МУСТАҚИЛЛИК УЛУҒ НЕЪМАТИ
Muallif: . .
Sana: 19.05.2023
286

Мустақиллик, Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай асраб- авайланадиган бебаҳо неъматдир.

Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилганлиги Аллоҳ иноят этган ҳурлик неъматининг нишонасидир.

Юртимизнинг бошқа гўшалари қатори, бизнинг Бухоромизда ҳам диний-маърифий соҳада тубдан ўзгаришлар бўлганлигини эътироф этиб ўтмоқликни жоиз деб топдик. Алломалар бешиги, қадимдан илм маркази бўлиб келган заминимизда мадрасалар, масжидлар, муборак қадамжоларнинг обод этилиши ҳамда улар фаолиятининг такомиллаштирилиши, “Етти пир” уламолар номини бутун оламга тараннум этиш мақсадида уларнинг диний соҳага қўшган беқиёс илмий меросларини ўрганиш ва зиёрат туризмини ривожлантиришнинг замонавий лойиҳаларини татбиқ этилиши бунга ёрқин мисол бўла олади.

Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Заминимиз узра ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”. (Иброхим сураси 7-оят) – деб таъкидлаганидек, Ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, - деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари Она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган Она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.

Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратаётган оналарнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим-тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб, Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаёттан ҳар бир инсон ўзига «Ким эдигу ким бўлдик?» деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тилини, ўзлигини, ҳақлигини исбот этмоққа-да ожиз кўнгиллар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради. Ватан равнақи, тинчлиги, осойишталиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топишида ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарурлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда таъкидлаб, шундай дейди: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси 2-оят).

Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмати бўлмиш, истиқлол заминимизни ёмон кўзлардан, хавф-у хатарлардан, балою офатлардан Ўз паноҳида асрасин. Барчамизга бу буюк неъматнинг қадрини тўғри англамоқлик, шукронасини тўкис адо этмоқликка мушарраф айласин!

Жобир домла Элов
ЎМИ Бухоро вилоят вакили,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори

. .