
Мавлоно Зулфиқор Соҳиб Нақшбандийнинг киши камолотида аёлнинг ўрни борасида фикрлари Абдуманнон Жаъфар томонидан таржима қилинган. Унда қуйидагилар келтирилган.
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ.
Наҳл сурасининг 97-оятида Аллоҳ таоло: «Эркагу аёл – ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз», деб марҳамат қилган.
Бир етук шахс ортида сизга аёлнинг меҳнати кўринади. Бу гоҳо хотин, гоҳо она, гоҳо сингил ва гоҳо қиз шаклида намоён бўлади. Унинг бир неча мисоллари кўз олдингизга келади.
1. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида Аллоҳ таолонинг маҳбуби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ғордаги шериклари», «сафардаги ҳамроҳлари» деб айтилади. Сиз ҳижрат сафарига эътибор берсангиз, унинг ортида ҳам аёл меҳнати қиз шаклида намоён бўлади.
Ҳадисларда келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уйларига ташриф буюриб, ёлғиз суҳбатлашишни истаётганларини билдирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби, аёлим ва икки қизимдан ўзга ҳеч ким йўқ», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам бўлиб: «Ҳижрат қилишга амр бўлди», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳо шу заҳоти ёпинчиқларини икки бўлакка бўлиб, бирини бошларига ташладилар. Иккинчиси билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нарсаларини тугдилар. Асмо розияллоҳу Расулуллоҳнинг нарсаларини бир тугунга боғлаб уларни кузатиб юбордилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз аёлларига: «Сиз овқат тайёрланг», дедилар. Катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳога: «Сиз ёш қизчасиз, сиздан одамлар шубҳаланмайдилар. Сиз бу овқатни бизга – Савр ғорига етказиб берасиз», дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо бу ишни маъқуллаб, энди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дадалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кузатиб тургандилар, боболари Абу Қуҳофа кириб келиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. Болалар: «Ҳозиргина чиқиб кетди», деб жавоб бердилар. Абу Қуҳофанинг диллари бир оз безовта бўлиб: «Барча молу дунёни ўзи билан олиб кетдими?» деб сўради. Асмо розияллоҳу анҳо уддабуронлик билан бир уюм тош устига мато ёпиб: «Бизга буни қолдириб кетдилар», деди. Абу Қуҳофа (кўзи ожиз бўлгани боис) мато устини қўл билан сийпалаб: «Абу Бакр ортидан кўп бойлик қолдириб кетибди», деди. «Бобом шу билан хотиржам бўлдилар. Лекин дадам ўзлари билан беш минг дирҳам олиб, бизга Аллоҳ билан Унинг Расулининг номини қолдирган эдилар. Уларни овқатларини етказиб турар эдим, – деб эслайди Асмо розияллоҳу анҳо,– иккинчи кун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига овқат олиб бордим. У Зот: «Бугун чеҳрангда зарба асорати бор бўлиши билан бир қаторда ғамгин кўринасан», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асмо нима бўлди?» деб сўрадилар. Асмо розияллоҳу анҳонинг кўзларидан ёш оқар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асмога юзланиб: «Нимага йиғлаяпсан?» дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо:«Кеча овқат бериб орқага қайтаётганимда, йўлда Абу Жаҳлни учратиб қолдим. У сочларимдан маҳкам тутиб, сочларимни тортиб: «Асмо, сен отангнинг қаердалигини, Пайғамбарингнинг қайдалигини биласан. Улар қаерда?» деди. Эй Аллоҳнинг маҳбуби мен унга: «Ҳа, биламан», деб тўғрисини айтдим. У: «Улар қаерда?» деб сўради. Мен: «Уларни ҳаргиз сенга айтмайман», деб жавоб бердим. У қаттиқ ураман деб, дўқ-пўписа қилди. Эй Аллоҳнинг маҳбуби мен: «Қўлингдан келганини қил. Мен сенга ҳеч нарса айтмайман», дедим. Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Жаҳл тўсатдан менга қаттиқ тарсаки туширди ва пастга йиқилдим. Пешонам катта тошга тегиб ёрилди. Кўзларимга ёш келиб, қаттиқ азият чекдим. Абу Жаҳл сочимдан тортиб тургизиб: «Асмо, қаттиқ ураман», деди. Мен: «Эй Абу Жаҳл, жонимни сенинг ихтиёрингга топшираман. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаргиз сенга топширмайман», дедим. Қаранг, ўзи ёш қизча бўлишига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шунчалар ихлос ва муҳаббат қўйганларидан: «Жонимни олсанг, ол. Барибир, уларнинг қаердалигини сенга айтмайман», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу машҳур сафарлари ортида бир аёлнинг меҳнати қиз шаклида кўзга ташланади.
2. Китобларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Имом Моликни ҳижрат ҳовлиси имоми қилди. Мадинаи Мунавварада муқим туриб, талабалардан ҳадис эшитар ва уларга ҳадис айтар эди. Унинг икки олима ва ҳофиза қизлари парда ортида ўтиришиб, дарсда иштирок этардилар. Дарс мобайнида ибораларни ўқишда бирор киши хатога йўл қўйса, парда ортидан икки таёқни бир-бирига уруштириб овоз чиқарар эдилар. Имом Молик бу орқали иборани ўқишда бирор камчиликка йўл қўйилганини билиб олар эдилар.
Яна бир бор етук шахслар ортида аёл меҳнати ётиши маълум бўлди. Унинг қизлари таълим бериш жараёнида ёрдамчига айланган эдилар. Субҳаналлоҳ, бу турдаги минглаб мисоллар Ислом тарихида бисёрдир. Шунинг учун ҳам ожиз банда «Етук шахслар ортида аёл меҳнати кўзга ташланади», деб таъкидлади. Бу аёл меҳнати гоҳо хотин, гоҳо она, гоҳо сингил ва гоҳо қиз шаклида намоён бўлади. Бу мисолдан ўтиб, яна шу умматнинг авлиёлари ҳаётини ўрганиб чиқсангиз, бундан кўп мисолларни учратасиз.
3. Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ илм олиш ниятида сафарга отланган вақтларида, оналари бир неча тилла тангани у кишининг кийимларига тикиб қўйиб, ўғлим ҳаргиз ёлғон сўзламанг деб, насиҳат қилдилар. Йўлда қароқчилар талон-тарож қилдилар. Улардан бири: «Сенда мол борми?» деб, сўради. Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳа, бор», деб тўғри жавоб берди. Бўлган воқеа сардорга етказилди. Сардор болани ҳузурига чақириб: «Нимага ёлғон гапирмадинг? Сен на молингни, на жонингни ўйламоқдасан» деди. «Онам сафар олдидан «тўғри сўзла» деб таъкидлаган эди. Мен онамга тўғри сўзлашга ваъда бердим. Мен берган сўзимни ҳимоя қиламан. Берган сўзимга вафо қилишда жоним ҳимояси парвойимга келмайди», деб жавоб берди бола. Қароқчиларга бу гап жуда таъсир қилди. Улар Аллоҳ таолога берган ваъдаларини эсладилар ва болани ҳолати билан ўзларини солиштириб, биз берган ваъдаларимизга нега содиқ турмас эканмиз деб, Аллоҳ таолога тавба қилдилар ва тузалиш йўлига ўтдилар. Шундан сўнг улар қўлидан ёмонлик ўрнига яхшилик кела бошлади. Вақти келиб бола Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳга айланди.
Тафаккур қилинг–а, бир етук шахсни камолотга етишишида аёл меҳнати қандай ҳам зарур–а?! Сизга бу ўринда аёл меҳнати она тимсолида намоён бўлмоқда.
4. Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ борасида Жунайд Бағдодий шундай фикрларни билдирганлар: «Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга фаришталар ичида улуғ обрў-эътибор берган бўлса, авлиёлар ичида бундай мартабага Боязид Бистомий сазовар бўлган».
