ҲАҚ БИЛАН БОТИЛНИ АЖРАТАДИГАН ҚАЛБДАГИ НУР
Muallif: . .
Sana: 25.04.2024
45

Инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи ва унинг асосий хусусиятини белгиловчи “фаҳм-фаросат, ўйлаш, англаш ва тафаккур малакаси”ни англатувчи атама “ақл” дейилади.

“Ақл” сўзи луғатда “тутиш”, “қайтариш”, “боғланиш” каби маъноларни англатиб, аҳмоқликнинг тескарисидир. Аслида илм ишларни ақл ёрдамида бажаришдан иборатдир. Ақл эса учраган нарсани тушуниб олиш қобилиятидир.

“Ақл” сўзининг кўп маънолари бор бўлиб, луғатда “туяни тушовлаш” маъносини ҳам билдиради. Чунки, туя қочмоқчи бўлганида, тушов бунга йўл қўймаганидек, ақл инсонни ярамас ва қабиҳ хоҳиш-истакларни рўёбга чиқаришдан қайтаради. Шунинг учун Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ нарсадан қайтара олса, сен ақллисан”, деган.

Ақл хусусида айтилган бу сўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги сўзларига эътибор қаратамиз: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ақл ҳақ билан ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, деганлар. Ва яна: “Кишини тўғри йўлга бошлайдиган ва эгри йўлдан қайтарадиган бирдан-бир таянчи ақлдир”, деб таъкидлаганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир кишини яхши деб мақташди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг ақли қандай?” дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, унинг ибодати, хулқи, фазилати ва одоби…”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: “Унинг ақли қандай?” деб сўрадилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз унинг ибодати билан бошқа фазилатларини мақтасак, сиз унинг ақли хусусида сўраяпсиз?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, обиднинг нодонлиги фожирдан кўра кўпроқ зарар етказади. Одамларнинг Раббиларига қурбатлари ақллари даражасига қараб бўлади”, деб марҳамат қилдилар.

Исломда ақл Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг улуғ неъматлардан бири ҳисобланади. Ақли инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб туради ва улар устидан султонлик қилишига ёрдам беради.

Қуръон барча ишларда ақлни ишлатишга чақиради, ақлни ишлатмаганларни қаттиқ танқид қилади. Қуръонда ақлга тааллуқли сўзлар
50 марта ишлатилган. “Ақл эгалари” сўзи эса 10 мартадан кўпроқ ишлатилган. Шунинг ўзи ҳам Қуръон ақлга катта эътибор берганининг далилидир. Қуръон ақлнинг улкан неъмат эканини баён қилади:

“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят).

Бошқа оятларда эса ақлни ишлатмаганлар айбланади:

“Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон жонзотлар кар, соқов, ақлни ишлатмайдиганлардир” (Анфол сураси, 22-оят).

“Ёки сен уларнинг кўплари тинглай оладилар ё англай оладилар, деб ҳисоблайсанми? Аслида уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки, яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 34-оят).

Бошқа бир оятда ақлни ишлатмаслик охират азобига сабаб бўлгани эслатилади:

“Ва улар: “Агар эътибор қулоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик”, дерлар” (Мулк сураси, 10-оят).

Муовия ибн Қурра розияллоҳу анҳу айтади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар яхшилик қилаверадилар. Ажрларини эса ақллари миқдорига кўра оладилар”, дедилар.

Юқоридаги маълумотлардан бироз бўлса-да, ақлнинг диндаги аҳамияти ҳақида маълумот олдик. Аммо, унинг зарурати, нима учун кераклиги ҳақида қуйидаги ривоятлар келган.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу айтади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ўз нафсини динга юргизган ва ўлимдан кейини учун амал қилган киши ҳақиқий донодир. Нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳга орзулар қилган киши эса ҳақиқий ожиздир”.

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Яхшилик ва ёмонликнинг ўзинигина биладиган киши оқил эмас. Яхшиликни кўрса, унга эргашадиган ва ёмонликни кўрса, ундан четланадиган кишигина оқилдир”.

Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Билингларки, ҳақиқий оқил – ўз гуноҳини эътироф этган, бошқанинг гуноҳини ҳис қилган, ҳузуридаги борини бериб, сахийлик қиладиган, бошқанинг ҳузуридагидан зуҳд қиладиган, азият беришдан тийиладиган ва бошқаларнинг азиятини кўтарадиган кишидир”.

Шунингдек, бу борада хотимаси мушк бўладиган салафларимизнинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратамиз:

Имом Тоҳир Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-бадъу ват-тарийх” асарида шундай дейди:

“Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Аллоҳ фаришталарни шаҳватсиз, ақл билан яратди. Ҳайвонларни ақлсиз, шаҳват билан яратди. Одамзотни эса шу иккиси билан яратди. Бас, кимнинг ақли шаҳватидан ғолиб келса, у малоикалардан яхшидир. Кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келса, у ҳайвондан ҳам ёмондир”.

Халқимизнинг “Ақл - инсоннинг кўрки”, “Ақл - сувдан тиниқ, ойнадан равшан” каби нақллари бежиз айтилмаган. Шунинг учун ҳам ақл инсон учун ғоят олий неъматлардан бири ҳисобланади. Инсон ақли туфайли яхшилик билан ёмонликни ажратади.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган туғма ақл ─ табиий ақлдир. Инсон табиатидаги ақлни ўткирлаш ва ўстириш фаолияти бу касбий ақл бўлиб, уни ишлатиш, тажриба ва илм олиш билан ҳосил бўлади. Ўз ақлини ривожлантириш учун ҳар бир киши ҳаётдан тажриба орттириши ва илму маърифат ўрганиши зарур.

РАҲМОНҚУЛ АЛИҚУЛОВ
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

. .