УЛАМОЛАРНИНГ АҚШ САФАРИ БОШЛАНДИ
Muallif: . .
Sana: 21.04.2022
327

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, халқимиз учун эзгулик, мурувват ва меҳр-оқибат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш мақсадида шу йилнинг 20 апрелидан 2 майга қадар ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатибларнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиз ташаббуси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу ташриф доирасида имом-хатиблар юртдошларимиз истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган Американинг 6 та шаҳрида бўладилар. Хусусан, 20 апрель куни Вашингтон шаҳрига, 21 апрелда - Филаделфияга, 22 апрелда - Нью-Йорк, 23 апрель куни – Синсиннатига, 24 апрелда - Чикагога, 25 апрелда эса Орландога ташриф буюришади.

Ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг ватандошлар, миллий диаспоралар етакчилари билан учрашувлари ҳамда маҳаллий масжидларда ислом динининг қадриятлари, радикализмга қарши курашиш, АҚШда яшовчи ўзбек ёшлари ўртасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш ҳақида маърузалар билан чиқишлари кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон имом-хатибларининг АҚШ расмий, диний ва жамоат доиралари вакиллари иштирокидаги конфессиялараро ифторлик, шунингдек, юртдошларимиз ташаббуси билан қурилган масжидларнинг тантанали очилиш маросимларида иштирок этишлари ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик имом-хатибларнинг АҚШга ташрифи доирасида АҚШ Давлат департаменти, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясида алоҳида учрашув ва музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

Шунингдек, америкалик эксперт ва жамоатчилик доираларини Ўзбекистонда диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш учун амалга оширилган ишлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида АҚШ Тинчлик институти таҳлил марказида брифинг ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик имом-ҳатиблар AҚШнинг Шарқий қирғоғида жойлашган, Aмерика мусулмонларининг асосий ибодат маскани ва Виржиния штатидаги 5000 дан ортиқ оилаларга ҳизмат кўрсатувчи AДAМС марказига боришади ҳамда ушбу марказ билан ислом асослари ва араб тилини ўрганиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишади.

Ушбу кенг қамровли ташриф давомида икки давлат диний идоралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, академик алоқаларни кучайтириш, араб тилини ва ҳадис илмини ўқитиш борасида фикр алмашиш, америкалик зиёрат саёҳатчиларининг Ўзбекистонга сафарларини муҳокама қилиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

muslim.uz

. .