Жунайд Бағдодий сўзида давом этиб, Боязид Бистомий ҳақидаги қуйидаги воқеани сўзлаб берди: «Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлигида етим қолиб, онаси қўлида тарбия топдилар. Мадраса ёшига етганларида оналари бир устоз қўлига олиб бориб топширдилар ва шундай дедилар: «Устоз, болани олдингизга олинг. Кўп уйга рухсат берманг. Зеро, уйга борса, фикри чалғиб, илмдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Бир куни бола қалбида онасини бориб кўриш истаги туғилиб, устоздан рухсат сўради. Устоз кўп дарс бериб, дарсни ёдлаб топшириб, кейин кетасан, деган шарт қўйди. Бола тезлик билан берилган топшириқни ёдлаб бериб, уйига борди ва дарвозани тақиллатди. Боязид Бистомийнинг оналари бу вақтда таҳорат қилаётган эдилар. Эшикнинг тақиллаши овозидан ўғли келганини тушунди. Дарвоза олдига бориб: «Ким?» деди. У: «Боязид Бистомийман» деб жавоб берди. Она: «Менинг ҳам Боязид Бистомий деган ўғлим бор эди. Уни Аллоҳ таоло йўлида мадрасага бердим. Эшигимни келиб тақиллатаётган қайси Боязид?» дедилар.
Боязид Бистомий онасининг бу сўзларидан қуйидагиларни тушунди:«Онам менга эшикни тақиллатиш ўрнига мадрасага бориб Аллоҳ таоло эшигини тақиллатгин. Аллоҳ билан боғланишни барча нарсадан устун деб билгин, демоқчилар» деб орқаларига қайтиб кетдилар ва олим бўлганларидан кейин мадрасадан чиқдилар. Натижада у зотни Аллоҳ таоло машҳур Боязид Бистомийга айлантирди. Бу етук шахс ортига назар солсангиз, аёл меҳнати она сиймосида сизга намоён бўлади.
5. Ханса розияллоҳу анҳони манбаларда тўртта ўғли бўлганлиги таъкидлаб кўрсатилади. Қачон овқатлангани ўтирсалар: «Болаларим, на тоғаларингни шарманда қилдим, на оталарингга хиёнат қилдим», деб кўп бор такрорлар эдилар. Бир куни болалар: «Она, нима учун бу сўзни бот-бот такрорлайверасиз?» дедилар. Она: «Мен қизлик чоғимда бирор номақбул иш қилиб тоғаларингни уятга қўймаганман. Турмушга чиққанимдан сўнг эса сизларни оталарингга бирор марта хиёнат қилмаганман. Мен шундай ғайрат ва ибо билан ҳаёт кечирган аёлман», деди. Болалар:«Она, сиз нимани хоҳлайсиз?» дедилар. Она: «Сизлар катта бола бўлиб қолдинглар. Энди Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлинглар. Мен жанг майдонига бориб кўраман. Қилич зарби кўксингларга теккан бўлса, сизлардан рози бўламан. Агар қилич зарби урушдан қочаётганингларда орқангларга тегса, сизларни ҳаргиз кечирмайман», деди. Болалар: «Она, нима учун шаҳид бўлинглар деб, бот-бот такрорлайсиз?» дедилар. Она: «Қиёмат бўлиб адолат қоим бўлганда, Аллоҳ таоло шаҳидларнинг оналари қаерда? деб, сўрайди. Менга ўша вақтда тўрт шаҳиднинг онасиман деб, Парвардигор олдида очиқ юз билан туриш насиб қилсин», дедилар. Ушбу тўрт шаҳид ортида аёл меҳнати она сиймосида кўзга ташланади.
6. Аллоҳ таоло машҳур «Тушлар таъбири» китобининг муаллифи Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳга улуғ мартабаларни ато қилган. Ҳар бир олим олдида бугун ҳам Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари мавжуддир. Унга қараб тушлар таъбири айтилиб келинади. Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳнинг барча қироатларни пухта ўзлаштирган Ҳафса исмли синглиси бўлиб, 32 йил уй масжидидан бесабаб ташқарига чиқмай аёл ва болаларга диний таълимдан сабоқ берди. Муҳаммад ибн Сирин Қуръон лафзларини талаффузида бирор қийинчиликга дуч келса, бир болани сингиллари Ҳафса олдига юборар эди. Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ болага Ҳафса бу лафзни қандай талаффуз қилса, шундай талаффуз қилгин деб, тайинлар эди. Баъзи тобеинлар ибодатда, илмда у аёлга тенг келадиган обид ва олимни кўрмаганмиз, дер эдилар. Баъзи китобларда Ибн Сириннинг синглиси Ҳафсани фазилатда Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳга тенглаштирилган. Баъзилар Саид ибн Мусайябдан Ҳафсани илму тақвода устун деб билишган.
