: “...Албатта, олимга осмондаги зотлар, эрдаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан устунлигига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким уни олса, улуғ насибани олибди».
Илм эгаси бўлган уламоларни пайғамбарларнинг меросхўри ва улардан кейинг даражада туришида далолат қилувчи ҳадислар ҳам ворид бўлган.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ айтганлар: «Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларим остидан сут чиққанини кўрдим, сўнг қолганини Умар ибн Хаттобга бердим». Саҳобалар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?». «Илмга»,- дедилар Расулуллоҳ саллАллоҳу алайҳи ва саллам.
Яна бир сўзларида «Агар мендан кейин пайғамбар келганида Умар пайғамбар бўлар эди»- деганлар. Демак илм олиб унга амал қилган уламолар ҳам пайғамбарларнинг илмига меросхўр бўладилар.
Ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган зотларга илм ато қилиниши баён қилинади:
« من يرد الله به خيراً يفقهه في الدين » . متفق عليه
яъни: «Аллох кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди». (Муттафақун алайҳ).
Шунингдек илмни мерос олган киши барча яхшиликни қўлга киритибди, зеро уламолар ояти каримадаги “ربنا آتنا في الدنيا حسنة وفي الآخرة حسنة ” бу дунёдаги «яхшилик»ни илм ва ибодат деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таоло илм сабабли уламоларни олий қилиб, яхшилик амалларга йўлбошловчи қилади. Фаришталар, жамики хайвонлар, паррандалар, денгиздаги балиқлар хаттоки ҳўл—қуруқ нарсалар борки барча-барчаси олимнинг илми сабабли унга истиғфор айтади.
Илм қалбларнинг ҳаёти ва кўзларимизнинг нуридир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳадисда келтирилган уламолардан бўлиб Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлишимизни насиб айласин!
Муҳаммаджон Тўхтаназаров
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Eng ko'p o'qilgan Talaba minbari