Унинг хизматчисидан бекаси ҳақида: «У борасида нима дейсан?» деб сўрашган. У: «Қуръони Каримни яхши тиловат қилади. Ҳар доим ибодат билан мшғул. Ҳар ишни шариатга мувофиқ қилади. Лекин унинг менга маълум бўлмаган қандайдир гуноҳи юўлса керак, ҳар куни хуфтондан кейин намозга такбир айтиб, йиғлай бошлайди, то фажргача қоим ҳолда йиғи давом этади» деб жавов берган. Бечора чўри бекам катта-катта гуноҳлари сабабли кечаларини йиғлаб ўтказмоқда, деб тушунар экан. Сиз кечаларини қандай ўтказишни ва динга қандай хизмат қилиш кераклигини бу аёлдан ўрганинг. Зеро, ҳар бир етук шахс ортида аёл меҳнати гоҳо она, гоҳо хотин, гоҳо сингил ва гоҳо қиз сиймосида кўзга ташланади.
7. Қутбиддин Бахтиёр Кокий раҳматуллоҳи алайҳ ҳозирда Қутуб минор яқинида ётибдилар. У киши борасида ҳам машҳур воқеа бор. Қутбиддин Бахтиёр исмига уланган «Кокий» лафзи нон деган маънони англатади.
Воқеа шундай бўлган. Бола дунёга келиб вояга етгач икки ота-она ўзаро «Қандай қилиб уни яхши инсонга айлантириш мумкин?» деган мазмунда машварат қилдилар. Она бир тавсияга амал қилишни маъқул деб топиб, унга эртадан амал қилмоқчи бўлди. Эртаси куни бола мактабга кетганидан сўнг она бир неча нон пишириб шкаф ичига беркитиб қўйди. Бола мактабдан келиб шоша-пиша:«Она, қорним очди. Менга овқат беринг», деди. Она: «Болам, бизга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради. У раззоқдир. У ризқларни ўз эгасига етказувчидир. У ҳам Молик, ҳам Холиқдир» деди. Она Аллоҳ таолони болага таништириб: «Ўғлим, сизнинг ризқингизни ҳам Аллоҳ таоло беради. Шу боис ризқингизни Ундан сўрашингиз керак», деди.
Бола: «Она, мен қандай қилиб, ризқимни сўрайман?» деди. Она: «Жойнамозни солинг», деди. Бола жойнамозни солиб, унга аттаҳиётда ўтирадиган каби ўтирди ва кичик-кичик маъсум қўлларини кўтарди. Она: «Ўғлим, дуо қилинг», деди. Бола: «Аллоҳим, мактабдан қорним очиб келдим. Менга егулик бергин?, – деб сўраб, – она. энди нима қилай?» деди. Она: «Ўғлим, Аллоҳ таоло сизга юборган овқатни қидиринг», деди. Бола уйни у ер-бу ерини бироз қидириб, охири шкаф ичини очди ва у ердан ўз насибасини олиб еди. Шу пайт бола қалбида бир ҳис пайдо бўлди ва онасидан Аллоҳ ҳақида кун бўйи сўраб-суриштирди. Она: «Ўғлим, Аллоҳ таоло барча парранда ва ҳайвонларга ҳам ризқ беради. Унинг хазинаси қанчалар мўл экани ҳеч кимга маълум эмас. У ҳаргиз тугамайди», деб, болага Аллоҳ таоло ҳақида маълумот берди. Бола кундан-кун Аллоҳ таоло борасидаги маълумотларини кўпайтириш ҳаракатида бўлди. Она бола қалбида Аллоҳ таоло билан боғлиқлик бора-бора зиёдалашиб бораётганидан мамнун эди. Бола қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббати Унинг Раззоқ эканини билган кундан пайдо бўлган эди. Зеро, инсон фитратида эҳсон қилувчини суйишлик бор. Бола ҳар кун уйқудан олдин онасидан Аллоҳ таоло ҳақида гапириб беришини сўрар эди. Она боласида кундан-кун Аллоҳ таолога нисбатан куртак отаётган муҳаббатни кўриб хурсанд бўлар эди.
Она, одатдагидек, бола тарбиясида танлаган услубида бардавом бўлди. Кунлардан бир кун қариндош-уруғларини зиёрат қилиш мақсадида қариндошлариникига борди ва у ерда қайсидир сабабга кўра боласини мактабдан қайтиш маҳалини унутиб қўйди. Бир вақт боласи эсига тушиб, шоша-пиша ёпинчиғини бошига ташлаб, уйи томон катта-катта, тез-тез қадам қўя бошлади. Йўлда она Аллоҳ таолога илтижо қилиб: «Эй, Аллоҳим боламни Сенга яқин бўлиши мақсадида ушбу ишни қилган эдим. Бугун маълум сабабларга кўра бу ишни қила олмадим. Энди шунча қилган ишларимни зоя қилмагин. Боламга қилган тадбирим маълум бўлиб қолса, унинг қалбидаги Сенга нисбатан яқинлик ҳисси узулиши мумкин. Менинг қилган меҳнатимни зоя қилма», деб йиғлаб Аллоҳ таолодан йўл -бўйи сўраб борди. Уйига етиб келиб она боласига қаради, у тинч ухлаб ётган эди. Шошиб одатдагидек таом тайёрлаб яшириб қўйди ва бола олдига келиб оҳиста уйғотиб: «Ўғлим, қорнингиз жуда очгандир?» деб сўради. Бола: «Менинг қорним очмади», деди. Она: «Нимага?» деди. Бола: «Мадрасадан оч қорин билан келдим, одатдагидек, жойнамозни солдим ва унинг устида ўтириб, хокисорлик билан Аллоҳ таолодан ризқ беришини сўрадим ва онам уйда йўқлигини ҳам айтдим. Кейин уйларнинг бурчакларини қидира бошладим ва бир жойда нонга кўзим тушди. Уни олиб едим. Она бу нондақа ширин нонни олдин сира емаган эдим», деди. Аллоҳ таоло ушбу мурғак болани келажакда Қутбуддин Бахтиёр Кокийга айлантирди. Унинг қўлига 100 лаб инсонлар мурид тушдилар. Мана шу етук шахс ортида ҳам она меҳнати кўзга ташланади. Тарихда бундай мисоллар бисёр. Уларни эшитиб инсон ҳайрон бўлади.
Қуръонни сақлаб қолишда аёлларнинг меҳнати
Ҳаким ат-Термизий 70 та муҳаддис аёлдан сабоқ олганлиги манбаларда келтирилган. Улар ҳадис қоидаларига мувофиқ ҳадис ривоят қилганлар. Ҳар уй у даврда гулшан бўлган. Қизлар айни у даврда дин хизматига қаттиқ бел боғлаганлар. Ривоятлардан бирида келтирилишича, Қуръони каримни сақланишида шу умматнинг қизлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшганлар. У даврда Қуръони каримни босмахоналарда нашр қилиб, тарқатиш учун босмахоналар бўлмаган. Қизлар мана шу борада катта хизмат қилганлар. Қизлар диний таълимни тугатгандан кейин, никоҳгача бир оз вақт бўлса, уй юмушларидан фориғ бўлгандан кейин таҳорат билан жойнамоз устида ўтириб, Аллоҳ таоло каломи Қуръони каримни ҳусни хат ила ёзишга киришганлар. Ҳар куни оз-оз ёзиб маълум муддатда Уни тугатганлар. Қизларни ота-оналари ушбу улар томонидан ёзилган Қуръонни олиб, муқова қилиб берганлар. Ушбу Қуръон нусхаси қиз сепига қўшиб берилган. Қизлар ўзлари билан Қуръонни ушбу нусхасини олиб кетганлар. Бир томондан Қуръони каримни ёзма нусхасини улар қўлга киритган бўлсалар, бошқа томондан Қуръони каримнинг нусхалари кундан-кун кўпая борган ва уммат орасида ёйилган. Уммат эркаклари Қуръон ҳифзидан қанчалар хизмат қилган бўлсалар, аёллари ҳам шунчалар меҳнат қилганлар. Аёллар дин ташвишида сира эркаклардан ортда қолмаганлар.
Маълумотлар muslimaat.uz сайтидан олинди
Eng ko'p o'qilgan Yangiliklar
